Telegraph: Украинада икки нафар америкалик Россия кучлари томонидан асир олинди
Харьков яқинида АҚШ фуқаролари бўлган 39 ёшли Александр Дрюке ва 27 ёшли Энди Хьюн асир олинган. Бу ҳақда хабар қилган The Telegraph нашри манбаларига кўра, бу ҳодиса сон жиҳатдан кўп бўлган душман билан тўқнашув ортидан содир бўлган.
Ўзларига нотўғри разведка маълумотлари етказилгани туфайли Украина Қуролли кучлари сафида жанг қилаётган 10 кишилик отряд танклар, БМПлар ва юзлаб пиёда аскарларга қарши жангга киришга мажбур бўлишган. Америкаликлар контузия олган бўлиши ва россияликлар уларни жанг майдонидан олиб кетишган бўлиши мумкин, чунки Украинанинг қидирув гуруҳи Дрюке ва Хьюннинг жасадини топа олмаган.
Уларнинг иккаласи ҳам уруш фахрийси бўлиб ҳисобланишади – Дрюке Ироқдаги жангларда қатнашган, Хьюн эса денгиз пиёда қўшинлари сафида хизмат қилган. Бунгача Украинада америкаликларнинг асир олингани ҳақида бирор марта хабар қилинган эмас.
Украинада россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган 10 мингга яқин жиноят қайд этилди
Ҳуқуқбонлар ва кўнгиллилар Россия босқини бошланган 24 февралдан буён Украинада россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган 10 мингга яқин жиноятни қайд этишган. Бу ҳақда “Верстка” нашри хабар қилди.
Инсонийликка қарши жиноят аломатлари кўрилган ҳарбийларнинг хатти-ҳаракатлари “Путин учун трибунал” ҳаракати атрофида бирлашган кўнгиллилар, адвокатлар ва ҳуқуқбонлар томонидан ҳужжатлаштирилмоқда. Улар ҳар куни Россия армиясидан озод қилинган ҳудудларга бориб, воқеа гувоҳлари билан суҳбатлашиш ва далиллар йиғиш билан шуғулланишади.
Ҳаракат аъзолари россиялик аскарлар томонидан содир этилган муҳтамал жиноятлар бўйича қарийб 10 мингта гувоҳлик кўрсатмаси йиғишган. Бу маълумотларни уларга жабрланувчилар ва гувоҳлар тақдим этишган.
Британия рус патриархи Кириллга қарши санкциялар жорий қилди
Буюк Британия расмийлари Россия православ черкови раҳбари Патриарх Кирилл (дунёвий исми Владимир Гундяев) ҳамда болалар омбудсмени Мария Львова-Беловага қарши санкциялар жорий қилди, дея маълумот тарқатди Британия ҳукумати сайти.
Хабарномада мазкур қарор “Россиянинг Украинага бостириб киришини дастаклаш билан боғлиқ кўплаб оммавий чиқишлар” туфайли қабул қилингани айтилган.
Бундан ташқари, Британия расмийларига кўра, Мария Львова-Белова “Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини емирувчи ёки хавф солувчи сиёсат ва хатти-ҳаракатларни дастакламоқда”.
Чеклов чоралари билан патриарх Кирилл ва омбудсмен Львова-Белованинг Британияга киришини тақиқлаш, активларини музлатиш, санкция рўйхатидаги одамларга алоқадор ташкилотлар билан бизнес юритишни чеклаш кабилар кўзда тутилган.
Стремоусов: 24 февралдан кейин Херсонда туғилган болаларга Россия фуқаролиги автоматик тарзда берилади
Украинанинг Кремлга тобе кучлар томонидан ишғол қилинган Херсон вилоятида 24 фервалдан кейин туғилган чақалоқларга автоматик тарзда Россия фуқаролиги берилади. Бу ҳақда Россия давлат оммавий ахборот воситалари Херсон вилоятининг “ҳарбий-фуқаровий маъмурияти раҳбарининг ўринбосари” деб атайдиган Кирилл Стремоусов ТАСС агентлигига маълум қилган.
Стремоусовга кўра, Херсон вилоятида яшовчи етим болаларга Россия фуқаролиги бериб бўлинган.
У мазкур жараён ҳуқуқий жиҳатдан қандай тартибга солинаётгани ҳамда Россия фуқаролигини олишнинг бу каби тартиби қайси қонунларда кўзда тутилганига аниқлик киритган эмас.
Россия президенти Владимир Путин 25 май куни Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятлари турғунларига соддалаштирилган тартибда фуқаролик олиш ҳуқуқини берадиган фармонни имзолаган эди. Мазкур ҳужжатда янги туғилган чақалоқларга автоматик тарзда фуқаролик бериш назарда тутилган эмас.