Coca-Cola Россияда ўз маҳсулотларини сотишни тўхтатади
Coca-Cola ширкати Россия ҳудудида мавжуд бўлган ўз маҳсулотлари захираси тугаганидан кейин бу мамлакатда маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишни тўхтатади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.
Coca-Cola ичимлигидан ташқари ширкат Россияда Fanta ва Sprite газли ичимликлари, Schweppes тониги, Bon Aqua суви ҳамда Fuzetea совуқ чойини ишлаб чиқарар эди.
Март ойи бошида Coca-Cola ширкати Украинага босқин важидан Россиядаги бизнесини вақтинча тўхтатиб қўйганини билдирган. Май ойи ўртасида “Очаково” заводи Coca-Cola, Fanta ва Sprite ўрнига CoolCola, Fancy ва Street деган номлар билан ичимликлар ишлаб чиқара бошлашини эълон қилган. Шишасининг шакли ва безалиши билан бу ичимликлар оригиналига жуда ўхшайди, уларнинг этикеткаси бошқа, холос.
Аввалроқ Pepsi, Mirinda ва 7Up ичимликларини ишлаб чиқарадиган PepsiCo ширкати ҳам Россияда ўз маҳсулотларини сотишни тўхтатган эди.
Прайс: Украинада яна бир америкалик бедарак йўқолди
Украинада учинчи америкалик бедарак йўқолди, дея маълум қилди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нэд Прайс. Мулозим бунга оид бошқа тафсилотларни очиқлаган эмас.
“Биз ҳали ҳам имкон бўлган барча йўллар билан Россия босқини ортидан юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатар туфайли америкаликларга Украинага бормасликка чақириб келмоқдамиз”, деган Прайс.
16 июнь куни АҚШнинг икки фуқароси – Александр Дрюке ва Энди Хьюн асирга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Улар сон жиҳатдан кўп бўлган душман билан жангга киришиб, контузия олган ва ҳушини йўқотган бўлишлари, кейинроқ эса россиялик аскарлар томонидан жанг майдонидан олиб кетилган бўлишлари мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Дрюке ва Хьюн асирга олинганига оид маълумотни томонларнинг бирортаси ҳам расман тасдиқлагани йўқ.
Северодонецкда шиддатли жанглар давом этмоқда
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотига кўра, Россия бу ҳудудга қўшимча артиллерия қуролларини йўллаяпти. Ҳозирда томонлар шаҳар устидан тўлиқ назоратни олиш учун жанг қилмоқда.
Америка Урушни ўрганиш институтининг (ISW) қайд этишича, Россия қўшинлари Северодонецк шаҳрига ҳамда атрофдаги аҳоли масканларига – то Лисичанскка қадар – ерусти зарбалари беришда давом этмоқда.
Бундан ташқари, Россия кучлари Славянскдан шимоли-ғарбдаги ҳудудларга ҳужум амалиёти ўтказишга уринди, бироқ ҳаракатлари зое кетди. Бу орада Украина Изюм шаҳридан ғарбга томон қарши ҳужум ҳозирлик кўришни қайтадан бошлади.
Россиянинг Курск вилояти губернатори Роман Старовойт Гордеевка қишлоғи украин армияси тарафидан миномётлардан ўққа тутилганини даъво қилди. Ҳеч ким жабрланмаган, биноларга жиддий шикаст етмаган. Айрим уйларда дераза ойналари тўкилган, холос.
“Душманнинг ўт очиш нуқтасига дарҳол қарши зарба берилди”, дея қўшимча қилди у.
БМТ маълумотига кўра, уруш бошланганидан бери Украинада 4481 нафар тинч аҳоли нобуд бўлган, камида 5565 киши яраланган. Қурбонларнинг 1739 нафари эркак, 1159 нафари аёл, 119 нафари қиз бола ва 125 нафари ўғил боладир.
Донецкни тарк этишни истамаётган аҳоли
Украин ҳарбийлари жанглар давом этаётган ҳудудлардаги одамларга гуманитар ёрдам етказмоқда.
Донецкнинг жанглар бораётган ҳудудларда айрим одамлар, уй-жойларини тарк этишни истамаётир.
Жумладан, 16 июнь куни Украина полицияси бир неча ҳафтадан бери жанглар давом этаётган Донецк қишлоқларидаги аёллар ва болаларга ёрдам тарқатди.
Красногоровкада ёрдам тарқатаётган зобитнинг айтишича, ёрдамга муҳтож болалар кўп.
"Биз ҳозир Маринкадамиз. Бу фронт чизиғи. бу ердан кетишни хоҳловчиларни эвакуация қилмяпмиз. Кўпчилик кетишни истамаяпти. Чунки улар ўз уйларини ташлаб кетишни исташмайди. Биз уларни гуманитар ёрдам, дори-дармон, озиқ-овқат билан таъминлаймиз. Маринкада нималар бўляпти? Шаҳарда 17000 аҳоли яшаган. Ҳозир бизда 700 га яқин одам ертўлаларда, вайрон бўлган мактаблар, касалхона остида яшамоқда", дейди Украина полиция ходими.
Полиция пайшанба куни бир гуруҳ аҳолини, сал тинчроқ - Покровск ва Днепрга эвакуация қилишга уринди.
Аммо, кўпчилик юртини ташлаб кетишни истамайди, кетишни истаган ҳар бир инсонга ёрдам беряпмиз, деди полиция ходими.
Май ойида Киев чеккасидан сиқиб чиқарилгандан сўнг, Россия қўшинлари бор эътиборини тўлиқ Донбас, жумладан шарқий саноат минтақаси бўлмиш Северодонецкни эгаллашга қаратди.