Россиядаги “Левада-Центр” нодавлат ижтимоий тадқиқотлар маркази Владимир Путин ва иқтидордаги партия рейтингига доир янги сўров ўтказди. Сўров натижалари сўнгги ойда ҳокимиятни қўллаб-қувватловчилар сони жиддий ошганини кўрсатмоқда. Масалан, президент Путинни маъқулловчилар февралда 71 фоизни ташкил этган бўлса, март ойида 83 фоизга етган.
Бошқа сиёсатчилардан энг кўп мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамда сўнгги бир неча ойдан бери шифохонада даволанаётган Владимир Жириновскийга нисбатан ишонч ортган. Сўралганларнинг 69 фоизи мамлакатда ишлар яхши кетяпти, деб ҳисоблашини билдирган. Бу “Левада-Центр”нинг Россия Украинага ҳужум қилганидан сўнг ўтказган илк сўровидир.
“Левада-Центр”нинг тадқиқотлар бўлими раҳбари, социолог Алексей Левинсон “Настояшчее время” ёйинида сўров натижаларига изоҳ берди.
– Профессионал нуқтаи назардан шуни айтишим мумкинки, мамлакат раҳбарияти бошлаган акциялар ва уларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши – мана шу икки омил биргаликда тахминан Қрим қўшиб олинган пайтдаги каби россияликларнинг ҳокимият атрофида уюшишига олиб келди.
– Яъни, бу икки вазиятни қиёсласа бўлади?
– Ҳа, қиёслаш мумкин. Биринчидан, 2008 йили – Грузияни сулҳга мажбур этиш амалиёти ўтказилганида Путиннинг рейтинги 88 фоизга кўтарилган. Сўнгра, Қрим қўшиб олинганида у яна 88 фоизга чиқди. Ҳозир ҳам рейтинг айни нуқтага қараб интилмоқда. Бу оммавий идрокнинг ўхшаш ҳолатларидир.
Бу ерда муҳим жиҳат шуки, умумий хурсандчилик таъсирида россияликларнинг катта қисми одатдагидан фарқли равишда Путиндан бошқаларни ҳам қувватлай бошлади. Чунончи, Давлат Думаси фаолияти мақбул кўриляпти, ҳолбуки россияликлар унга одатда салбий баҳо беришади. Дума уни тўсатдан яхши кўриб қолишга лойиқ бирон каромат кўрсатгани йўқ. Лекин 2014 йилнинг мартида ҳам шунақа бўлган эди: ҳамма бахтиёр бўлгач, ҳатто Дума ҳам кўзларига яхши кўрина бошлади.
– Бу оммавий шодумонлик қанчага етади?
– Грузияда ҳарбий амалиёт ўтказилган йили хурсандчилик узоқ давом этмаган. Қрим қўшиб олинишидан пайдо бўлган экстаз уч йилча сақланган эди, балки сал кўпроқдир. Бунақа нарсалар тезликда йўқолмайди. Ҳозир ҳам, дейлик, Украинадаги “махсус амалиёт” Россия Қуролли кучлари ғалабаси билан тугади, деб россияликларни ишонтиришса, бахтиёрлик узоқ давом этади. Камида бир неча ой.
– Уруш вақтида бунақа сўровлар ўтказиш қанчалик тўғри? Ахир исталган “ноқулай” сўз учун қамоққа тушиш, номаълум кимсалардан калтак ейиш ҳеч гап эмас. Одамлар дилидагини тилига чиқариб жавоб беришга қўрқишмаяптими?
– Биз тахминан шу тўғрида ҳам саволлар бердик. Ростдан ҳам, аҳолининг муайян қисми “одамлар қўрқади”, деб жавоб беряпти. Парадоксни қарангки, одамлар қўрқамиз, дейишдан қўрқишмайди. Умуман олганда, сўровлар методи ишлайди.
Дарвоқе, сўровларда иштирок этиш тугул ҳатто социологлар билан гаплашишни ҳам хоҳламайдиган одамлар ҳам анчагина. Ҳатто гаплашишдан қўрқадиган одамлар бундан кўра жиддийроқ ҳаракатларга мутлақо журъат эта олишмайди. Шу маънода улар жамиятнинг энг пассив қатламидир.
Ўтган йиллар тажрибалари шуни кўрсатадики, сўровга жавоб берганларнинг натижаларини аҳолининг шу қисмига нисбатан ҳам тааллуқли деб ҳисоблаш мумкин. Бунда энг муҳим маълумот – махсус амалиёт муносабати билан россияликлар қандай туйғуларни ҳис этишганидир. Ва бу ерда иккита ҳолатга тўқнаш келамиз. Кўпчилик – 51 фоиз одам “Россиядан фахрланаман”, деб жавоб беради. Аммо тахминан шунча – 49 фоиз киши тушкунлик, эсанкираш, хавотир, қўрқув, ваҳима, шок ҳолатларини кечирганларини айтишмоқда. Яъни, бизга жавоб бермаганларни ушбу оғир эмоционал ҳолатларни янада кўпроқ ҳис этган одамлар деб ҳисоблаш мумкин.