Линклар

Шошилинч хабар
25 март 2026, Тошкент вақти: 20:17

Эркин эмас! Freedom House ҳисоботида Ўзбекистон ва Марказий Осиё

Архив. Тошкент кўчаларидан олинган тасвир. Сурат Reuters агентлигига тегишли. 2025 йил, 11 июн.
Архив. Тошкент кўчаларидан олинган тасвир. Сурат Reuters агентлигига тегишли. 2025 йил, 11 июн.

Freedom House ҳалқаро ташкилоти Ўзбекистонни яна авторитар давлат сифатида баҳолади.

Ташкилотнинг янги - Freedom in the World 2026 ҳисоботи 19 март куни эълон қилинган.

Ўзбекистон йиллар давомида ушбу рейтингда “эркин эмас” давлатлар сафида қолаётир. Муаллифлар ҳокимият алмашган 10 йил давомида мамлакатда муайян ўзгаришлар кузатилганини, аммо демократиянинг аниқ ва сезиларли белгилари ҳали ҳам кўринмаётганини таъкидлайдилар.

Ўзбекистон умумий эркинлик бўйича 100 баллдан 12 балл олган. Интернет эркинлигида 29 балл, фуқаролик эркинликлари бўйича 10 балл, сиёсий ҳуқуқлар бўйича 2 балл тўплаган.

“2016 йилда президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин амалга оширилган ислоҳотлар айрим соҳаларда ижобий ўзгаришларга олиб келган бўлса‑да, Ўзбекистон ҳали ҳам демократия белгилари кам авторитар давлат сифатида қолмоқда. Мухолифат партиялари қонуний равишда фаолият юрита олмайди. Қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти амалда ижро ҳокимиятига бўйсунган, ислоҳотлар эса асосан фармонлар орқали амалга оширилади. Оммавий ахборот воситалари ҳали ҳам ҳукумат томонидан қатъий назорат қилинади" - деб ёзилган ҳисоботда.

Сўнгги йилларда ўзини дунёга очиқ мамлакат сифатида намоён қилаётган Ўзбекистонда аксар мустақил хорижий ахборот воситалари фаолиятига рухсат берилмаяпти. Хусусан, “Озодлик” радиосининг мамлакат ичида ишлашига қўйилган чеклов 20 йилдан ортиқ сақланиб келмоқда, ozodlik.org сайти эса очилмайди.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро рейтинг ва баҳолашларни одатда изоҳсиз қолдиради. Айрим маҳаллий таҳлилчилар бундай паст кўрсаткичларни ваъда қилинган ислоҳотларнинг чала қолаётгани сабаби, деб ҳисоблайди.

Ҳисоботда Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳам “эркин эмас” деган тоифада белгиланган.

  • Қозоғистон 23 балл тўплаб, сиёсий тизимнинг марказлашгани ва мухолифатга босим сақланаётгани қайд этилган.
  • Қирғизистон 25 балл билан минтақадаги нисбатан очиқроқ давлат сифатида тилга олинган, бироқ мамлакат сўнгги йилларда кескин авторитарлашувга юз тутгани таъкидланган.
  • Тожикистон 5 балл билан нафақат минтақада, балки дунёда ҳам энг паст кўрсаткичларнинг бирига эга бўлиб, 2005 йилдаги 30 баллдан кескин пасайган.
  • Туркманистон эса 1 балл билан энг ёпиқ ва авторитар режимлардан бири сифатида яна қайд этилган.

Freedom House ташкилотининг катта таҳлилчиси Кэтрин Гросс "Озодлик" радиосининг тожик хизматига интервью берар экан, минтақа узоқ вақтдан бери мустаҳкам ўрнашиб олган авторитар тузумлар таъсирида қолиб келаётганини таъкидлади:

"Раҳбарлар сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликларини тизимли равишда чекламоқда. 2025 йилда кузатилган умумий ҳолат - шахсий мулоқот ва эркин фикр билдириш учун мавжуд майдоннинг янада қисқариши бўлди. Ўзбекистонда эса ҳокимиятдагилар фаоллар, блогерлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг интернетдаги чиқишларини чекламоқда. Айрим ҳолатларда уларга, жумладан ижтимоий тармоқларда президентни ҳақорат қилиш каби айбловлар билан, сохта жиноий ишлар қўзғатилди" .

Freedom House ҳисоботи эълон қилинган айни дамда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масалаларида очиқ позиция билдириб келаётган айрим фаолларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари чекланди. Жумладан, Надежда Атаева ва Алишер Таксановнинг Facebook ва YouTube платформаларидаги саҳифа ҳамда каналлари блокланганини айтиб чиқишди.

Шунингдек, Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг ижтимоий тармоқдаги бир нечта пости Meta компаниясига йўлланган шикоятлар ортидан ўчириб ташлангани маълум бўлди. Улар бу жараён ортида ҳукумат идораларига ишлаган троллар гуруҳи туриши мумкинлигини айтишмоқда. Лекин бу борада расмий изоҳ берилмаган.

Ҳисоботда дунёда умумий эркинлик даражаси ҳам пасайишда давом этаётгани айтилади.

2026 йилда дунё аҳолисининг 21 фоизи “эркин” деб баҳоланган мамлакатларда яшайди. 20 йил аввал бу кўрсаткич 46 фоизни ташкил этган. Кузатувларга кўра, пасайиш асосан ҳарбий можаролар, авторитар босимлар ва конституцион тизимларнинг заифлашуви билан боғлиқ.

"Кенгроқ нуқтаи назардан қарасак, ҳисоботга кўра, дунё миқёсида эркинлик кетма-кет 20 йилдан бери пасайиб бормоқда. Жаҳон бўйича 54 та давлатда кўрсаткичлар ёмонлашган, 35 та давлатдагина яхшиланиш қайд этилган. Энг катта пасайишлардан бири АҚШда ҳам кузатилган. Бунга партиялараро келишмовчиликлар, ижро ҳокимияти ваколатларининг кенгайиши, коррупцияга қарши кафолатларнинг сусайиши билан боғлиқ. Лекин мамлакат ҳали ҳам “эркин” деб тоифаланувяи давлатлар қаторида. Албатта, глобал миқёсдаги салбий тенденция ташвишли. Бироқ ҳисоботда ижобий жиҳатлар ҳам бор. Масалан, учта давлат – Боливия, Фижи ва Малави ўз мақомини “қисман эркин”дан “эркин”га оширишга муваффақ бўлди. Бу рақобатбардош сайловлар ўтказилиши, суд ҳокимияти мустақиллигининг ортиши ва қонун устуворлигининг мустаҳкамланиши ҳисобига амалга ошди. Келажакдаги асосий муаммолардан бири - сўнгги йилларда Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан ажратиладиган хорижий молиялаштиришнинг қисқариши. Бу эркинлик ва демократия учун курашни янада мураккаблаштирди" - таҳлилчи Кэтрин Гросс.

Freedom House - 1941 йилда ташкил этилган халқаро нодавлат ташкилот бўлиб, бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган. Ташкилот дунё бўйлаб сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликлари ҳолатини мониторинг қилади. Мамлакатлар 0 дан 100 гача шкалада баҳоланиб, “эркин”, “қисман эркин” ва “эркин эмас” тоифаларига ажратилади. Маълумотлар мустақил тадқиқотчилар тармоғи орқали тўпланади ва эксперт баҳолаш тизими асосида шакллантирилади.

2026 йилги рейтингда Финляндия 100 балл билан етакчилик қилади. Швеция, Норвегия ва Янги Зеландия 99 балл билан кейинги ўринларни эгаллаган.

Форум

XS
SM
MD
LG