Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2025, Тошкент вақти: 00:40

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

АҚШнинг HIMARS ракета тизимлари Украинага етиб келди

Украинага Қўшма Штатлардан HIMARS ракета тизимлари етиб келган. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири Алексей Резников Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Резников “бу қудратли аслаҳа” учун АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остинга миннатдорлик билдирган.

HIMARS тизимининг ҳаракат радиуси 80 километргача етади.

Аввалроқ Киев ўнлаб километр нарига ота оладиган тизимларсиз Украина Қуролли кучлари Донбассни самарали мудофаа қилолмаслиги ва ишғол этилган ҳудудларни озод қилишни режалаштиролмаслигини билдирган. Вашингтон эса Украина армияси бу ракеталар билан Россия ҳудудига зарба бериши мумкинлиги, бу эса олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир изҳор қилган.

Washington Post нашри америкалик юқори лавозимли мулозим сўзларига таянган ҳолда Украинага 70 километр масофага ота оладиган HIMARS берилиши ҳақида ёзган. Таҳлилчиларга кўра, Киевга 70 км радиусли тизимлар ва ракеталар берилган тақдирда ҳам, бу Украинада ҳозиргача бўлган ракета тизимлари радиусида икки баравар кўпдир.

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди

Европа Иттифоқи мамлакатлари Украина ва Молдовага ЕИга аъзоликка номзод мақоми берилишини маъқуллашди. Бу ҳақда Люксембург бош вазири Ксавье Беттель ва Европа кенгаши раиси Шарль Мишель маълум қилишди.

Номзодлик мақоми миллий қонунчиликни ўнлаб соҳалар бўйича умумевропа қонунчилигига уйғунлаштиришни кўзда тутади. Улар орасида коррупцияга қарши курашдан тортиб қишлоқ хўжалигигача бўлган соҳалар бор.

ЕИ, хусусан, Украинадан етти соҳа бўйича муҳим ислоҳот ўтказишни талаб қилади: булар Конституциявий судни ўзгартириш, жорий суд ислоҳотини охирига етказиш, коррупцияга қарши курашни кучайтириш, пул ювишга қарши курашни таъминлаш, олигархларга қарши қонун қабул қилиш, ОАВ тўғрисида қонун қабул қилиш ва миллий озчиликларга оид қонунчиликка ўзгартишлар киритиш кабилардир. Бу талаблар бажарилмаган тақдирда, Украина номзодлик мақомидан маҳрум бўлиши мумкин.

ЕИ лидерларининг Украинага ЕИга аъзоликка номзодлик мақоми беришга оид қарорини президент Зеленский олқишлаб чиқди.

“Бу Украина билан Европа Иттифоқи муносабатларида уникал ва тарихий ондир”, деб ёзган Украина президенти Твиттердаги ўз саҳифасида.

Nike Россия бозоридан бутунлай кетмоқда, Cisco ҳам ўз бизнесини босқичма-босқич тугатишини эълон қилди

АҚШнинг спорт кийими ва пойабзалларини ишлаб чиқишга ихтисослашган Nike ширкати Россия бозоридан бутунлай кетишга қарор қилди.

Nike Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай Россияда ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишини эълон қилган, бироқ мамлакатдан тамоман кетиш ҳақида айтмаган эди.

Шу йил 1 мартидан Nike россияликлар учун расмий сайти орқали маҳсулот сотмай қўйган, бироқ ширкатнинг Россиядаги дўконлари ишни давом эттираётганди.

Бу орада телекоммуникация жиҳозлари ишлаб чиқарувчи Cisco ширкати ҳам Россия ва Беларусда бизнес юритишни тўхтатиши ҳамда бу мамлакатлардан босқичма-босқич чиқиб кетишини очиқлаган. Март ойида ширкат Россиядаги жиҳозлар иши учун берилган лицензияларни деактивация қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Лиз Трасс: Ғалла инқирози бир ой ичида ҳал қилиниши зарур

Украинадаги ғалла инқирози бир ой ичида ҳал этилиши лозим, акс ҳолда дунё “ҳалокатли оқибатлар”га дуч келиши мумкин, дея билдирди Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс туркиялик ҳамкасби Мевлут Чавушўғли билан Анқарада бўлиб ўтган учрашувда.

“Украина портлари ҳимояланган бўлиши шарт, тижорат кемаларининг хавфсиз ўтиши учун имконият яратилиши керак”, деган Трасс бунинг учун халқаро ҳамжамиятдан саъй-ҳаракат талаб этилишини урғулаган.

Чавушўғли Туркия Украинанинг Россия мамлакатдан дон ўғирлаётганига оид иддаоларига жиддий қараётгани ҳамда бу борада суриштирув ўтказаётганини билдирган. Дипломат Анқара мамлакатга ўғирланган ғалла олиб кирилишига йўл қўймаслигини таъкидлаган.

Ғарб Россияни озиқ-овқат маҳсулотлари ташилиши ва очлик хавфидан қурол сифатида фойдаланаётганликда айблаб келмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG