Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2018, Тошкент вақти: 02:54

Самарқандда 17 нафар абитуриент апелляцияси қабул қилинмади


СамДУда имтиҳон адолатсиз ўтаётганини иддао қилган абитуриентлар

Самарқанд Давлат университетининг жисмоний тарбия факультетига ўқишга кириш учун имтиҳон топширган 17 нафар абитуриент, ижодий имтиҳонларнинг адолатсиз ўтганлигини иддао қилиб, Озодликка боғланди.

Абитуриентларнинг айтишича, 25 июль куни енгил атлетика бўйича ўтказилган имтиҳонда, домлалар кўрсаткичи паст бўлган абитуриентларга юқори балл қўйиб берган.

Кўз ўнгида ўзидан кучсиз бўлган тенгдошларини асоссиз юқори балл олганига гувоҳ бўлган абитуриентлар, 1 июль куни Университет қабул комиссияси қошида ташкил этилган “Адолат комиссияси”га апелляция бериб, қайтадан имтиҳон олинишини талаб қилган.

Аммо, комиссия уларнинг шикоятини рад қилган.

Университет қабул комиссияси аппеляция топшириш муддати имтиҳондан сўнг 24 соат бўлиши, бу вақт ўтгандан сўнг шикоятлар қабул қилинмаслигини Озодликка айтди.

Кириш имтиҳонлари натижаларидан норози абитуриентлар прокуратура ва Адолат комиссияси олдида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:22 0:00

Самарқанд Давлат университетининг жисмоний маданият факультетига ўқишга кириш учун 25 июль куни 7-8 гуруҳда ижодий имтиҳон топширган 17 нафар абитуриент 2 август куни Озодликка мурожаат қилиб, имтиҳоннинг адолатсиз ўтганлигини иддао қилди.

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан жисмоний маданият факультетига ҳужжат топширган Ҳусан Азизовнинг айтишича, имтиҳонда яхши кўрсаткич кўрсатган абитуриентлар қолиб кетиб, уларнинг кўз ўнгида паст кўрсаткич кўрсатган болаларга юқори бал қўйилган:

- Масалан менга 20 бал қўйган, ёнимиздаги гуруҳдаги югуришдан ҳам ўтолмай қолган болаларга эса 89-90 бал қўйган. Бизнинг гуруҳимиздаги бир бола, волейболда баландликка 17та отяпти, лекин унга 45та қилиб ёзиб қўяяпти. Ўзи энг кўп отгани 15-20та отяпти. Фақат битта бола 36та отган эди. Буни ҳаммасини биз кўриб турибмиз, - деди абитуриент.

Абитуриент Ҳусан Азизов "Адолат комиссияси"дан адолат тополмаганидан арз қилди
Абитуриент Ҳусан Азизов "Адолат комиссияси"дан адолат тополмаганидан арз қилди

Ҳусан Азизовга кўра, 25 июль кунги имтиҳонларда камералар бўлмаган:

- Ҳеч қандай назоратчи ҳам йўқ эди. Фақат домлаларнинг ўзи назорат қилиб, секундомерларни ҳам ўзлари оливолган. Нима хоҳлашса, ўшандай қилишди, умуман адолат бўлмади, - дейди абитуриент.

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидан ўқишга кириш учун келган 19 яшар Ислом Ярамовнинг айтишича, югуришда ундан кейин келган бола ундан юқори балл олган:

- Биз юз метрга югуришда 25 балл оляпмиз, бизлардан қолиб кетиб, учинчи ўринда келган бола 69 балл оляпти. Умуман бажаролмаган бола 84 балл оляпти! Ҳар бир гуруҳдан 3-4 болага ана шундай эришилмаган юқори балл қўйилганига гувоҳ бўлдик. Имтиҳон олаётган домлага бориб, нега бундай адаоласизлик қиляпсиз, деб норозилик билдирсак, бор ишингни қил, бўлмаса сени балингни ҳам пасайтириб қўяман, деб дўқ қиляпти. Бу, биз қолган имтиҳонларни ҳам топширмасак бўлади, барибир ўқишга киролмаймиз, дегани. Фақат бизнинг гуруҳ эмас, бошқа юзлаб болалар ҳам имтиҳонларнинг адолатсиз бўлаётганидан дод деб юрибди, - дейди Ислом Ярамов.

Имтиҳон натижасидан қониқмаган абитуриентларнинг ДХХга ёзган аризаси
Имтиҳон натижасидан қониқмаган абитуриентларнинг ДХХга ёзган аризаси

Имтиҳонлар адолатсиз бўлаётганини иддао қилган абитуриентлардан яна бири, 19 яшар Беҳруз Қаҳҳоров Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидан келганини айтади:

- 25 июль куни Динамо стадионида имтиҳон бўлди. Мисол учун, минг метрга чопишда, граната отишда, узунликка сакрашда мендан анча паст кўрсаткич кўрсатган болаларга 84-89 балл қўйишган. Менга эса 49 бал берилган. Мен бугун нормативларни кўриб, ҳисоблаб чиқсам, менга тўғри балл берилган экан. Лекин, мендан ортда келган, кам узоқликка сакраган болаларга мендан қарийб икки баравар кўп балл берилган. Қаердан келди бу баллар? Улар биздан кучсиз бўлиб ўқишга кириб кетадию, биз эса қолиб кетамизми, энди?, - дейди Беҳруз Қаҳҳоров.

Озодлик суҳбатлашган яна 3 нафар абитуриент ҳам имтиҳонларда яхши югуролмаган, яхши сакролмаган, тўпни кам отган абитуриентлар сирли тарзда юқори балл олганини иддао қилди.

1 июль куни имтиҳонлар натижаларидан норози бўлган 17 нафар абитуриент имтиҳонларни қайта ва холис ўтказиш талаби билан Самарқанд давлат университетининг Адолат комиссиясига мурожаат қилган.

Абитуриентларнинг айтишича, ўзини таништирмаган комиссия раиси уларни қабул қилмаган ва хоҳлаган жойларига арз қилиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

Шундан сўнг ўттиздан ортиқ абитуриентларнинг Самарқанд вилояти Халқ қабулхонасига мурожаат қилганини, лекин аввал у ерда уларга таҳдид қилинганини абитуриентлардан бири айтди:

Халқ қабулхонасида, майли аризаларингни қабул қилиб оламиз, лекин тасдиқланмаса, сизлар 15 суткага қамалишларинг мумкин, деб айтишди. Биз, адолат истаб келдик сиздан, бўлмаса президент порталига мурожаат қиламиз деганимиздан сўнг, аризамизни қабул қилди ва бир ой ичида кўриб чиқилишини айтди. Бир ой ичида ҳамма нарса тамом бўладику, десак, тартиб шунақа, деб жавоб беришди”, дейди абитуриентлардан бири.

Абитуриентлар бундан ташқари ДХХ Самарқанд вилояти бошқармасига ва прокуратурасига ҳам ариза билан мурожаат қилган.

Озодлик 2 август куни Самарқанд давлат университетининг қабул комиссияси билан боғланди.

Исми-шарифини айтишдан бош тортган комиссия мулозими имтиҳонларни адолатсиз ўтаётганини инкор қилди:

- Ўша ерда узлуксиз равишда ҳамма ерда камералар ишлаган. Нотўғри маълумот беришган сизга, ҳеч қаерда бунақа бўлмаган. Келиб, исталган кунни записини беринг денг, шундай беради. 25 июльнинг ҳам записи бор, - деди ўзини таништиришдан бош тортган мулозим.

Озодлик суҳбатлашган абитуриентларнинг барчаси 25 июль куни "Динамо" стадионида бирорта ҳам камера қўйилмаганини таъкидлади.

Бу йил Ўзбекистондаги 60 та Олий Таълим муассасаси ва унинг 19 та филиалига 675 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширди. Бу ўтган йилгига қараганда 54 мингга камдир.

Ўзбекистондаги олий таълим масканлари (ОТМ) ректорлари ота-оналар ва абитуриентларга мурожаатнома эълон қилган эди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайтида чоп этилган мурожаатда кириш имтиҳонлари арафасида коррупционер "товламачи ва фирибгарлар"га пора бермаслик сўралган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG