Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:34

Оқилов Стокҳольм судида шведларни ўлдиришга қасд қилганини тан олди


Судга келтирилган Раҳматжон Оқилов, 14-февраль, 2018-йил
Судга келтирилган Раҳматжон Оқилов, 14-февраль, 2018-йил

Ўзбекистонлик 40 яшар судланувчи Раҳматжон Оқилов 20 февраль куни швед маҳкамаси олдида чиқиш қилиб, ўзига қўйилган айбловни тан олди. Маҳаллий The Local нашрининг ёзишича, Оқилов юк машинасини ўғирлаб, пиёдалар устига бостиришга қасд қилгани, бош мақсади, "Швеция фуқароларини ўлдириш" бўлганини тан олган.

Сешанба куни Стокҳольм судига келтирилган 40 яшар ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов 2017 йилнинг 7 апрелида Швеция пойтахтида содир этилган террор ҳужумида айбланмоқда.

Ўшанда шаҳар марказидаги Дроттнинггатан кўчасида юрган пиëдалар юк машинаси билан бостирилган, оқибатда беш одам ўлган эди. Ўлганлар орасида 11 яшар қиз, Британия ва Бельгия фуқароси бўлган, ўндан ортиқ одам жароҳат олган.

The Local нашрининг хабар қилишича, прокурор Ҳанс Иҳрман сешанба кунги эшитувни Оқиловдан бу ҳужумни содир этишдан мақсади нима бўлганини сўраш билан бошлаган.

Нашр бу саволга жавобан Оқилов берган кўрсатмадан шундай иқтибос келтирди.

"Мен Швецияни халифаликка қарши курашдан тўхтатишни хоҳладим. Уларнинг уруш зонасига аскарларни юбориш ва халифаликка қарши курашиш учун катта маблағ жўнатишини тўхтатишини хоҳладим", дея рус тилида кўрсатма берган 40 яшар Раҳмат Оқилов.

Кўрсатма бераркан, Раҳмат Оқилов, қилмишидан пушаймон эмаслигини очиқ кўрсатган.

"Мен буни қилишимнинг сабаби, қалбим ва руҳим билан НАТО коалицияси бомбардимонидан азият чекканлар ёнида эканимдир", дея Оқиловдан яна иқтибос келтиради The Local нашри.

НАТОга аъзо бўлмаган Швециянинг 70 га яқин ҳарбийси айни пайтда Ироқнинг шимолида "Ислом давлати" (ИД) экстремист гуруҳига қарши АҚШ етакчилигидаги коалиция қўшинларига машғулотлар ўтамоқда.

Оқилов устидан суд мажлиси 13 февраль куни бошланди ва у мажлиснинг биринчи кунидаёқ жиноятни содир этганини тан олди.

Раҳмат Оқилов ИД экстремист гуруҳига байъат берганини ҳам тан олган, аммо бу гуруҳ Стокҳольм ҳужуми учун масъулиятни зиммасига олмаган.

Бунга қадар Оқилов адвокати Йоҳан Эриксон ҳам ўзбекистонлик муҳожирнинг швецияликлар орасида террор туғдириш ва ҳукуматнинг “Исломий давлат” гуруҳига қарши халқаро коалициядан чиқишга мажбурлаш мақсадида ҳужумга қўл урганини матбуотга билдирган.

Озодлик ўтказган махсус суриштирув давомида Оқиловнинг ҳужум пайтидаги ҳатти-ҳаракатларини “Исломий давлат” экстремист гуруҳи сафида Сурияда жанг қилаëтган асли тожикистонлик жангарилар бошқаргани аниқланди.

Маҳкаманинг биринчи кунида қораловчилар Оқиловга умрбод қамоқ жазоси берилишини сўради. Швецияда умрбод қамоқ жазоси муддати турлича бўлиши мумкин, аммо ўртача 16 йилни ташкил қилади.

Оқилов устидан маҳкаманинг май ойигача давом этиши, ҳукмнинг эса июнь ойида чиқиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG