Линклар

Шошилинч хабар
13 апрел 2026, Тошкент вақти: 21:01

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Британия разведкаси: Россия тез орада Луганск вилоятини босиб олади

Бироқ ишғолни давом эттириши учун унга катта ресурслар керак.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳам кунлик ҳисоботини урушнинг юз куни таҳлилига бағишлади.

Унда қайд этилишича, Россия энг бошида кўзлаган мақсадига эриша олмаган – Киев шаҳрини ва Украина давлати бошқарув марказларини босиб олишга муваффақ бўлмаган.

Украинларнинг қаттиқ қаршилиги ва Гостомель аэропортини ишғол этолмагани ҳисобига, дастлабки 24 соатда ҳужум қайтарилган.

Режалашдаги хатолар ҳамда тактик ижро сустлиги туфайли дастлабки режа чиппакка чиққач, Россия концепцияни ўзгартирган ва асосий кучларини Донбассга йўналтирган.

Ҳозирда Россия Донбассда тактик муваффақиятга эришмоқда. Россия қўшинлари суръат олди ва уни сақлаб турибди. Афтидан, ушбу йўналишда ташаббусни қўлдан бермоқчи эмас.

Британия разведкасига кўра, Россия Луганск вилоятининг 90 фоизини назорат қилмоқда ва, катта эҳтимол билан, яқин икки ҳафта ичида уни буткул ишғол қилади. Аммо бошқа фронтларда Россия қўшинлари манёвр қилиш ёки ҳужумга ўтиш учун имкониятга эга эмас – Донбассдан бошқа барча жабҳаларда улар мудофаага ўтишган.

Британия разведкасига кўра, дастлабки режа билан қиёслаганда, Россия стратегик мақсадларидан биронтасига эриша олмаган. Муваффақият қозониши учун Россияга инсоний ресурслар ва моддий ресурслар кўринишида улкан инвестиция ҳамда, албатта, кўпроқ вақт керак бўлади.

ISW: рус аскарлари маънавий аҳволи билан боғлиқ муаммолар мавжуд

Вашингтон Урушни ўрганиш институти (ISW) Украинадаги қуролли можарога доир кунлик таҳлилини эълон қилди.

Унда айтилишича, Россия ҳарбий раҳбарияти Северодонецк босиб олиниб, кейинги амалиётда Лисичанск ишғол этилганидан сўнг, Луганск вилояти озод этилгани ҳақида эълон қилиши мумкин.

Бироқ, таҳлилчиларга кўра, Севердонецкдаги талафотларидан сўнг Россия қўшинлари Донецк вилоятида каттароқ ҳудудни босиб олиши амри маҳол.

РФ қуролли кучларида сафарбарлик ўтказиш ва жангчиларнинг маънавий аҳволи билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Украина Бош штабига кўра, тан олинмаган “ДХР”нинг 1-армия корпуси Россиянинг 8-умумқўшин армияси қўмондонлигида Донецк вилоятининг босиб олинган ҳудудларида мажбури сафарбарлик ўтказмоқда.

Экспертлар фикрича, мажбурий сафарбарлик Россия армияси жанговар қудратини оширмайди, боз устига маънавий руҳни тушириб юборади ва бўлинмаларда тартиб-интизом ёмонлашувига олиб келади.

Урушнинг 100 кунига оид таҳлиллар

Украина шарқи - Донбас минтақасида жанглар давом этмоқда. Қурбонлар сони кун сайин ортмоқда.

3 июнга келиб Украинадаги урушда нобуд бўлган болалар сони – 261 нафар, ярадор болалар сони 463 нафарга етди. Вояга етмаганлар орасида энг кўп жабрланганлар Донецк ва Киевда.

Украина расмийлари Россия кучлари оғир артиллериялардан фойдаланиб, шарқий минтақадаги саноат шаҳри - Северодонецкнинг катта қисмини назорат қилаётганини айтмоқда.

Украина томони Ғарб ваъда қилган ҳарбий ёрдам кечикаётганидан хавотирда. Жумладан, Оқ уй жорий ҳафтада 700 миллион долларлик қурол-яроғ, илғор ракета тизимларини йўллашни ваъда қилди.

“Аллақачон кеч бўлди”, деди Украина шарқидаги Луганск вилояти губернатори Сергей Гайдай. У туғилиб ўсган Северодонецк шаҳри Россия армиясининг сўнгги кунлардаги ҳужумлари чоғида қисман вайрон бўлди. “Ғарбдаги ҳамкорларимиз бизга ёрдам бермоқда, аммо улар бераётган қурол-яроғ ва ўқ-дорилар миқдори ҳам етарли эмас”.

Баъзи ҳарбий таҳлилчилар ва расмийлар, Ғарб Украинага ёрдам бериш учун энг яхши имкониятни бой берди, демоқда.

"Менинг фикримча, Ғарб катта хатога йўл қўйди. Олти ҳафта олдин, руслар чекинаётган пайтда... америкаликлар Украинага ҲИМАРС артиллерия ракеталарини бериши керак эди", деди НАТО собиқ мулозими Жейми Шеа.

Урушнинг дастлабки ҳафталарида, таъминот каналлари узайиб, логистикада муаммолар бўлгани учун, рус армияси пойтахт Киев ва бошқа шимолий ҳудудлардан чекинди. Бироқ, сўнгги ҳафталарда руслар Украина шарқидаги Донбас минтақасида ҳужумни яна кучайтирди.

Мутахассиларга кўра, Россия ҳозир секинлик билан, кунига атиги 500-1000 метрдан, аммо мунтазам олдинга силжимоқда. Бундай тактика фронт чизиғидаги Украина қўшинларига, зарба устига зарба бериб, жиддий зарар келтирмоқда. Украина томонига кўра, кунига 100 аскар қурбон берилмоқда, 450-500 нафари яраланмоқда.

Россия бу урушга Украинадан кўра кўпроқ ресурс ташлади. Ҳарбий таҳлилчилар фикрича, Ғарб ёрдами билан натижага эришиш учун 2 нарса муҳим: тезлик ва миқдор.

"Биз АҚШдан 100 га яқин гаубица олдик. Уларнинг барчаси Украинада, аммо муаммо шундаки, ҳеч бўлмаганда кучлар мувозанатини тенглаштириш учун бизга бундай қуроллардан камида беш баравар кўпроқ керак”, дейди Defence Express вакили, Сергей Згурец.

Россия мудофааси: ёлланма аскарлар камайди

Россия Мудофаа вазирлигининг пайшанба куни даъво қилишича, Украинада жанг қилаётган хорижий ёлланма аскарларнинг сони деярли икки бараварга - 6600 нафардан 3500 нафарга камайган.

"Россия қуролли кучларига қарши жанговар операцияларда қатнашиш учун Украинага хорижий ёлланма аскарларнинг кириб келиши май ойининг бошидан деярли тўхтаганини маълум қиламиз. Биздаги маълумотларга кўра, Украинадаги хорижий ёлланма аскарларнинг умумий сони. ҳозирда 6600 дан 3500 тага деярли икки бараварга камайган. Шу билан бирга Донбассдаги Украина қуролли кучлари ва миллий гвардия жанговар бўлинмаларидаги ёлланма аскарларнинг сони ҳам сезиларли миқдорда камайди”, деди генерал-майор Игор Конашенков.

Россия мудофаа вазирлигига кўра, Луганск жанг майдонидаги вазият Украина армияси учун ҳамон оғирлигича қолмоқда.

Бироқ, Украина Миллий ахборот агентлиги, рус қўшинлари ҳали Северодонецкни тўлиқ назоратга олмаган, демоқда. Украина Бош штабининг бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олексий Громов пайшанба куни Россия армияси Донецк вилоятидаги Лиман, Северодонецк ва Бахмут шаҳарларига ҳужум уюштирганини маълум қилди.

24 февралда бошлаган уруш давомида томонлар бир-бирини инкор қилувчи маълумотларни бермоқда. Уруш шароитида бу маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG