Гайдай: Тинч аҳолини эвакуация қилиш тўхтади
Чоршанба куни Украина кучлари шарқий Донбас ҳудудида олдинга силжиб келаётган рус қўшинларига қарши курашни давом эттирди.
Украина ҳарбий самолётларини пастлаб учаётгани ҳамда Бакмутда артиллерия овозлари билан биргаликда тутун кўтарилганини ҳам кўришган.
Луганск вилояти губернатори Сергей Гайдай чоршанба куни Telegram’даги саҳифасига жойлаштирган хабарида украин қўшинларнинг бир қисми шаҳарда руслар билан жанг қилаётганини, бошқалари эса ортга чекинганини айтди.
"Тинч аҳолини эвакуация қилиш тўхтаган. Гуманитар ёрдам олиб келишнинг имкони йўқ", - деди Сергей Гайдай.
Унинг сўзларига кўра, Луганск вилоятидаги Россия қўллаб-қувватлаётган айирмачилар назортига ўтмаган ягона шаҳар – Лисичанск ҳозир “тўлиқ” Украина назорати остида.
Донбасс учун жанглар
Урушнинг дастлабки босқичида пойтахт Киевни қўлга кирита олмаган Россия Донбасснинг саноат ҳудудида ўз назоратини мустаҳкамлашга интилмоқда. Ҳудуднинг катта қисми аллақачон Москва дастаклайдиган айирмачилар назорати остида.
Рус армияси урушнинг олдинги босқичларидан фарқли ўлароқ катта ҳарбий кучини кичик ҳудудга ташлаган. Украинадаги уруш давомида рус ҳарбийлари асосан ингичка чизиқ бўйлаб жойлашиб артиллерия ва ҳаво ҳужумлари орқали шаҳарларни ўққа тутган.
Эртага Украинага босқин бошланганига 100 кун бўлади.
Северодонецк дарёси қирғоғидаги Северодонецк ва Лисичанск шаҳарларининг қўлга киритилиши Москвага Украинанинг стратегик аҳамиятга эга Луганск вилояти устидан самарали назорат қилиш имконини беради. Шунингдек, бу Кремлга уч ойдан ортиқ давом этган урушдан кейин қандайдир ғалаба ҳақида эълон қилишга ҳам замин яратади.
Украинани қуролсизлантириш ва фашистлардан тозалаш учун “махсус операция” деб аталган Москванинг босқини Европа хавфсизлик структурасига путур етказди. Киев ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари фашизм даъвоси беъмани босқинчилик уруши учун асоссиз баҳона эканлигини айтмоқда.
Афсонавий футболчи Пеле Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди
Бразилиялик афсонавий футболчи Пеле (Эдсон Арантис ди Насименту) Россия президенти Владимир Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди.
81 ёшли Пеле инстаграм саҳифасида эълон қилган Путинга очиқ хатида: “Давом этаётган зўравонликларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бу конфликт жуда дахшатли, асоссиздир ва азоб-уқубат, қўрқув ҳамда нафратдан бошқа ҳеч нарса бермайди. 2017 йилда мен охирги марта сиз билан қўл ушлашиб саломашган эдим. Бу зўравонликни тўхтатиш сизнинг ўша қўлингиздадир”,-деб ёзди.
Пеле 2017 йилда ФИФАнинг 2018 йилда Россияда ўтувчи жаҳон чемпионатига тайёргарлик юзасидан тадбирида иштирок этган эди.
Time журнали версияси бўйича, Пеле жаҳондаги энг нуфузли ва таъсир кўрсатиш салоҳиятига эга бўлган шахслар юзлигидан ўрин олган.
Луганскда қақшатқич жанглар давом этаётгани билдирилди
Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида вазият оғир, бу ерда кўча жанглари давом этмоқда, деб билдирди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергея Гайдай. Унга кўра, Украин ҳарбийлари шаҳарнинг бир нечта кварталидан рус аскарларини сиқиб чиқарган. Аввалроқ шаҳарнинг асосий қисми Россия қўшини назоратига ўтгани хабар қилинганди.
Гайдайнинг айтишича, Россия аскарлари Украина армиясининг Попасная, Камишеваха ва Белогоровка йўналишларидаги мудофаа чизиғини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда.
Лисичанск туманида ҳам вазият мураккаб бўлиб турибди. Маҳаллий касалхона бомбардимонлар оқибатида зарар кўрган.