Литва Украинага “Байрактар” дрони учун снаряд етказиб беради
Литва эса, аввалроқ Украинага тақдим этилган “Байрактар” жанговар дрони учун қўшимча снарядлар етказиб берадиган бўлди.
Литва мудофаа вазири Арвидас Анушаускас бу ҳақидаги хабарига илова қилган фотосуратда 22 килограммли, масофадан бошқариладиган MAM-L бомбаси акс этган.
Снаряд лазер нури ёки сунъий йўлдошга уланган навигация тизими ёрдамида нишонга йўналтирилади ва 8 километрдан 14 километргача масофадаги нишонларни ура олади.
25 май куни литвалик журналист Андрюс Таинас, Украина учун битта “Байрактар” дронини сотиб олиш учун маблағ йиғиш кампаниясини бошлаган эди.
28 майгача зарур маблағ ортиғи билан йиғилди ва турк ширкати дронни текинга беришга қарор қилганидан сўнг бу пул ўқ-дори сотиб олишга ва гуманитар ёрдамга ажратилди.
Ўша дронга Vangas деб ном қўйилган, литва тилида у “қарчиғай” деганидир.
Россия армиясига аскарлар ижтимоий роликлар билан ёлланяпти
Украинага қарши урушнинг тўртинчи ойи давом этаркан, Россия Мудофаа вазирлиги янги аскарларни эълонлар орқали қидирмоқда.
Потенциал номзодлар учун қисқа муддатли шартномалар нусхалари SperJob ва HeadHunter бандлик сайтлари ва, албатта, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.
Эълонларда ҳайдовчилик, бўлинма командири, ўқчи-зенитчи, гранатомётчи ва бошқа турли ҳарбий ихтисосликлар бўйича таклифлар бор.
Хусусан, гранатамётчи шартномасида унинг вазифаларига, жумладан, “ерусти ва сувусти нишонларини, душманнинг зирҳли қуроллари ва ўт очиш нуқталарини йўқ қилиш” кириши қайд этилган.
Номзодларга нисбатан талаблар анча юмшаган, ёш билан боғлиқ чекловлар ҳам. Эркакларни ватанпарварлик мазмунидаги роликлар ва катта ойлик билан оғдириб олишга ҳаракат қилишмоқда.
Эълонларда кўрсатилган телефон рақами терилганда ҳарбий комиссариат ходимлари жавоб беришади. Потенциал аскарлардан соғлиғи, ёшини сўрашади, ҳарбий хизмат тажрибаси бор-йўқлиги билан қизиқишади, аммо тажрибаси бўлмаганларни ҳам қайтаришмаяпти.
Илгари 40 ёшга тўлмаган эркакларгина ҳарбий хизматга ёлланиш учун шартнома тузиши мумкин эди, бироқ Украинани яшин тезлигида босиб олиш режаси барбод бўлганидан сўнг яқинда ушбу чекловни бекор қилинди.
Ойлик ҳақида телефонда ҳеч қанақа маълумот берилмайди, лекин бу очиқ манбаларда бор. Ҳарбий ҳаракатлар иштирокчилари ойига 3000 долларгача пул топиши мумкин, йўқ қилинган украин ҳарбий техникаси учун мукофот ваъда қилишмоқда.
Макрон, Шольц ва Драги Киевга боришади
Франция, Германия ва Италия лидерлари Эммануэль Макрон, Олаф Шольц ва Марио Драги Украина президенти Владимир Зеленский билан музокара ўтказиш учун 16 июнь куни Киевга ташриф буюришмоқчи. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times газетаси хабар қилди. Аммо бу маълумот ҳали расмий доиралар томонидан тасдиқланганича йўқ.
Ташриф чоғида Россия-Украина урушини сиёсий йўл билан ҳал қилиш истиқболлари, Европа мамлакатларининг Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдами, мамлакатни урушдан кейин тиклаш имкониятлари муҳокама этилиши тахмин қилинмоқда. Музокаралар унча осон ўтмаслиги истисно қилинаётгани йўқ, чунки Украинанинг бу уч мамлакат, айниқса Франция ва Германия билан муносабатларида Россия босқинидан кейин тарангликлар кузатилган.
АҚШ Украинага яна 1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам тақдим этмоқчи
Қўшма Штатлар яқин орада Украинага яна қарийб 1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ажратиш тўғрисида эълон қилади. Бу ҳақда 15 июнь куни АҚШ президенти Жо Байден билдирди. Байденга кўра, у Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, яна бир бор Вашингтон “ўз суверенитети ва демократияни ҳимоя қилишда Украинага ёрдам бериш” қарорида собит эканини урғулаган.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин чоршанба куни Брюсселда НАТОга аъзо мамлакатлар вакиллари билан ўтказилган кенгашда иттифоқчиларни “суръатни пасайтирмаслик”ка чақириб, Украинадаги уруш ҳал қилувчи паллаган кираётганини қўшимча қилган. Мазкур йиғилишда Украина мудофаа вазири Алексей Резников ҳам қатнашган.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украина расмийларини Киевга кўрсатилаётган ҳарбий ёрдам давом этишига ишонтирган.