Путин Европа суди қарорларини ижро этмайди
Россия президенти Владимир Путин Давлат Думаси томонидан илгари қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг 2022-йил 15 мартдан кейин чиқарилган қарорларини ижро этмаслик тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади. Ҳужжат давлат расмий порталида эълон қилинди.
Россия Европа судининг 15 мартгача чиқарилган қарорлари бўйича Россия ҳисоб рақамларига фақат рублда тўлайди.
Қонун лойиҳаси шу ҳафта маъқулланди. Рус депутатлари бу қарорни шу йилнинг март ойида Украинага бостириб кириши туфайли Россиянинг Европа Кенгашидан чиқарилиши билан изоҳлади. Россия бу ташкилотдан расман чиқишини эълон қилди.
Россия Европа Кенгашига 1996 йилда қўшилган. Феврал ойи охирида ташкилот Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли аъзолигини вақтинчалик тўхтатди. Шундан сўнг Россия ТИВ мамлакат Кенгаш ишида иштирок этмаслигини маълум қилди ва 16 март куни Кенгашдан чиқариб юборилган эди.
Россия ташкилотдан чиқариб юборилган тарихда биринчи давлат бўлди.
"Бизни бомбалашди. Лекин биз барибир дам оляпмиз!"
Бомбардимон пайтида ёниб кетган шашликхона эгаси мижозларига хизмат кўрсатмоқда.
Айни пайтда, мингдан зиёд йирик вам майда корхона ва компаниялар Украина Ғарбига кўчиб ўтди ва кўчмоқда. Бизнеснинг кўчирилиши “Укрзализныця"(Украина темир йўллари) и "Укрпошта" томонидан бепул амалга оширилмоқда.
Зеленский “Жасорат учун” Борис Немцов мукофотига сазовор бўлди
2022 йилги Борис Немцов мукофоти Украина президенти Владимир Зеленскийга топширилди. Бу ҳақда якшанба куни Борис Немцов номидаги “Озодлик учун” жамғармаси маълум қилди.
Хабарда айтилишича, бу йил жамғарма мукофотга фақат Украина вакилларини кўрсатишга қарор қилди. Улар орасида Киев мери Виталий Кличко, “Океан Элзи” гуруҳи раҳбари Святослав Вакарчук, жанговар тиббий кўнгиллилар бўлинмаси асосчиси Юлия Паевская (Тайра), Украина президенти девони маслаҳатчиси Олексий Арестович ва бошқалар бор эди. Жамғарма муассислари ва кенгашининг рейтинг овоз бериш натижаларига кўра, Украина президенти ғолиб деб топилди.
- Немцов жамғармаси Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузини қоралайди. Борис Немцовнинг ўзи ҳамиша Украина билан урушга қарши бўлиб келган. 2014 йилда у Москвада бу урушга қарши кўплаб митинглар тўплаган. У Путин Украина билан уруш очаётганини тушунган, чунки Путин Украина Европанинг бир қисмига айланишидан қўрққан. Украинага тезроқ ғалаба қозонишини тилайман ва буни ватанпарварлик позицияси деб биламан, чунки Украинанинг ғалабаси авторитар Путин режимининг мағлубияти, бу инсонпарварлик қадриятларининг ғалабасидир, деди жамғарма таъсисчиси Жанна Немцова.
Польшалик депутат Украинага ядро каллакларини беришни таклиф қилди
Польша собиқ ташқи ишлар вазири ва Европарламент депутати Радослав Сикорскийнинг фикрича, Ғарб Украинага ядро каллакларини беришга ҳақли, чунки Владимир Путин Будапешт Меморандумини бузган.
Бу ҳақда у Эспрессо ТВ телеканалига берган шарҳида айтиб ўтди.
У Украина ҳудудий яхлитлик ва суверенитет кафолатлари эвазига 1994 йилда Будапешт меморандуми доирасида ядровий салоҳиятидан воз кечганини эслатди. Сикорский ўшанда Киев ядровий заҳиралар бутлигини кафолатлай олмагани ва уни оператив назорат қилиш имкониятига эга бўлмаганини, Россия эса ҳозирда ҳужжатни тан олмаётганини билдирди.
- Шунга қарамай, Россия Будапешт меморандумини бузди. Шунинг учун мен Ғарб Украина ўз мустақиллигини ҳимоя қилиши учун унга ядро каллакларини беришга ҳақли эканлигизга ишонаман, деди Сикорский.