Россиялик ҳарбий прокурор: Украинадаги "махсус амалиёт"га муддатли ҳарбий хизмат ўтаётганлар йўлланган
Украинага муддатли ҳарбий хизмат ўтаётганлардан 600 нафари жўнатилган. Бу ҳақда Россия Федерация кенгаши мажлисида Ғарбий ҳарбий округ прокурори Артур Егиев маълум қилди. Унга кўра, бу фақат Ғарбий ҳарбий округ бўйича маълумотлар, холос.
Маърузачи Егиев ўтган вақт мобайнида прокуратура бу иш учун масъул бўлган 12 нафар зобит жавобгарликка тортилгани, “махсус амалиёт”га қонунга зид равишда йўлланган аскарларнинг ҳаммаси эса ортга қайтарилганини қайд этган.
Ҳарбий прокуратура вакили ҳарбийларнинг ҳаммаси ортга соғ-саломат қайтган-қайтмагани ҳамда зобитларга қандай жазо берилганига аниқлик киритган эмас.
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан бери президент Владимир Путин Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга фақат шартнома асосида хизмат қилаётганлар жалб этилгани ва у ёққа муддатли ҳарбий хизмат ўтаётганлар юборилмаётгани ҳақида бир неча бор баёнот берган.
Россияда ёзувчи Глуховский ва энергетика вазирининг собиқ ўринбосари Милов қидирувга берилди
Россия Ички ишлар вазирлиги ёзувчи Дмитрий Глуховский ҳамда мухолифатчи Алексей Навальнийнинг сафдоши бўлган Владимир Миловга нисбатан федерал қидирув эълон қилди. Милов аввалроқ Россия энергетика вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Хабарларга кўра, Милов ва Глуховский Россия ИИВнинг маълумотлар базасида зикр этилмаган ЖК моддалари бўйича қидирилмоқда. Кейинроқ Глуховский Instagram тармоғидаги пости билан Россия Қуролли кучларини “обрўсизлантирганлик”да айбланаётганини маълум қилган.
Дмитрий Глуховский ва Владимир Милов Россияни тарк этишган, уларнинг иккаласи ҳам урушга қарши чиқишган ва Украинани дастаклашларини билдиришган.
IBM корпорацияси Россиядаги фаолиятини бутунлай тўхтатди
АҚШнинг IBM корпорацияси Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши манзарасида Россиядаги фаолиятини бутунлай тўхтатганини эълон қилди.
IBM жаҳондаги энг йирик дастур таъминоти ишлаб чиқарувчиларидан, шунингдек, энг кўп IТ-хизматлар ва консалтинг хизматлари кўрсатадиган ширкатлардан бири бўлиб ҳисобланади.
Март ойида ширкат Россия бозоридаги фаолиятини вақтинча тўхтатгани ҳақида эълон қилиб, бу мамлакатда ўз маҳсулотларини сотмай қўйганини очиқлаган эди. Айни пайтда IBM Россиядаги ўз ходимларини дастаклашга ваъда берган.
Россияда Европа суди қарорларини бажармасликка оид қонун лойиҳаси қабул қилинди
Россия Давлат думаси 7 июнь куни бирданига иккинчи ва учинчи ўқишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг (ИҲЕС) 2022 йил 16 мартидан кейинги қарорларини бажармасликка оид қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси сайтида маълум қилинган.
Давлат думаси спикери Вячеслав Володин фикрича, ИҲЕС “Россияга қарши сиёсий курашда ғарблик сиёсатчилар воситага айланган”.