Линклар

Шошилинч хабар
12 апрел 2026, Тошкент вақти: 19:54

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Украина ва Россия асирлар билан алмашди

Ўн биринчи марта асир алмашинуви натижасида Украинанинг Николаев вилояти Шевченко жамияти раҳбари Олег Пилипенко асирликдан озод қилинди.

Бу ҳақда вилоят ҳарбий-давлат маъмурияти раҳбари Виталий Ким маълум қилди.

Пилипенко март ойи бошида маҳаллий аҳолига нон етказиб бериш учун борганида ўғирлаб кетилган. У ўшандан бери Россия кучлари қўлида асирликда қолаётган эди.

Жаноб Ким асирлар билан алмашиш натижасида қанча одам уйига қайтганига аниқлик киритмади.

СБУ Макаров шаҳри яқинидаги уйдан СССР паспортлари бланкларини топган

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Киев вилояти, Буча тумани, Макаров шаҳри яқинидаги ташландиқ уйдан ичида 1975 йилда берилган СССР паспортлари бланкаларини топган.

СБУ маълумотларига кўра, рус қўшинлари "биринчи марта Россия Федерациясидан ҳужжатлар чиқарилгунга қадар" маҳаллий аҳолининг Украина паспортларини СССР паспортларига алмаштиришни ва кейин "маҳаллий республикани эълон қилиш учун сохта референдум" ташкил қилишни режалаштирган.

"Эътиборлиси, бу бланкалар Украина типидаги - Украина ССР номидан бўлган. Яъни, улардаги барча ёзувлар нафақат рус тилида, балки украин тилида ҳам қилинган. Бундан ташқари, бундай сериядаги паспортлар Украинада 1990 йилдан бери босилмаган", деб ёзади СБУ.

Россия Мудофаа вазирлиги бу баёнотга изоҳ бермади.

Россия суди Невзоровнинг Фин кўрфази соҳилидаги ерини ҳибс қилди

Москванинг Басманний тумани суди эса “фейклар”га доир жиноят иши доирасида журналист Александр Невзоровнинг Фин кўрфази соҳилидаги ерини ҳибс қилди, дея хабар берди ТАСС агентлиги.

Невзоровга нисбатан Россия армияси ҳақида “фейк” тарқатиш билан боғлиқ жиноят иши март ойи охирларида очилган.

Тергов у 9 март куни ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари орқали Россия армияси Мариуполдаги туғруқхонани қасддан ўққа тутгани ҳақида ёлғон маълумотни тарқатганини иддао қилмоқда.

ИИВ Невзоровни қидирувга берган, журналистнинг ўзи эса ҳозир чет элда яшамоқда.

Amnesty International: Донецкда чиқарилган ўлим ҳукми – халқаро ҳуқуққа хилоф

Ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган “Донецк халқ республикаси” (ДХР) олий суди Украина қўшинлари сафида жанг қилган ва айирмачиларга асир тушган уч нафар хорижликни ўлим жазосига ҳукм қилди.

Россия давлат ОАВ хабарига кўра, булар британиялик Эйден Аслин ва Шон Пиннер ҳамда марокашлик Брагим Саадундир.

Уларга урушга ёлланганлик ҳамда ДХРда “ҳокимиятни эгаллаб олишга қаратилган ҳаракатларни содир этганлик” айблови қўйилган.

Amnesty International директорининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Денис Кривошеевга кўра, бу шахслар судга тортилмаслиги лозим:

“Улар учови ҳам Украина мунтазам қўшинларининг ҳарбий хизматчилари бўлиб, Женева конвенциясига мувофиқ, ҳарбий асирлар бўлгани сабабли, жангларда иштирок этгани учун судга тортилмаслиги лозим. Ягона истисно – муҳтамал ҳарбий жиноятлар учун суд қилиш, аммо бу ҳолатда зарур далиллар тақдим этилиши ва одил суд муҳокамаси стандартлари таъминланмоғи шарт. Бироқ айни ҳолатда уларни мустақил, холис ва қонуний суд эмас, балки Россиянинг ишончли вакиллари суд қилган”.

“Интерфакс” агентлиги қайдича, судланганларга апелляция тартибида шикоят аризаси ёзиш учун бир ой муҳлат берилган.

Уруш бошидан бери Украина Қуролли кучлари сафига минглаб хорижлик фуқаро қўшилган. Украина президенти Владимир Зеленский буйруғига кўра бу каби кўнгиллилар учун махсус “Украина ҳимояси учун халқаро легион” (у “Хорижий легион” деб ҳам аталади) тузилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG