АҚШ янги роботлаштирилган қуроли тақдим этилди
8 июнь, чоршанба куни Германияда бўлган машғулотлар чоғида АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган ҳарбий машиналари тақдим этилди.
Ҳоҳенфелсдаги намойишда қурол ва дрон билан жиҳозланган "Роботлаштирилган жанговар автомобил", шунингдек, автоном бошқариладиган юк машиналаридан иборат ҳарбий автомашиналар карвони намойиш қилинди.
АҚШ армияси расмийлари, роботлаштирилган транспорт воситаларидан разведкада фойдаланиш мумкин демоқда.
"Разведка взводининг сержанти сифатида, мен олти кишидан иборат разведка гуруҳини бошқарганман. Агар биз бир неча километр масофада эҳтимолий ёки шубҳали душманни пайқагудек бўлсак, тўртта одамни қурбон қилиш ёки олтита одамимни йўқотиш ўрнига, мен машинани олдинга юбориб, текшириб кўришим ва бошқа танкларни дарров таниб олишим мумкин. Қандай таҳдид бўлишидан қатъи назар, биз УАСни (учувчисиз ҳаво тизими) ишга тушира олишимиз мумкин. Аскарларни жангга жўнатишдан олдин вазиятдан хабардорликни оширишимиз мумкин”, деди АҚШ ҳарбийси Жошуа де Пальма.
Учувчисиз машиналар АҚШ, Европа ва Африка ҳарбийларининг биргаликдаги "Combined Resolve XVII" номли ҳарбий машқлар пайтида тақдим қилинди.
АҚШ армияси вакилига кўра, бу тадбир халқаро иттифоқчилар билан биргаликда қўшинларнинг ҳозирги қурбини баҳолаш ва саҳналаштирилган жанг майдонидаги тайёргарлигини ошириш учун ташкил қилинган.
Россия денгиз кучлари ҳарбий мағулотини ўтказмоқда
9 июнь куни Россия Мудофаа вазирлиги, ҳарбий-денгиз кемаларининг Калининград вилояти яқинида - Болтиқ денгизида режали оператив машқларни бажараётганини билдирди.
Вазирликка кўра, Болтиқ флотининг ҳарбий-денгиз-тактик гуруҳлари бу машғулотда қатнашиш учун ўз базаларини тарк этиб, “белгиланган ҳудудлар”га жойлашган.
Машғулотларга корветлар, патруль катерлари, ракета катерлари, фрегатлар, мина тозалайдиган кемалар, шунингдек, десант кемалари ва тезюрар катерлар жалб этилган, деб маълум қилди вазирлик.
Россия ҳарбий-денгиз кучларининг бу машғулоти, НАТОнинг ўн тўрт давлати, 5-17 июнь кунлари, Болтиқбўйи минтақасида BALTOPS 22 ҳарбий-денгиз машқларини ўтказаётган пайтга тўғри келмоқда.
НАТО баёнотига кўра, машғулотларда НАТОнинг ўн тўрт иттифоқчисидан ташқари Шимолий алянсга қўшилиш кутилаётган Швеция ва Финляндия ҳам иштирок этмоқда.
Зеленский: Украина кучлари Россия кучларига Северодонецкда жиддий талафот етказмоқда
Украина президенти Владимир Зеленский украиналик ҳарбийлар Северодонецкда Россия кучларига жиддий талафот етказаётганини билдирди.
Зеленский ўзининг галдаги мурожаатида Северодонецкни “Донбассдаги курашнинг эпимаркази” деб атаган.
“Мавқеларимизни ҳимоя қилиб, душманга сезиларли талафотлар етказяпмиз. Бу шиддатли, оғир жанг бўлиб, у мазкур урушдаги энг қийин жанглардан биридир”, деган Украина президенти.
Сбербанк Хитой юанида пул ўтказишни тўхтатди
Россия “Сбербанк”и юандаги халқаро транзакцияларни тўхтатди. Бунга, Frank Media нашри хабарига кўра, Хитой банкининг Сбербанкка хизмат кўрсатишдан бош тортгани сабаб бўлган.
Қайд этилишича, мижозлар 7 июндан эътиборан юанда пул ўтказолмаяптилар.
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин Сбербанк АҚШ ва Британиянинг санкцияси остига тушган, июнь ойи бошида эса Европа Иттифоқи уни SWIFT халқаро тизимидан узиб қўйган.
Сбербанк билан ҳамкорлик қилгани учун бошқа ташкилотлар ҳам иккиламчи санкциялар остига тушишлари мумкин.