НАТО: Россия Украинадаги қўшинини олиб чиқиб кетмаяпти
НАТО Россия армияси Украинада янги ҳужумларга тайёргарлик кўраётганини прогноз қилмоқда. Рус армиясининг Киев яқинидан олиб чиқилиши чекиниш эмас, балки қайта гуруҳлантиришдир. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бу ҳақда 31 март куни баёнот бергани тўғрисида Германиянинг Spiegel журнали хабар берди.
Столтенберг разведка маълумотларига таянган ҳолда, Россия қўшинлари янги позицияларга олиб чиқилаётганини айтди. Москва уларни Донбассга ҳужум қилиш учун қайта гуруҳлантиришга, қайта қуроллантиришга ва кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Сешанба куни Россия Киев ва Чернигов атрофидаги “ҳарбий фаолликни сусайтираётгани”ни билдирган эди. Айни пайтда Москва Мариуполга ҳаводан зарбалар беришни кучайтирди.
БМТ Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилувчи комиссия иш бошлаганини билдирди
БМТ Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилувчи комиссия иш бошлаганини билдирди.
Комиссия таркибига Норвегиядан Эрика Мёсе, Босния ва Герцоговинадан Ясминки Зумҳур, Колумбиядан Пабло де Гриффа киритилди.
Баёнотда билдирилишича: “Комиссия 2014 йилдан бошлаб Қримда, Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим туманларида, 2022 йилнинг 22 февралидан бошлаб Украинанинг бошқа ҳудудларида инсон ҳуқуқлари ҳамда халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилиши ҳолатларини тергов қилади”.
Комиссияга “инсон ҳуқуқлари бузилишига ва бу борадаги жиноятларга алоқадор бўлган жисмоний ёки юридик шахсларни аниқлаш” ҳам тавсия қилинган.
Вашингтон АҚШ фуқароларини Россия ва Украинани зудлик билан тарк этишга чақирди
АҚШ Давлат департаменти америкалик фуқароларни Россия ва Украинани кечикмасдан тарк этишга чақирди.
“Сўнгги ҳафталарда биз Россия куч ишлатар тузилмалари ходимлари бу мамлакатлардаги АҚШ фуқароларини топиб, қўлга олаётганлари тўғрисида хабарлар олдик”, деган Давлат департаменти вакили Нед Прайс.
Роскомнадзор Россия аксилуруш қўмитаси сайтини тўсиб қўйди
Роскомнадзор Россия аксилуруш қўмитаси сайти ҳамда “Кема” (“Ковчег”) эмигрантларга кўмак лойиҳаси саҳифасини Россия прокуратураси талабига кўра блокировка қилиб қўйган. Бу ҳақда “Ковчег” лойиҳаси Телеграм-канали маълумот тарқатди.
Блокировкага оид қарор 26 март куни қабул қилинган. Прокуратуранинг нима учун бу ресурсни тўсиб қўйишни сўрагани маълум эмас. Аввалроқ аксилуруш қўмитаси Ғарб мамлакатларига Украина устида парвозсиз ҳудуд жорий қилиш илтимоси билан мурожаат қилган эди.
Россия аксилуруш қўмитаси айни пайтда хорижда бўлган мухолифатчи ва жамоат арбоблари томонидан тузилган. Қўмита таъсисчилари орасида ЮКОС ширкатининг собиқ раҳбари Михаил Ходорковский, сиёсатчилар Дмитрий Гудков, Гарри Каспаров, Владимир Кара-Мурза, журналист Евгений Киселев, ёзувчи Виктор Шендерович ва бошқалар бор.
“Ковчег” лойиҳаси аксилуруш қўмитаси томонидан Украина уруши ортидан мамлакатни тарк этган россияликлар учун тузилган. Ереван ва Истанбулда лойиҳа кўнгиллилари эмигрантларга бепул турар-жой беради, бошқа мамлакатларда эса бепул маслаҳат тақдим этади.