Линклар

Шошилинч хабар
13 август 2022, Тошкент вақти: 20:42

Жонли Бахмут жанг майдонларида “Вагнер” ёлланма ҳарбийларининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 171-куни

Сунъий йўлдошдан олинган суратлар Қримдаги ҳарбий ҳаво базасидаги портлашдан бино ва ҳарбий учоқлар қанчалар вайрон бўлганини кўрсатди.

Россия Украинанинг Донецк вилояти чеккасидаги Пеский қишлоғини назорат остига олганини даъво қилмоқда.

Россия ҳарбийлари Запорожье Атом электр станциясини ўққа тутишда давом этмоқда.

Украинадан 13 минг тонна жўхори ортилган “Рожен” кемаси Италия шимолидаги Равенна портига кирди.

Россия ва Украина бир-бирини Запороже атом электр станциясини ўққа тутишда айбламоқда.

БМТ Бош котиби, АЭСни қуролсиз ҳудудга айлантириш ҳамда Украина ва Россия кучларидан мазкур ҳудудни зудликда тарк этишини сўрамоқда.

Дмитрий Медведев Россиянинг юқори мартабали мулозимлари билан бирга тан олинмаган “ЛХР”га келиб, йиғилиш ўтказди.

Россия қўшинлари Украинанинг умумий қиймати 12,4 трлн долларга тенг бир қанча фойдали қазилмалар конларини босиб олди, деб ёзди Washington Post нашри.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ўзбекистонликларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальон тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят эканидан огоҳлантирди. Пермь диаспораси раҳбари уни нотўғри тушунишганини гапирмоқда

Дания украиналик аскарларни тайёрлашга ёрдам бериш учун Буюк Британияга 130 нафар Дания аскарини юбориши ва қўшимча 113 миллион доллар ёрдам беришини маълум қилди.

18:25

Бахмут жанг майдонларида “Вагнер” ёлланма ҳарбийларининг жасадлари топилди

Украиналик аскарлар Донецк вилоятидаги Бахмут жанг майдонида кийим-кечаклари “Вагнер” ёлланма ҳарбийлариники бўлган жасадларни топган.

"Ўлим - бизнинг ишимиз - ва бу иш яхши кетяпти" шиори, ёлланма ҳарбийлаштирилган “Вагнер” гуруҳининг ташриф қоғози. Жасадлар ҳарбий кийимида ана шундай ёзув ёзилган белги бор.

"Улар бу ерга пул ортидан келишди ва пул учун ер тишлашди", дейди украин аскари.

Украинада “Вагнер” ёлланма ҳарбийлари жанг қилаётгани маълум.

MediaHub журналистик суриштирувлар маркази “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатига Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини ҳам ёллаш бошлангани тўғрисида хабар берган.

“Вагнер” ёлланма жангчилари 2014 йилдан бери Донбассдаги жангларда сепаратчилар томонида жанг қилиб келади.

Расман мазкур ширкат аскарлари Россия Қуролли Кучларига алоқадор эмас. Айни пайтда улар Мудофаа вазирлиги инфраструктураси ва транспортидан фойдаланади.

“Вагнер” ширкатини россиялик тадбиркор, президент Владимир Путинга яқин Евгений Пригожин бошқариши айтилади. Пригожинга ҳам АҚШ ва Европа Иттифоқи санкция қўллаган.

“Вагнер” ширкати ёллаган жангарилар Сурия, Мали ва Судандаги кўплаб ҳарбий жиноятларга алоқадор экани тахмин қилинади.

18:21

13 минг тонна жўхори ортилган кема Украинадан Италияга келди

Украинадан 13 минг тонна жўхори олиб кетаётган “Рожен” кемаси жума куни Туркияда тўхтаб, Италия шимолидаги Равенна портига кирди.

Украинанинг Қора денгиз портларидан ғалла экспортини қайта тиклашга рухсат бериш тўғрисидаги Россия билан келишувга кўра, уруш туфайли беш ой давомида тўхтаб қолган жами 14 та кема сўнгги икки ҳафта ичида Украинадан жўнаб кетди.

Туркия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, шанба куни Туркиядан Украина йўналиши бўйича яна бир кема Украина ғалласини олиб келиш учун йўл олган.

Туркия билан биргаликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти воситачилигида ўтган ой Украина ғалла етказиб беришни бошлади.

Бундан олдин БМТ уруш туфайли таъминотнинг тўхташи кучли озиқ-овқат тақчиллигига ва ҳатто дунёнинг айрим қисмларида очарчилик авж олишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди.

Шу йилнинг февралигача глобал буғдой экспортининг деярли учдан бир қисми Украина ва Россия хиссасига тўғри келган.

Украинада ўтган йилги ҳосилдан 20 миллион тоннага яқин дон қолган. Бу йилги буғдой ҳосили ҳам 20 миллион тоннага баҳоланмоқда.

18:17

Запорожье Атом электр станцияси яна ҳужумга тутилган

Россия ҳарбийлари Запорожье Атом электр станциясини ўққа тутишда давом этмоқда, оқибатда станциянинг насос блоки шикастланган, дея хабар берди Украина Бош разведка бошқармаси.

Украина разведкаси маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари Водяние қишлоғидан атом электр станциясини ўққа тутмоқда ва Украина байроғи остида провокациялар тайёрламоқда.

"Россия армиясининг артиллерия зарбаларидан бири иссиқлик ва ер ости алоқалари цехи насос станциясининг биринчи блокига зарар етказди", - дейилади баёнотда.

Шунингдек, разведка маълумотларига кўра, отишмалар натижасида яқин атрофдаги ўрмонлар ва далалар ёниб кетган.

Разведка хизматининг билдиришича, руслар оқ бўёқ билан бўялган “Z” ҳарфи туширилган “Пион” ўзиюрар артиллерия мосламасини шаҳарга кираверишдаги Энергодар стеласига ҳайдаб, Украина Қуролли кучларини айблашни мақсад қилган..

Запорожье атом электр станцияси ўтган ҳафтадан бери ўққа тутилмоқда. Урушаётган томонлар отишмада бир-бирини айбламоқда.

18:14

Украина кучлари Донецк ва Херсонда Россия ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлган

Украина Қуролли кучлари Бош штаби ўтган кун давомида украиналик ҳарбийлар Донецк ва Херсон вилоятларида Россия армиясининг бир неча ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлганини маълум қилди.

Украина армияси маълумотларига кўра, Донецк вилоятида рус қўшинлари бир неча йўналишда, жумладан Бахмут вилоятида ва Углегорск яқинида ҳужум амалиётларини ўтказган, бироқ у ерда “муваффақиятга эришмаган, орқага чекинган”.

Бундан ташқари, рус армияси Авдеевка ҳудудида олдинга силжишга ҳаракат қилди, аммо, Бош штаб маълумотларига кўра, улар ортга қайтарилган.

"Донецк - Пеский - Новоселовка - Александропол йўналишларида жанговар ҳаракатлар давом этмоқда", - дея хабар беради Бош штаб.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG