Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2025, Тошкент вақти: 19:53

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

БМТ: Украинадаги урушда камида 4300 дан зиёд тинч аҳоли вакили нобуд бўлди

Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирганидан буён бу мамлакатда камида 4 минг 302 нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлди, йўқ деганда 5 минг 217 киши тан жароҳати олди. Қурбонларнинг 272 нафари ёш болалардир. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг янги ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботга мувофиқ, Донецк ва Луганск вилоятларида 2 минг 493 киши қурбон бўлган, 2 минг 979 киши яраланган. Бу қурбонлардан 2 минг 339 нафари бу икки вилоятнинг Киев назорати остидаги ҳудудларида нобуд бўлишган.

Ўлимлар ва жароҳатларга аксар ҳолларда оғир артиллерия ўқлари ва ракеталар сабаб бўлгани урғуланган.

БМТ бошқармаси жанггоҳлардан хабарлар кечиб келаётганини эътиборга олган ҳолда тинч аҳоли орасидаги қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан анча юқори бўлиши мумкинлигини эслатган.

Мариуполда вабо хавфи

10 июнь куни Буюк Британия мудофаа вазирлиги Twitter саҳифасида эълон қилган баёнотда айтилишича, Херсонда ҳам дори-дармон жуда танқис. Россия босиб олган ҳудудларда аҳоли тиббий, озиқ-оқват ва коммунал хизматлардан узилиб қолмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Мариуполда вабо эҳтимолидан ўтган ойдаёқ огоҳлантирган.

Бу шаҳар ҳозир Россия кучлари назорати остида. Куни кеча Украина расмийлари, рус қўшинлари шаҳарни вайроналардан тозаларкан, уларнинг остида қолиб кетган жасадларни қидирмаётир, балки вайрона қолдиқларига қўшиб ахлатхоналарга ташияпти, дея норозилик билдирган.

Бу шаҳардаги аҳолининг бир қисми Польша ва Украинанинг ҳужумлардан ҳоли ҳудудларига қочган. Яна бир қисми мажбуран Россияга эвакуация қилинган.

Айни пайтда, шаҳарда қолган аҳоли ҳам бор. Турли манбаларда шаҳарда 150 мингдан - 200 мингга қадар аҳоли қолгани айтилмоқда.

Аммо уларнинг сони борасида Озодликда аниқ маълумот йўқ.

Донбасс минтақасида жанглар тобора кескинлашиб бормоқда

Украина Қуролли кучлари Бош штаби, Россия қўшинлари Бахмут шаҳри томон илгарилаётгани, шаҳарнинг жануби-шарқидаги 2 қишлоққа ҳужум қилаётганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Северодонецкда ҳам қаттиқ жанглар бўлаётгани, Россия қўшинлари Бахмут-Лисичанск йўлига чиқишга уринаётгани хабар қилинмоқда.

10 июнга ўтар кечаси украин телеграм-каналлари, Харьковда камида учта портлаш содир бўлиб, ортидан ёнғин чиққани ҳақида хабар қилди. Шаҳарда ҳаво тревогаси эълон қилинган. Шунингдек, Днепрда ҳам портлашлар юз бергани айтилмоқда.

Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, Россия қўшинлари Славянск шаҳридан шимол томондаги ҳудудларда кичик ютуқларга эришган.

Бироқ ҳарбий экспертлар фикрича, эндиликда улар Северский Донец дарёсидан ўтиш билан боғлиқ тактик муаммоларга дуч келиши мумкин.

Институт тарқатган маълумотномага кўра, Россия армияси Северодонецкнинг барча турар-жой даҳаларини назорат қилиб турибди. Ҳозирда оғир артиллерия зарбалари панасида украин қўшинлари жойлашган “Азот” саноат зонасига ҳужум уюштирмоқда.

Украина томони ўз авиацияси эса, Россия қўшинларининг Херсон вилоятидаги беш аҳоли масканларида жойлашган таянч пунктлари, техника ва шахсий таркиб жамлоқлари ҳамда дала омборларига муваффақиятли зарба берганини айтмоқда.

Зеленский: “Запорожьеда босқинчилар режалари барбод бўляпти”

Украина президенти Владимир Зеленский, Запорожье вилоятида украин қўшинлари рус қўшинлари ҳужумини қайтариб, талафот етказиб илгарилаётганини айтди.

Зеленский пайшанба оқшомидаги видеомурожаатида, Украина қўшинлари Киев шарқидаги Харков вилоятида ҳам секин-аста олдинга силжияпти, деди:

“Бир кун ичида жанг майдонидаги вазият сезиларли даражада ўзгаргани йўқ. Северодонетск, Лисичанск ва Донбаснинг бошқа шаҳарлари ҳозирда босқинчиларнинг асосий нишонилигича қолмоқда. Запорожье вилоятида босқинчиларнинг режалари барбод бўлаётгани ҳақида яхши янгиликлар олдик. Харков вилоятида аста-секин олға силжиб, ўз еримизни озод қиляпмиз. Ҳозир Николаев ҳудудида мудофаани ушлаб турибмиз”.

Украина Мудофаа вазирлиги, пайшанба куни украин кучлари Херсон ҳудудида ҳам қарши ҳужумни кучайтириб, айрим ҳудудларни қўлга киритганини маълум қилди.

Россия қўшинлари, Херсон ва Запорожье вилоятларида босиб олинган ҳудудларда назоратни ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.

Бу икки вилоятда, Кремль қўллаб турган маҳаллий расмийлар Россияга қўшилиш учун референдумга ҳозирлик кўра бошлаганини маълум қилишган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG