Украиналик ҳарбийлар Россиянинг тўртта қанотли ракетаси уриб туширилганини иддао қилишди
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари 14 июнь куни ҳарбийлар Қора денгиз ҳавзасидан отилган Россиянинг “Калибр” русумли учта қанотли ракетасини уриб туширишга муваффақ бўлишганини иддао қилди.
Улардан бири кўчма зенит-ракета мажмуаси, яна иккиси ҳавога қарши мудофаа тизимлари ёрдамида уриб туширилган.
Ракеталардан бири Львов вилояти ҳудудига, бошқаси Тернополь вилояти ҳудудига, учинчиси эса, Озодликнинг украин хизмати хабарига кўра, Хмельницкий вилояти ҳудудига тушган. Турига аниқлик киритилмаган тўртинчи ракета Ивано-Франковск вилоятида уриб туширилгани айтилмоқда.
Британиялик 29 нафар журналист ва “мудофаа мажмуасига алоқадор” 20 кишининг Россияга кириши тақиқланди
Россия расмийлари британиялик 29 нафар журналист ҳамда ҳарбий саноатга алоқадор 20 нафар шахснинг мамлакатга киришига тақиқ қўйди. “Россия тўғрисида ҳамда Украина ва Донбассдаги воқеалар ҳақида қасддан ёлғон ва бир томонлама ахборот тарқатиш” билан шуғулланаётган, шунингдек “Украинага қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича қарор қабул қилишда иштирок этаётган” британияликлар рўйхати Россия ТИВ сайтида эълон қилинган.
Рўйхатнинг биринчи қисмида Guardian газетаси мухбирлари Шон Уокер ва Люк Хардинг, Sky News журналисти Стюарт Рамзи ҳамда Британия ОАВнинг бошқа вакиллари бор. Аммо у ерга журналист бўлмаган одамлар, масалан, сиёсатшунос Марк Галеотти номи ҳам киритилган.
“Мудофаа мажмуасига алоқадор шахслар” рўйхатида Британия мудофаа вазирининг ўринбосари Жереми Куин, Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Майкл Вигстон, АҚШ томонидан Украина етказиб берилаётган М777 гаубицаларини ишлаб чиққан BAE Systems ширкати раҳбарлари номларига дуч келиш мумкин.
Столтенберг иттифоқчиларни Украинага кўпроқ оғир қуроллар йўллашга чақирди
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Ғарб мамлакатларини Украинага кўпроқ оғир қурол-аслаҳалар юборишга ундади. Бу ҳақда у НАТОнинг Европадаги иттифоқчиси бўлган етти мамлакат мутасаддилари билан Ҳаагада бўлиб ўтган учрашувида гапирган.
Бугун, яъни 15 июнь куни НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида Украина мудофааси масалалари бўйича мулоқот гуруҳининг учинчи мажлиси бўлиб ўтиши кутилмоқда. 40 дан зиёд мамлакатни бирлаштирган гуруҳ мажлисида Украинага қурол-аслаҳа етказиб бериш дастурининг кенгайтирилиши ва мазкур жараённинг тезлаштирилиши ҳақида эълон қилиниши мумкин. Мулоқот гуруҳининг илк мажлиси Германиядаги “Рамштайн” ҳаво базасида бўлиб ўтган.
Икки ҳафта кейин НАТОнинг Мадриддаги саммити бўлиб ўтиши керак. Мазкур тадбирга Украина ҳам таклиф этилган. У ерда НАТО сиёсатига жиддий ўзгартишлар киритилиши ва Альянс мақсадларининг қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли бор. Шунингдек, Мадридда Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши масаласи муҳокама қилинади. Бу икки мамлакатнинг Альянсга киришига Туркия қаршилик қилмоқда.
Вашингтон ракета зарбалари бўйича Киевга разведка маълумотларини етказиб турмоқчи
Қўшма Штатлар Украинага ракета тизимлари ёрдамида зарба бериш учун разведка маълумотларини тақдим этиб бормоқчи. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги баёнот берди.
Пентагон маълумотига кўра, ҳозирда украиналик ҳарбийлар HIMARS ва MLRS тизимларидан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотларини якунламоқдалар.
АҚШ ҳозирча Москва кучларида Киев кучларидан кўра артиллерия қуроллари кўпроқлигини эътироф этган. Вашингтон Украина армиясини фақат мамлакат ҳудудидаги нишонларни йўқ қилиш учун зарур бўлган қуроллар билан таъминламоқчи эканини яна бир бор қайд этган.
Назарий жиҳатдан олиб қаралганда HIMARS ва MLRS Россия ҳудудидаги нишонларга ҳам етиб бориши мумкин. Айни пайтда президент Зеленский даниялик журналистлар билан суҳбат чоғида Украина армияси қўшни мамлакатдаги фуқаровий объектларни ўққа тутмаслигини билдирган.
АҚШ вакиллари Киевга тақдим этилаётган HIMARSларнинг отиш масофаси 80 километрдан ошмаслигини урғулашган.