Линклар

Шошилинч хабар
13 апрел 2026, Тошкент вақти: 10:33

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Запорожьеда "энг таҳдидли вазият"

Душанба куни Украина президенти Россия қўшинлари мамлакат жануби-шарқидаги Запорожьени қўлга киритиш ниятида экани, бу эса уларга Украина марказига яқинлашиш имконини бериши ҳақида огоҳлантирди.

Владимир Зеленский журналистларга “энг таҳдидли вазият” Запорожье вилоятида юзага келганини, Россия вилоятнинг бир қисмини аллақачон босиб олганини айтди.

1,6 миллион аҳолига эга Запороже вилояти Украина жануби-шарқидаги энг йирик саноат марказларидан биридир.

Шаҳарнинг ўзида 722 минг киши истиқомат қилади.

Зеленский шунингдек, Украина қўшинлари мамлакатнинг шарқий қисми Донбасда ҳамон жанг олиб бораётганини ҳам маълум қилди.

Луганск вилоятидаги Россия қўлига ўтмаган минтақадаги икки муҳим шаҳардан бири Северодонецкда Украина қаршилиги давом этмоқда, деди у.

“Улар кўпроқ, улар кучлироқ, аммо бу йўналишда курашиш учун барча имкониятларимиз бор”, — дея қўшимча қилди у.

Шимолий Харков вилоятида Украина армияси “ерларимизни босқичма-босқич рус босқинчиларидан тортиб оляпти”, деди президент.

“Азовстал”даги жангларда ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадлари Киевга етказилди

"Азовсталь" заводи, 2022 йилнинг 15 майи (архив сурати)
"Азовсталь" заводи, 2022 йилнинг 15 майи (архив сурати)

Мариуполь шаҳрида жойлашган “Азовсталь” заводи ҳудудидаги жангларда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадлари Украина пойтахти Киевга етказилган. Бу ҳақда Associated Press хабар қилди.

Ўтган ҳафтада Украина ва Россия жангларда ҳалок бўлган 160 нафар ҳарбий жасадини бир-бирига топширишган. Бу алмашув Запорожье вилоятида бўлиб ўтган. Киевда жасадлар идентификацияси учун ДНК таҳлили ўтказилади.

“Азов” полки матбуот котиби Анна Головко агентликка жасадлардан камида 52 таси “Азов” полки ҳарбийларига оидлигини айтган.

Россияда уруш бошидан бери VPNдан фойдаланувчилар сони 15 баравар ошди

Россияда блокировкани айланиб ўтиш учун VPN хизматларидан 24 миллион одам фойдалана бошлаган, дея хабар қилди Times газетаси. Жорий йилнинг февраль ойида VPNдан 1,6 миллион россиялик фойдаланарди, холос.

Айни пайтда, Mediascope қайдича, апрель ойида интернетдан ёши 12 дан юқори бўлган 97,5 миллион россиялик фойдаланган. Бу Россияда блокланган ресурсларга кириш муаммосидан халос бўлиш учун ҳар тўрт россияликнинг бири хусусий тармоқ ёки VPNдан фойдаланганини англатади.

Ҳозирда Россияда мингдан зиёд сайт блокланган. Улар орасида Facebook ва Instagram тармоқлари, йирик хорижий ОАВ ва Россиядаги мустақил нашрларнинг сайтлари бор. Бу сайтларга Россиядан кирувчилар сони камайган бўлса-да, тўхтагани йўқ. Дейлик, РБК маълумотига кўра, аввал Instagram тармоғига Россиядан кунига 39 миллион фойдаланувчи кирган бўлса, эндиликда бу рақам 34 миллионга тушган.

Россияда Agentura.ru сайти бош муҳаррири Андрей Солдатов қидирувга берилди

Андрей Солдатов
Андрей Солдатов

Россия Ички ишлар вазирлиги махсус хизматлар тадқиқотчиси, Россия махсус хизматлари тўғрисидаги Agentura.ru сайти бош муҳаррири Андрей Солдатовга нисбатан қидирув эълон қилди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи маълум қилди. Солдатовга кўра, унинг Россия банкларидаги барча ҳисобрақамлари ҳибс этилган.

Солдатов қайдича, унга қарши жиноят иши 2022 йилнинг 17 март куни очилган, суриштирув Россия Тергов қўмитасининг Тергов бош бошқармаси томонидан олиб борилаётгани тахмин қилинмоқда.

“Агора” ҳуқуқбонлик гуруҳи раҳбари Павел Чиков тахминича, Андрей Солдатовга қарши иш Россия армияси тўғрисидаги “фейк”лар тарқатиш (мамлакат Жиноят кодексининг 207.3-моддаси) бўйича очилган бўлиши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG