Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2025, Тошкент вақти: 09:38

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

«Вазият бирдан ўзгариши мумкин»

Украина Қуролли кучлари Бош штаби, бу минтақадаги украин аскарлари ўз позицияларини бой бермаслик учун сўнгги имконлари билан таянаётганини айтмоқда.

Бундай аскарлар орасида, март ойида қўлига қурол олган кўнгилли Васил ҳам бор.

Урушдан олдин темир йўл ишчиси ва боғбон бўлган 44 ёшли Василнинг айтишича, фронтдаги вазиятни олдиндан башорат қилиб бўлмайди.

“Тўғрисини айтсам, буни тасвирлаб ҳам беролмайман. Вазият дақиқадан дақиқага ўзгармоқда. Ҳозир тинч, портлашлар фақат узоқдан эшитилмоқда. Аммо вазият бирдан ўзгариши мумкин. Баъзан бизга турли томондан ўт очишади. Бу жабҳа чизиғи"дейди Украина армияси кўнгиллиси, Васил.

Васил ва бошқа ҳарбий хизматчилар окопда туриб жанг қиларкан, фронт чизиғидан бир неча километр узоқликдаги устахонада ҳарбий техника таъмирланмоқда.

Бу устахона мухандислари танк двигателларини таъмирлашдан тортиб, ҳарбий транспорт воситаларининг шиналарини алмаштиришгача бўлган янги ишларга мослашди.

Бу каби устахоналарда украиналик усталар Совет Иттифоқи даврида ишлаб чиқарилган пулемётларни ҳам тузатишга уринмоқда.

Россия ҳам, Украина ҳам сўнгги ҳафталарда ўз ресурсларининг катта қисмини шарқий Донбасс минтақасини назорат қилиш учун курашга ташлаган бўлса-да, Украинанинг Одесса ва Николаевдаги Қора денгиз қирғоқлари тақдири мамлакатнинг иқтисодий келажагини таъминлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Донецкда ҳар “бир қарич ер учун” жанг бўляпти

Украина президенти Владимир Зеленский якшанба куни Северодонецкдаги вазиятни “оғир” деб баҳолади ва жанглар шаҳарнинг “ҳар бир қарич” ери учун давом этаётганини айтди.

Россия кучлари шаҳарнинг катта қисмини эгаллаб олди, бироқ Украина аскарлари юзлаб тинч аҳоли бошпана топган саноат ҳудуди ва кимё заводини назорат қилишда давом этмоқда.

Зеленскийнинг айтишича, Россия Северодонецкка яқин - Лисичанск, Бахмут ва Словянск каби кичик шаҳарларга ҳам ҳамла қилмоқда.

"Россия армияси Донбасга захира кучларини жойлаштирмоқчи. Лекин улар ҳозир қандай захирага ҳам эга бўлиши мумкин? Афтидан улар ҳаминқадар ҳарбий тайёргарликдан ўтган чақирилувчиларни ва яширин сафарбарлик йўли билан ёлланганларни жангга ташлашга ҳаракат қилишади. Россия генераллари бор эътиборини сон жиҳатидан устунликка эга бўлишга қаратган. Бу фақат битта нарсани англатади: Россия июнь ойига келиб йўқотган 40 000 аскари янада ортиши мумкин. Ўтган ўн йиллар давомида ҳеч бир урушда Россия бунчалик кўп йўқотишга учрамаган", деди Зеленский.

Северодонецк Луганск вилоятидаги Украина қўлидаги сўнгги шаҳар бўлиб, унинг бой берилиши Украина учун муҳим стратегик йўқотиш бўлади.

Русларнинг ғалабаси Владимир Путиннинг “махсус ҳарбий операция” ниқоби остидаги мақсадларидан бирига янада яқинлаштиради.

Байден: Зеленский эшитишни хоҳламади

АҚШ президенти Жо Байден, украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский Россиянинг Украинага бостириб кириши АҚШ томони огоҳлантирувига ўз вақтида “қулоқ солишни истамаган”, деб баёнот берди.

“Кўпчилик ўша пайтда мени, вазиятни бўрттириб юборди, деб ўйлаганини биламан”, деди Байден 10 июнь куни Лос-Анжелесда бўлиб ўтган хайрия маросимида.

АҚШ Россиянинг Украинага ҳужум қилиш эҳтимоли ҳақида биринчи бўлиб огоҳлантирган эди. Буни эслатган президент Байден, ўша кезда унда бу тахминни асословчи маълумотлар етарли бўлганини урғулади.

Байденнинг ҳамкасби Зеленский ҳукуматига қаратилган бу эслатмасини, тўртинчи ойки давом этаётган урушда, Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳақидаги нутқи пайтида айтди.

“Иккинчи жаҳон урушидан бери бундай ҳолат бўлмаган. Биламан, кўп одамлар мени бўрттириб юборди деб ўйлашган. Аммо биздаги маълумотларга таяниб, ўша кездаёқ Россия президенти Владимир Путин чегарадан кесиб ўтишини билардим. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Аммо Зеленский буни эшитишни хоҳламади", дея қўшимча қилди Байден.

Ядровий уруш хавфи ортмоқда (SIPRI)

Украинадаги урушни кузатиб бораётган қатор тадқиқот марказлари, Россия қўшинлари жанговар қобилияти пасайиб бораётгани, аммо дунёда ядровий уруш эҳтимоли ортиб бораётганини қайд этмоқда.

Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, Россия армияси қўшимча батальон-тактик гуруҳларни тузишга уринмоқда.

Бироқ муаммоларга дуч келишяпти – катта эҳтимол билан улар шахсий таркибни тўлдира олмай, янги хизматга олинган аскарларга таянишга мажбур бўлишади ва бу қўшинлар жанговар қобилиятини пасайтиради.

Amnesty International ташклоти эса, Россия кассетали снарядлар ва пиёдаларга қарши миналар каби тақиқланган ўқ-дориларни қўлламоқда, деб баёнот тарқатди.

Ташкилот ҳисоботидақайд этилишича, Харьков ва бошқа тинч шаҳарларни кассетали снарядлар билан ўққа тутиш ва пиёдаларга қарши миналардан фойдаланиш билан Москва ҳарбий жиноятлар содир этмоқда.

“Харьковнинг турар-жой даҳаларини ўққа тутиш давом этмоқда. Юзлаб тинч фуқароларнинг ўлимига ва ярадор бўлишига олиб келган бу пала-партиш зарбалар ҳарбий жиноятлар ҳисобланади”, дейилади халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти ҳисоботида.

Amnesty International Россия халқаро конвенциялар билан тақиқланган қуролларни кўп марталаб қўллаганига доир рад этиб бўлмас далиллар мавжудлигини таъкидлаган.

Стокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI) тадқиқотида “Дунёда ядро қуроли қўлланиши хавфи энг юқори нуқтага етди” деган хулоса қайд этилди.

Экспертлар фикрича, “ядровий клуб” мамлакатлари (Россия, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва КХДР) ўртасида муносабатлар кескинлашгани туфайли ҳозирда ядро қуроли қўлланиши хавфи Совуқ уруш давридан кейинги эг юқори даражага етган.

“Ядро қуролининг ишга солиниши хавфи Совуқ урушнинг авж палласидан бери энг юқори нуқтага етган кўринади”, дейди институт директори Дэн Смит.

Украинадаги уруш важидан РФ билан АҚШ ўртасида стратегик барқарорлик бўйича музокаралар тўхтатилиши вазиятни ёмонлаштирди.

Шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлмиш Хитой, Россия, Франция, АҚШ ҳамда Буюк Британия Ядро қуролини тақиқлаш ҳақидаги шартномага қўшилмади, Эрон билан ядровий битим тузиш масаласида ҳам томонлар ҳануз бир қарорга кела олишгани йўқ.

Тахмин қилинишича, яқин йилларда “ядро клуби” давлатлари ядро қуролини тўплаш ва такомиллаштиришда давом этади. 2021 йилда улар ядро каллаклари сонини камайтиришган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG