Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2025, Тошкент вақти: 08:01

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Европа пойтахтларида Россия кунига бағишланган норозилик акциялари бўлиб ўтди

Россия куни муносабати билан Россиянинг Киевдаги собиқ элчихонаси биноси олдида ўтказилган акциядан лавҳа, 2022 йил 12 июни
Россия куни муносабати билан Россиянинг Киевдаги собиқ элчихонаси биноси олдида ўтказилган акциядан лавҳа, 2022 йил 12 июни

Европанинг бир неча мамлакати пойтахтларида 12 июнь куни асосан россиялик эмигрантлар томонидан Россия куни муносабати билан ташкил этилган урушга қарши акциялар бўлиб ўтди. Лондон, Варшава, Берлин, Хельсинки, Париж, Прага, Вена, Тбилиси ва Ереванда бўлиб ўтган акцияларда 100 нафардан 500 нафаргача одам қатнашган.

Британия пойтахтида бўлиб ўтган кўча юришида россиялик эмигрантлардан ташқари украиналик қочқинлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам иштирок этишган. Веллингтон дарвозасидан Россия элчихонаси биносигача юриш қилган бу одамлар йўл-йўлакай “Россияга озодлик, Украинага тинчлик”, “Путин ва Лукашенко – террористлар”, “Россияликлар тинчлик истайди” ва Путин – қотил” дея қичқириб боришган.

Варшавада Украина элчихонасидан Россия элчихонасигача юриш қилган намойишчилар эса ўз акцияларини “Путинизмсиз Россия куни” деб аташган.

Россия босқинига қарши яна бир акция якшанба куни Киевда ҳам бўлиб ўтган. Фаоллар Россиянинг собиқ элчихонаси деворига “Россиянинг Сўнгги Куни” деган ёзувни осиб, унинг атрофига қабр хочларини ўрнатиб қўйишган.

Северодонецкда яна бир британиялик ҳалок бўлди

Украинанинг Северодонецк шаҳрида британиялик собиқ ҳарбий Жордан Гэтли ҳалок бўлган. Бу ҳақда унинг отаси Дин Гэтли Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

“У ўз ишини жуда яхши кўрарди ва биз у билан фахрланамиз. У ҳақиқатан қаҳрамон эди ва қалбларимизда абадий қолади”, деб ёзган у.

Гэтли Украинада ҳалок бўлган британияликларнинг иккинчиси бўлди. 28 апрель куни Скотт Сибли ҳалок бўлганди. Ундан бир ҳафта муқаддам британиялик Шон Пиннер ва Эйден Эслин асирга олинган, 9 июнь куни “ДХР”даги суд уларни ўлим жазосига ҳукм қилган.

Киев Пиннер ва Эслинни Россия президенти Путинга яқин кўрилган украиналик сиёсатчи Виктор Медведчукка алмаштиришни таклиф қилмоқда.

Россия Донбассда қурол-яроғ омборларини портлатди

Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков, 13 июнь куни бу минтақада АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинага қуролли кучларига юборган, қурол-яроғ ва ҳарбий техника омбори рус қўшинлари томонидан портлатилгани ҳақида баёнот берди.

"Донецк халқ республикаси ҳудудидаги Удачний темир йўл станциясида жойлашган - АҚШ ва Европа давлатлари томонидан Украина миллатчиларига етказилган катта қурол-яроғ омбори нишонни ҳаводан аниқ урадиган ракеталар билан вайрон қилинди. Бундан ташқари, Луганск республикасидаги Федоровка минтақасида чет эллик ёлланма аскарлар тақсимот пункти, Харков областидаги Прогресс аҳоли пункти, Луганскдаги Волчиаровка минтақаларида ракета отувчи тузилмалар билан қуролланган иккита батарея йўқ қилинди”деди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков.

Россия Мудофаа вазирлиги, якшанба куни ҳам Украинанинг ғарбий Тернопил вилоятида айнан Ғарб давлатлари юборган қуроллар омбори қанотли ракеталар билан нишонга олингани ҳақида баёнот берган.

Россия кучлари, шунингдек, Украина шарқидаги Донецк ва Харков яқинида, Украинанинг иккита СУ-25 қирувчи самолётини уриб туширганини ҳам айтмоқда.

Конашенковга кўра, жами 201 та Украина самолёти ва 130 та вертолёт, 1188 та учувчисиз учиш аппарати, 338 та зенит-ракета тизими, 3514 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техникалар, 508 та ракета тизими, 1870 та дала артиллерияси ва миномётлар, шунингдек, махсус бўлинмалар операция давомида йўқ қилинган.

Озодлик уруш шароитида Россия томони берган бу маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас. Аммо Украина қуролли кучлари бош штаби ҳам якшанба куни Россия кучлари Харков йўналишида украина ҳарбий позицияларни ўққа тутаётганини хабар қилган.

“Жароҳатланганлар орасида харковлик 12 ёшли қиз ҳам бор”

Жумладан, Украинанинг Тернопил вилояти губернатори 12 июнь, якшанба куни Чортков шаҳридаги ракета ҳужуми оқибатларини акс эттирувчи суратларни эълон қилди.

Владимир Трушнинг Facebook’даги расмий саҳифасига жойланган суратларда шанба кунги ҳужум оқибатида вайрон бўлган бинолар, ойналари синган машиналар тасвирланган. Расмлардаги манзил сунъий йўлдош тасвирлар билан мос келади.

Трушнинг айтишича, шанба куни Украина вақти билан соат 18:46 да Тернопилдан 75 километр жанубда жойлашган шаҳарга тўртта ракета келиб тушган, натижада ҳарбий иншоот қисман вайрон қилинган ва 23 киши жароҳатланган.

“Жароҳатланганлар орасида харковлик 12 ёшли қиз ҳам бор”, — деди Труш Фэйсбук саҳифаисдаги суратлар тагидаги қолдирган изоҳда.

Якшанба куни маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, рус қўшинлари дарё бўйлаб Северодонецкни Лисичанск билан боғлайдиган кўприкни портлатиб, тинч аҳолини эвакуация қилиш йўлини вайрон қилган.

Украина қуролли кучлари, сўнгги кунларда Донбасс минтқасидаги жангларда Россия армиясининг қўли баланд келаётганини эътироф этиб келмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG