Линклар

Шошилинч хабар
27 май 2022, Тошкент вақти: 05:43

Жонли Чеченистонда урушга жўнатиш учун эркаклар ўғирланаётгани айтилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 92-куни

Россия Давлат думаси ҳарбий хизмат ўташ учун илк шартномани тузишда ёш чекловини бекор қилишга оид қонунни қабул қилди

Украинанинг россиялик ҳарбийлар назорати остига ўтган Мариуполь шаҳрида “Донецк халқ республикаси” мулозимлари маҳаллий турғунларга Россия паспорти бера бошлагани айтилмоқда

БМТ вакиллари Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан буён бу мамлакатда қурбон бўлган тинч аҳоли вакиллари сони қарийб 4 мингга етгани қайд этишди, бироқ бу рақам, уларга кўра, қурбонларга оид манзарани тўлиқ акс эттирмайди

Украина президенти Владимир Зеленский бош вазир Денис Шмигалга Россия фуқаролари учун виза тартибини жорий қилиш масаласи устида ишлашни топширди

Россия “Биринчи канал”ининг собиқ муҳаррири Марина Овсянникова “Время” дастури эфиридаги урушга қарши акцияси учун Вацлав Ҳавел мукофотига лойиқ топилди

Украина қишлоқларини ўққа тутган Россиянинг икки ҳарбийси 12 йилга қамалиши мумкин

Украина прокуратураси суддан шартнома асосида Россия армиясида хизмат қилган икки ҳарбийнинг ҳар бирини 12 йилдан қамоқ жазосига ҳукм этишни талаб қилмоқда.

Полтава вилояти Котелев туман суди айни пайтда асирга олинган рус аскарлари Александр Бобикин ва Александр Ивановларнинг ишини кўриб чиқмоқда. Улар уруш қонунлари ва тартибларини бузган ҳолда Харьков вилоятидаги қишлоқлардан бирида тинч аҳоли яшайдиган уйларни бомбардимон қилганликда айбланмоқда.

The Guardian нашрининг ёзишича, 26 май куни ўтган суд мажлисида Александр Бобикин ва Александр Иванов Украина қишлоқларини Россиянинг Белгород вилоятидан туриб ўққа тутган артилерия қисмида хизмат қилганларини тасдиқлаган.

“Мен ўзимга билдирилган айбловларнинг барчасини тан оламан. Биз Украина ҳудудини Россиядан туриб ўққа тутганмиз”, -деди Бобикин.

У “Град” артилерия тизими ҳайдовчиси ва ўқловчиси бўлган. Иванов эса “Град” тизими наводчиги эканини тан олди ва ўз қилмишидан афсусда эканини айтган ҳолда, суддан озроқ жазо муддати берилишини илтимос қилди.

Судланувчиларнинг адвокати ўз ҳимоясидаги шахслар ҳарбий буйруқни ижро этганлари ва бунинг учун афсусда эканликларини тан олганларини пеш қилган ҳолда, суддан камроқ жазо муддати белгилашни сўранди.

Украина прокуратураси ҳозирда тинч аҳоли уйларини бомбардимон қилишга буйруқ берган Россия командирларининг шахси аниқланаётганини билдирди.

Терговнинг маълум қилишича, Бобикин ва Иванов Харьков вилоятидаги қишлоқларни икки марта ўққа тутган. Уларнинг ҳаракати оқибатида Казачья Лопань қишлоғидаги бир неча ҳовли ва Ветеринарное қишлоғидаги ветеринария лицейи вайрон бўлган.

Бобикин ва Ивановга суд ҳукми 31 май куни эълон қилинади.

Бу Россия ҳарбийларига нисбатан Украинада олиб борилган иккинчи суд жараёнидир. 23 май куни Киев суди Россия армиясининг 21 ёшли сержанти Вадим Шишимаринни Сумск вилоятида 62 ёшли тинч аҳоли вакилини отиб ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Судда Шишимарин ўзига билдирилган айбловни тўлиқ тан олган. Шишимарин Украинада уруш қонуни ва тартибини бузганликда айбланиб судланган илк рус аскари бўлди.

Чеченистонда Украина урушига жўнатиш учун эркакларни ўғирлашаётгани айтилмоқда

Мариуполдаги "Қодировчи" жангчилар.
Мариуполдаги "Қодировчи" жангчилар.

Чеченистондаги қатор ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ва блогерлар Чеченистондаги урушга “кўнгилли” сифатида жўнатилиш учун эркаклар ўғирланаётгани тўғрисидаги маълумотларни эълон қилдилар. Бу борада блогер ва ҳуқуқбонларга “ўғирланган” шахсларнинг ўзлари мурожаат қилишган. Гувоҳларга кўра, уларга “контракт” имзолаб урушга кетиш ёки номаълум муддат “махфий” қамоқда ётиш таклиф қилинган. Бу ҳақда Кавказ.Реалии хабар берди.

Хабарда билдирилишича, 1ADAT мухолифат ҳаракати Чеченистоннинг “турли туманларидан юзлаб киши [ўғирлангани]” ҳақида билдирди. Ҳаракат вакилининг билдиришича, “махфий” қамоқхонани кўрганлар бир қамоқда 100 киши, иккинчисида 30 киши сақланаётганини айтган.

"Вайфонд" ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг билдиришича, сўнгги кунларда уларга мажбурий тарзда урушга жўнатилаётган ўнлаб одам мурожаат қилган. “Кўнгилли” бўлиб урушга кетишга мажбур қилинаётганлар орасида ногиронлар ҳам бор. Бундан ташқари, “кўнгилли”лар сафига қўшилишга давлат хизматчилари ҳам ундалмоқда.

“Уларга ва оилаларига шартнома имзолаш талаби билан таҳдид қилишмоқда. Ҳолбуки, улар урушга боришдан қатъий бош тортишмоқда. Шартномада агар “кўнгилли” урушда ҳалок бўлса, ёки яраланса жуда кам миқдорда твон пули тўланиши қайд этилган”,- деб билдирди "Вайфонд" вакили Кавказ.Реалии мухбири билан суҳбатда.

АҚШ технологик компанияларни Россияни интернетдан узмасликка чақирди

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Вашингтонда бўлиб ўтган бирифингда Қўшма Штатлар ҳукумати технологик компанияларни Россияни интернетдан узмасликка чақиришини билдирди.

Прайснинг айтишича, Россия аҳолиси бугунги кунда объектив ва мустақил маълумотни интернет орқали олмоқда. Интернет узиб қўйилса, россияликлар мустақил ахборот манбаларидан маҳрум бўлиб қолади.

Шунингдек, брифингда АҚШ ҳукумати Россия Украина портлари қамалини тўхтатган тақдирда ҳам Москвага экспорт масаласида жорий этилган санкциялар бекор қилинмаслиги таъкидланди.

Прайснинг айтишича, АҚШ санкциялари Россиядан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва ўғит эспорт қилишни ўз ичига олмайди.

“АҚШ ҳукумати Россияга жорий қилинган санкцияларни бекор қилиш учун Москвага фақат бир шарт қўяди, бу ҳам бўлса Украинадаги урушни тўхтатишдир”, деб билдирди Прайс.

Британия Мудофаа вазирлиги: Россия ҳарбий десант кучлари Украинада оғир йўқотишларга учради

Россия ҳарбий десант кучларидан Украинадаги амалиётларда кенг қўлланилди, аммо бу амалиётлар муваффақиятсиз якунланди, дейилади Британия Мудофаа вазирлигининг разведка маълумотларига таяниб тарқатилган навбатдаги билдирувида.

Билдирилишича, ҳарбий десант кучларидан март ойида Гостомел аэропорти орқали Киевни босиб олиш урунишида, Изюм йўналишидаги жангларда, дарё кечиб Луганск вилоятидаги Северский Донец шаҳрига ўтиш амалиётида фойдаланилган. Северский Донец шаҳрига дарёни кечиб ўтишга уриниш пайтида Россия армияси катта йўқотишга учради (Украина бу амалиёт пайтида Россиянинг 400 аскари ўлдирилганини билдирган, бироқ мустақил манбалардан бу маълумотни тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас).

Россия ҳарбий доктринасида ҳарбий десант кучларидан мураккаб амалиётларда фойдаланиш назарда тутилади. 45 минг кишилик бу қўшин асосан профессионал ёлланма аскарлардан иборатдир. Британия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, мазкур кучдан Украинада нотўғри фойдаланлиган, яъни улар оғир қуролланган пиёда қўшинлар бажариши лозим бўлган амалиётларда қўлланилган, бунинг ортидан эса кўп йўқотишлар бўлган ва амалиётлар муваффақиятсиз якунланган.

Россия Мудофаа вазирлиги Британия тарқатган бу маълумотга муносабат билдирмади.

Давомини ўқинг

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG