Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:59

Алишер Усмонов бир ойда 1,3 миллиард долларга бойиди


Bloomberg дунёдаги 500 энг бой кишилар рейтингини янгилади. 1 февралда эълон қилинган ҳ​исоб-китобларга кўра, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик олигарх Алишер Усмонов 2019 йил бошидан буён ўз бойлигини 1 миллиард 290 миллионга кўпайтириб, 15,4 миллиард АҚШ долларига етказган​.

Bloomberg Billionaires Index (BBI) рейтингида келтирилишича, Алишер Усмонов дунёдаги энг бадавлат 500 киши рўйхатида 68- ўринни эгаллаган.

Дунёдаги энг бадавлатлар рўйхатининг бошида 142 миллиард доллар маблағ йиққан Жефф Безос қайд этилган.

65 яшар россиялик тадбиркор Алишер Усмонов “Металлоинвест” компаниясини бошқариб келаётган USM Holding инвестиция гуруҳининг 48 фоизини эгаллаб келади. Бу ширкат Россияда энг йирик темир рудаси қазиб олувчи корхоналардан биридир.

Ўз ўрнида, “Металлоинвест” Россиянинг энг йирик алоқа оператори - “Мегафон"ни бошқарувчи “АФ Телеком Холдинг”нинг эгаси ҳамдир.

Аста-секинлик билан ишлаб чиқариш соҳаларидаги маблағларини Интернет бизнесига йўналтиришни бошлаган Алишер Усмонов охирги бир йилда Хитойнинг jd.com ва Alibaba ритейлерлари, Airbnb ижара хизмати ва Spotify мусиқа сервисида катта улушларни сотиб олди.

2019 йилнинг 1 февралига келиб Алишер Усмоновнинг умумий бойлиги 15,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. У ҳозиргача Лондоннинг “Арсенал” футбол жамоаси акцияларининг 30 фоизини ушлаб тургани, 2017 йилнинг апрелида эса, Тошкентнинг “Пахтакор” клуби акцияларини сотиб олгани маълум.

Охирги интервьюларидан бирида у Тошкентдаги Ислом марказига 100 миллион доллар ажратганини айтган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Алишер Усмоновнинг ушбу марказга қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилганини билдирди.

Алишер Усмонов 1953 йилнинг 9 сентябрида Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида дунёга келган. Унинг отаси Бурхон Усмонов Тошкент шаҳар прокурори бўлган.

Айни пайтда¸ Усмонов Forbes журнали мезонлари бўйича дунëнинг энг нуфузли шахслари рўйхатининг 58-поғонасига қўйилган.

Усмонов ҳам Россия¸ ҳам Ўзбекистон президенти билан яқин алоқада ва ҳар иккала давлат раҳбари томонидан тақдирланиб келмоқда.

Жорий йил августида 65 ëшга тўлган Усмоновни Шавкат Мирзиëев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлаган бўлса¸ Владимир Путин ноябрь ойида унга III даражали "Ватан олдидаги хизматлари учун" орденини берди.

The Daily Telegraph нашрига кўра, Буюк Британия ҳукумати Владимир Путин ва унинг режими билан бевосита боғлиқ экани айтилаётган олти бизнесмен, жумладан Алишер Усмоновга тадбиркорлик қилишга тўсқинлик қилиши тўғрисида Озодлик хабар берганди.

XS
SM
MD
LG