Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2018, Тошкент вақти: 10:02

Оқилов Стокхольмдаги судда исломий билими йўқлигини фош қилди


Швециянинг етакчи ахборот агентлиги ТТ хабарига кўра, террорчиликда гумонланаётган ўзбекистонлик 40 яшар судланувчи Раҳмат Оқилов Стокхольм марказида содир этган ҳужумидан пушаймон эканини ёки аксинча, пушаймон эмаслигини айтишдан бош тортди.

21 январь куни қурбонлар адвокатлари ўтказган сўроқ давомида Оқиловнинг жавоблари ўта қисқа бўлди.

- Мен қурбонлар ҳиссиётига озор беришни истамайман, - деди у.

10 ойдан кўпроқ вақтдан буён ҳибсда сақланаётган Раҳмат Оқилов ўтган йил 7 апрелида Стокхольм марказида одамлар устига юк машинасини ҳайдаб тўғри иш қилдим, деган ишончда.

Оқиловнинг сўзларига кўра, у ўзининг террор ҳужумини "мусулмонлар заминида юз бераётган ёвузликларга жим қараб тура олмагани" билан изоҳлади.

Ўшанда шаҳар марказидаги Дроттнинггатан кўчасида юрган пиëдалар юк машинаси билан бостирилган, оқибатда беш одам ўлган эди.

Ўлганлар орасида 11 яшар қиз, Британия ва Бельгия фуқароси бўлган, ўндан ортиқ одам жароҳат олганди.

"Ўша ҳужум содир этилган кундан буён қайғуда бўлган, мотам тутаётганларга нима дея оласиз?" деган саволга Оқилов:

- Буюк Аллоҳ бизни ҳукм қилади ва қайси қилмишимиз нотўғри бўлганини у ҳал қилади, - дея жавоб қайтарди.

Қурбонлардан бирининг адвокати, Мари Шчаубнинг "ўз амалингиз билан Исломга хилоф иш қилмадингизми?" деган саволига.

- Исломдаги беш аркондан бири жиҳоддир, - дея жавоб қайтарди.

Суддан сўнг Оқиловнинг жавобига изоҳ берган Мари Шчауб унинг Исломий билимга эга эмаслигини айтди.

Суд жараёнини кузатаётган ТТ мухбири Ула Уестербергнинг Озодликка айтишича, Оқилов берган жавоблар қурбонлар яқинлари ва журналистларни даҳшатга солган.

- Баъзи қурбонларнинг йиғлаётганини кўриш мумкин эди. Баъзиларга Оқиловни маҳкамада кўриш ва унинг гапларини эшитиш оғир эди, - деди Ула Устерберг.

Оқилов суд пайтида "Ислом давлати"га берган байъатига ҳалиям содиқлигини таъкидлади.

Суддан кейин гапирган Оқиловнинг адвокати Йоҳан Эриксон судда қурбонлар адвокатлари кўтарган масалалар судга тааллуқли бўлмаганини айтди.

Оқилов устидан суд мажлиси 13 февраль куни бошланди ва у мажлиснинг биринчи кунидаёқ жиноятни содир этганини тан олди.

Раҳмат Оқилов ИД экстремист гуруҳига байъат берганини ҳам тан олган, аммо бу гуруҳ Стокхольм ҳужуми учун масъулиятни зиммасига олмаган.

Бунга қадар Оқилов адвокати Йоҳан Эриксон ҳам ўзбекистонлик муҳожирнинг швецияликлар орасида террор таҳликасини туғдириш ва ҳукуматнинг “Ислом давлати” гуруҳига қарши халқаро коалициядан чиқишга мажбурлаш мақсадида ҳужумга қўл урганини матбуотга билдирган.

Озодлик ўтказган махсус суриштирув давомида Оқиловнинг ҳужум пайтидаги ҳатти-ҳаракатларини “Исломий давлат” экстремист гуруҳи сафида Сурияда жанг қилаëтган асли тожикистонлик жангарилар бошқаргани аниқланди.

Маҳкаманинг биринчи кунида қораловчилар Оқиловга умрбод қамоқ жазоси берилишини сўраган.

Швецияда умрбод қамоқ жазоси муддати турлича бўлиши мумкин, аммо ўртача 16 йилни ташкил қилади.

Оқилов устидан маҳкаманинг май ойигача давом этиши, ҳукмнинг эса июнь ойида чиқиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG