Кремль Литванинг Калининградга транзитни тақиқлаганидан норози
Кремль душанба куни Литванинг айрим товарларни Россиянинг Калининград вилоятига транзитини тақиқлаш ҳақидаги қарорини “мисли кўрилмаган” деб атади ва жавоб беришга ваъда берди.
Литва ҳукумати Европа Иттифоқи томонидан санкцияга учраган товарларнинг ўз ҳудуди бўйлаб транзитини тақиқлади. Бу тақиқ Россия ва унинг Болтиқ денгизидаги Калининград шаҳрини боғлайдиган ягона темир йўлга қаратилган.
“Литванинг Калининград вилоятига транзитни тўсиб қўйиш қарори ҳақиқатдан ҳам мисли кўрилмаган. Бу ҳамма нарсани бузиш. Биз бу қарор Европа Иттифоқининг транзитга нисбатан санкцияларни узайтириш ҳаракати билан боғлиқ эканини тушунамиз. Биз буни ноқонуний деб ҳисоблаймиз. Вазият кўринганидан кўра жиддий ва бу жавоб чоралари ҳамда кейинги қадамларимизни шакллантиришдан олдин чуқур таҳлил қилишни талаб қилади. Таҳлиллар кейинги бир неча кун ичида амалга оширилади", деди Кремль матбуот котиби Песков.
Тақиқланган маҳсулотлар қаторига кўмир, металлар, қурилиш материаллари ва илғор технологиялар киради. Бу хабар Калининградда ҳозирданоқ ур-йиқит навбат ва талашларни бошлаб юборди.
Европа Иттифоқи ва НАТО аъзолари Полша ва Литва ўртасида жойлашган Калининград Литва орқали ўтган Россия темир йўл ва газ қувурлари орқали таъминот олади.
Калининград губернатори, мазкур тақиқ минтақага темир йўл орқали олиб келинадиган барча товарларнинг ярмига таъсир қилиши мумкинлигини тахмин қилди.
Украина буғдойи Польша орқали ташилади
Дунёнинг энг йирик дон экспортчиларидан бири бўлган Украина, Россия босқини оқибатида экспорт тўхтаб қолганидан сўнг, дон ва ўсимлик мойларини мамлакатдан олиб чиқиш йўлларини қидирмоқда.
Ғарб давлатлари Россияни, Украинанинг Қора денгиз портларини ёпиш орқали, дуёнда очарчилик хавфини юзага келтиришда айбламоқда. Москва эса, халқаро озиқ-овқат инқирози учун жавобгарликни рад этиб, бунда Ғарб санкцияларини сабаб қилиб кўрсатмоқда.
Уруш Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари билан бирга ғалла, ёғ, ўғит ва энергия нархини кескин оширди. Бу, ўз навбатида, глобал озиқ-овқат инқирози хавфини юзага келтирмоқда.
Аксар мамлакатлар жумладан камбағал давлатлар буғдой импортининг ярмидан кўпини, Россия ва Украинадан олади.
Украина, шунингдек, маккажўхори, арпа, кунгабоқар ёғи ва колза ёғининг асосий экспортчиси ҳисобланади. Бу экинларни етиштиришда зарур бўлган ўғитнинг глобал экспортдаги 40 фоизлик улуши ҳам, Россия ва унинг Украинага босқинини қўллаб келаётган Беларусга тўғри келади.
АҚШ президенти Жо Байден 14 июнь куни Полшанинг Украина билан чегараси бўйлаб кўпроқ дон экспорт қилиш ва глобал озиқ-овқат инқирозини ҳал қилишда ёрдам бериш мақсадида вақтинчалик силослар - ер ости омболари қурилишини маълум қилди.
Полша қишлоқ хўжалиги вазири Генрик Ковалчикнинг айтишича, бу жараён 3-4 ой давом этади.
Европанинг айрим мамлакатлари кўмир воситасида ишлайдиган электр станцияларига қўйилган чекловни олиб ташламоқда
Россия Европага етказиб берилаётган газ ҳажмини қисқартиргани ортидан Ҳолландия кўмир билан ишлайдиган электр станциялари фаолиятига қўйилган чекловларни олиб ташлашга қарорига келди. Бу ҳақда энергетика вазири Роб Жеттен маълум қилди.
Германия, Италия ва Австрия ҳам шу каби чоралар кўришга мойиллик билдирмоқда. “Яшиллар” партияси вакили бўлган ва кўмирдан воз кечишга чақириб келган Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек вазиятни “оғриқли” деб атаган, бироқ Россия газига қарамликдан қутулиш учун бу чора зарурлигини урғулаган.
Ўтган ҳафтада Газпром “Шимолий оқим” қувури орқали газ ҳайдаб бераётган иккита насос трубинасини тўхтатиб қўйганди. Бунинг ортидан Европага қувур орқали етказиб берилаётган газ ҳажми 60 фоизга қисқарган, газ нархи эса 30 фоиздан кўпроққа ошган.
Decathlon бренди Россия бозорини тарк этишга қарор қилди
Франциянинг Decathlon бренди Россиядаги дўконларини ёпмоқда. Бренд молларини сотган дўконлар, ТАСС агентлиги хабарига кўра, 27 июндан эътиборан бутунлай ёпилади.
Франциянинг Association Familiale Mulliez холдингига қарашли Decathlon март ойи охирида санкциялар туфайли Россияга аввалда бўлгани каби мол етказиб бера олмаслигини айтиб, мамлакатдаги фаолиятини вақтинча тўхтатилишини билдирган. Айни пайтда бренд Россиядаги ўз ходимларини қўллашда давом этишини қайд этган.
Association Familiale Mulliez холдингига Auchan (Ашан) ва Leroy Merlin (Леруа Мерлен) брендлари ҳам қарайди, бироқ ҳали мазкур брендлар Россиядаги фаолиятини бутунлай тўхтатиш ҳақида эълон қилганларича йўқ.