Донбассга сафар қилган россиялик амалдорларга икки баравар кўп ойлик тўланади
Россия ҳукумати Донбассга сафар қилган амалдорларга икки баравар кўп ойлик тўлаш ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, рубль ҳисобидаги икки баравар маош ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган Донецк ва Луганск халқ республикалари ҳудудларида, шунингдек, “аҳоли турмуш шароитини таъминлаш ва инфратузилма объектларини тиклаш зарурати бўлган бошқа ҳудудлар”да хизмат командировкасида бўлган ходимларга тўланади.
“Бошқа ҳудудлар” дейилганда айнан қайси ҳудудлар назарда тутилганига ҳукумат қарорида аниқлик киритилган эмас.
Дмитрий Муратов Нобель медалини 103,5 млн долларга сотди. Россиялик журналист бу пулни украиналик қочқин болаларга бермоқчи
2021 йили Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлган “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов АҚШдаги Heritage кимошди савдоси уйида ўзининг Нобель медалини 103,5 миллион долларга сотди. Кимошдидан тушган барча пулларни журналист UNICEFнинг (БМТ Болалар ташкилоти) Россия босқинидан жабр кўрган украиналик қочқин болалар ва уларнинг оилаларига ёрдам фондига тақдим этмоқчи.
Медаль телефон орқали амалга оширилган савдода иштирок этган аноним харидорга сотилган. Даставвал медалга 700 минг доллар нарх бичилган эди, бироқ кимошди савдосида нарх бир неча дақиқадан кейин 16,6 миллион долларгача ошган. Кейин баҳо 103,5 миллион долларгача оширилган ва савдо иштирокчиларидан ҳеч бири бундан кўп пул таклиф қилолмаган.
Муратов ўз медалини 1 июнь – Болаларни ҳимоя қилиш куни кимошди савдосига қўйган эди.
Россия армияси учун аҳамиятли бўлган нефт платформаси йўқ қилинди
Аннексия қилинган Қрим маъмурияти “Черноморнефтегаз” ширкатининг ўтган куни Украина Қуролли кучлари зарба берган газ қазиш платформаларидан бирида ёнғин тўхтамаётганини билдирди.
“Қримдан сайланган сенатор” Ольга Ковитиди айтишича, ҳозирча оловни ўчиришга мувафақ бўлинмаган. “Кечаси ёнғин қудуққа ўтибди”, дейди у.
Сенаторга кўра, “Черноморнефтегаз” платформаларида ишлаган етти киши бедарак йўқолган, уларни қидириш давом этмоқда.
Россия томонидан ишғол этилган Қрим раҳбарининг маслаҳатчиси Олег Крючков платформадан “ҳаммани қутқариш имкони бўлмаган”ини тасдиқлади. “Дастлабки маълумотларга кўра, барчани қутқариб қолиш имкони бўлмаган, лекин ҳали умид бор. Расмий маълумотни кутамиз”, еб ёзган Крючков “Телеграм”да.
Украина 20 июнда Қора денгиздаги Россия томонидан 2014 йили Қрим аннексияси чоғида босиб олинган бурғулаш қурилмаларига зарбалар берган эди. Бунга жавобан Россия Одесса вилоятига ракеталар йўллади, жабрланганлар бор.
“Қора денгиз стратегик тадқиқотлари институти” мониторинг гуруҳи раҳбари, Black Sea News нашри бош муҳаррири Андрей Клименко украин ҳарбийлари Қора денгизаги газ бурғулаш минораларига нега ҳужум қилгани, минораларнинг Россия армияси учун аҳамияти ва уларнинг шикастланиши оқибатлари ҳақида шундай дейди:
– Қора денгиз шельфида тахминан 15 та бурғулаш платформаси ёки, бошқача айтгандай “бурғулаш платформаси” мавжуд. Улар ёрдамида денгиз тубидан газ қазиб олиниб, сувости қувурлар орқали босиб олинган Қрим ҳудудига юборилади. Бу 15 та объектларга денгиз пиёда аскарлари жойлаштирилган – ҳар бирида тахминан 10 кишилик бўлинма бор.
Қолаверса, бурғулаш минораларига анчагина радиоэлектрон кураш, радиолокацион назорат қурилмалари ўрнатилган бўлиб, мазкур жиҳозлар сувости, сувусти ва ҳаво ҳудудидаги вазиятни назорат қилади. Яъни, бу амалда – Қора денгизнинг Украинага оид қисмини назорат қиладиган ҳарбий объектлардир. Ўйлашимча, айнан шу нарса минораларга ракета зарбалари бериш қарори олинишига сабаб бўлган.
– Демак, улар разведка мақсадларида қўлланилар экан-да?
– Нафақат разведка мақсадларида. Моҳиятан, бу объектлар ҳарбий мақсадларда учала ҳудудни узлуксиз – 24/7 режимида кузатиш имконини беради, деди Андрей Клименко.
"Москва" крейсери ҳалокатидан омон қолганлар яна урушга юборилмоқда
Чўкиб кетган “Москва” крейсеридан қутқариб қолинган муддатли хизматдаги аскарларнинг ота-оналари қўмондонлик ўғилларини яна ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юбормоқчи бўлаётганини айтишмоқда.
Бу ҳақда матросларнинг ота-оналари ҳарбий прокуратура, Аскар оналари қўмитаси ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга йўллаган мурожаатга ҳавола берган ҳолда “Нвая газета. Европа” нашри хабар қилмоқда.
Хабарга кўра, муддатли хизматдаги аскарлар аввал ваъда берилганига қарамай ҳануз қуруқликка ўтказилмаган. “Москва” крейсери ҳалокатини бошидан кечирган 49 матрос ҳозирда “Ладний” номли соқчи кемада хизмат қилмоқда – ота-оналар у 30 июндан бошлаб “махсус амалиёт”да иштирок этишга жалб қилинишини билдирганлар.
Мурожаат қилувчиларга кўра, соқчи кеманинг фойдаланишга топширилганига 30 йилдан ошган ва у таъмирталаб бўлиб, ҳарбий юришларга унчалик ярамайди.
Муддатли хизматдаги аскарларнинг ота-оналари ўғилларини ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига жўнатмасликни талаб қилишмоқда.