Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2025, Тошкент вақти: 15:42

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Буюк Британия Россиялик 26 жисмоний ва юридик шахсга нисбатан санкция жорий этди

Санкция қўлланганлар рўйхатига Россия фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Александр Чуприян, Махсус амалиётлар кучлари қўмондони Валерий Флюстиков, Россия темир йўллари давлат ширкати бош директори Олег Белозёров, Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари Николай Богданский, собиқ мудофа вазири Анатолий Сердюков, Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков, “Национальная оборона” журнали бош муҳаррири Игорь Коротченко ҳамда тадбиркор Герман Ханнинг турмуш ўртоғи Анжелика Хан ва бошқалар киритилган.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Буюк Британия Россияга қарши бир неча туркум санкцияларни жорий этди. Жумладан, Владимир Путин, Сергей Лавров, миллиардер Роман Абрамович, “Роснефть” директорлар кенгаши раиси Игорь Сечин, “Газпром” директорлар кенгаши раиси Алексей Миллер, шунингдек Путиннинг ва ТИВ раҳбари Лавровнинг қизларига нисбатан чекловлар қўлланди.

Украина армияси Қрим кўпригига зарба бермоқчи

Украина армияси Қрим кўпригига зарба бериши мумкин. Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов маълум қилди.

“Шунақа имконият туғилса, биз бу ишни албатта қиламиз”, деди Данилов.

Даниловна кўра, Керчь кўприги Россия тарафидан ўқ-дори ва аскарларни ташишда асосий логистика йўли ўлароқ қўлланилмоқда.

Бунга жавобан Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев таҳдид қилди.

“Украинанинг мияси айниган сиёсатчиларидан бири Қрим кўпригига зарба бериш кераклиги ҳақида гапирибди. У жавоб нишони ўзи бўлишини тушунади, деб умид қиламан”, деб ёзди Медведев “Телеграм”даги каналида.

Разведка: Россия 9 майгача Украинада “жиддий ютуқ”қа эришмоқчи

Британия разведкасига кўра, Россия армияси 9 майга қадар “жиддий ютуқлар”га эришганини намойиш этишни истайди.

Британиялик таҳлилчилар, шунингдек, Россия армияси Краматорск шаҳрига кенг кўламда ҳужум қилаётганини, Донбассдаги амалиётга фаол жалб қилинган авиация Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофа кучларини яксон қилишга уринаётганини қайд этишмоқда.

Россия БМТнинг Пасхада ўт очишни тўхтатиш таклифини рад қилди

Россия БМТ бош котиби Антонио Гуттерришнинг гуманитар мақсадларда тўрт кунлик “Пасха сулҳи” эълон қилиш таклифини рад этди.

Россиянинг БМТдаги вакили ўринбосари Дмитрий Полянский Гуттерришнинг таклифини “Киев миллатчилари ва радикалларига нафас ростлаб олиш учун имкон яратишга интилиш” деб атади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG