Путин Поклонскаяни ишдан олди
Россия президенти Владимир Путин аннексия қилинган Қримнинг собиқ прокурори ва Давлат думаси собиқ депутати Наталья Поклонскаяни “Россотрудничество” раҳбари ўринбосари лавозимидан озод қилди, тегишли фармон ҳуқуқий маълумотлар порталида эълон қилинган.
Поклонскаянинг ўзи бўшатилиши “бошқа ишга ўтгани билан боғлиқ”лигини ёзган, бироқ янги лавозими ҳақида бирон маълумот келтирмаган.
Россиянинг Украинага ҳарбий босқини бошлангач, Поклонская «Z ҳарфи ҳам Россия, ҳам Украина халқи учун фалокат рамзига айланди» деб чиқиш қилганди.
Поклонская “Россотрудничество” бошлиғи муовини лавозимига 2022 йилнинг февраль ойи бошида тайинланган эди. Путин ўшанда бошқа фармон билан уни Россиянинг Кабо-Вердедаги элчиси лавозимидан озод қилган.
Ўшанда Украина ТИВ вакили Олег Николенко Поклонская давлатга хиёнат қилгани учун қидирилаётганини, қолаверса унга қарши Украина, ЕИ, АҚШ, Канада ва Япония томонидан санкциялар қўлланганини билдирган. ТИВ мулозими Поклонская “ҳатто Африкада ҳам яширина олмайди”, деб айтган.
Декабрда Киев суди Поклонскаяни қўлга олишга рухсат берди. Украинада у давлатга хиёнатда ҳамда россияда Қримтатар халқи мажлиси фаолияти тақиқланишига алоқадорликда айбланиб, устидан жиноят ишлари очилган.
2022 йил январда Наталья Поклонская элчи лавозимидан воз кечгани маълум қилинган. Айни чоғда собиқ прокурор “давлатга фойда келтирадиган ҳар қандай лавозимда ишлашга тайёр”лигини билдирган.
Россия армиясини “обрўсизлантирганлик” моддаси бўйича камида 2100 нафар россиялик жаримага тортилди
Жорий йилнинг май ойи охиригача Россияда мамлакат армиясини “обрўсизлантирганлик”да 2100 нафардан зиёд россиялик айбланган, уларга 25 миллион рублдан кўпроқ жарима ёзилган. Бундай умумлашган маълумот “ОВД-Инфо”, “Сова” маркази ҳамда ОАВ ҳуқуқларини муҳофаза қилиш маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси учун ҳозирланган ҳисоботда акс этган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Россия армияси фаолияти ҳақида сохта хабар (“фейк”) тарқатганлик учун маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 52 та жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари, 3 мингдан зиёд сайт блокировка қилинган, 213 та оммавий ахборот воситаси расмийлар босимига учраган.
AI Харьковда россиялик ҳарбийлар томонидан кассетали бомба ишлатилганига оид 7 та ҳолатни ҳужжатлаштирди
Россия армияси Харьковга кассетали бомба билан камида етти марта зарба берган. Бу иддао Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 13 июнь куни ёйинланганҳисоботида айтилган. Кассетали бомбалардан фойдаланиш халқаро қонунчиликка кўра ҳарбий жиноят бўлиб ҳисобланади.
Харьковдаги аҳоли пунктларига берилган 41 та зарбани таҳлил қилган тадқиқотчилар бунинг натижасида камида 62 нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлгани, қарийб 200 киши яраланганини аниқлаганлар.
AI вакиллари ҳисоботни тайёрлаш учун 160 киши билан суҳбатлашишган, зарба берилган жойлардан ашёвий далиллар йиғишиб, таҳлилдан ўтказишган. Мазкур ашёвий далиллар орасида снаряд парчалари ҳам бор.
Мамулашвили: Украиналик ҳарбийлар сафида 3 минг нафар британиялик жанг қилмоқда
Украина Қуролли кучлари сафида уч минг нафар британиялик жанг қиляпти. Бу ҳақда Sky News нашрига “Грузин миллий легиони” командири Мамука Мамулашвили маълум қилган.
Унга кўра, британияликлар грузинлардан кейин Украина учун жанг қилаётган иккинчи йирик хорижий ҳарбий контингент бўлиб ҳисобланади. Учинчи ўринни АҚШ фуқаролари эгаллайди.
Мамулашвили иддаосича, хорижликларнинг кўпи инструктор сифатида ишлашга келишган ва ҳозир мураббийлик вазифасини ўташмоқда. Украинада жанг қилаётган хорижликлар сони эса 20 минг нафаргача етиши мумкин.
Аввалроқ Украинада икки нафар британиялик – Жордан Гэтли ва Скотт Сибли ҳалок бўлгани хабар қилинган. Яна икки британиялик – Шон Пиннер ва Эйден Эслин асир олинган. Улар марокашлик Брагим Саадун билан биргаликда ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган “Донецк халқ республикаси” суди томонидан ўлим жазосига ҳукм этилганлар.
Аввалроқ “Хорижий легион” вакили Дамьен Магру Украинада турли қитъалардаги 55 та мамлакатдан вакиллар жанг қилаётгани ҳақида маълум қилган эди.