Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2019, Тошкент вақти: 11:26

Андижонда касса терминали йўқ тадбиркорлар молини солиқчилар тортиб олаяпти


Андижоннинг Эски шаҳар мавзеидаги марказий деҳқон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари сотувчи дўкондорлар товарини солиқ идораси ходимлари олиб қўяётганидан Озодликка арз қилди. Тадбиркорларнинг айтишича, солиқчилар касса терминалисиз ишлаётган барча дўкондорлар молларини тортиб оляпти. Тадбиркорлар уларнинг иши судга оширилиб, бу масала судда кўриб чиқилгунча сут ва гўшт маҳсулотлари айниб қолишидан хавотирда.

Андижон вилояти ва шаҳар солиқ идораси инспекторлари 3 март куни Андижон шаҳрининг бир қатор бозорларида рейд ўтказди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган тадбиркорлардан бирининг айтишича, солиқчилар марказий деҳқон бозоридаги ҳужжатларида камчилик бўлган ва терминалсиз ишлаган дўкондорларнинг молларини олиб қўйган:

“Эрталабдан беш-олти нафар солиқчилар бозордаги дўконларни тафтиш қилишни бошлади. Ёнимиздаги Ҳожи ака деган дўкондорнинг барча молини конфискация қилиб, олиб қўйди. Солиқчиларнинг бу ҳаракатини кўриб, биз ва бошқа бир қанча дўкондорлар ишни тўхтатиб, дўконларни ёпдик”, деди тадбиркор.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир дўкончининг айтишича, терминалсиз ишлаётган тадбиркорлар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган:

“Солиқчилар бир тадбиркорнинг сут ва гўшт маҳсулотларини олиб қўйди. Терминали йўқ экан. Энди унинг ишини судга оширади экан, суд кўриб чиқиб, молларни конфискация қилиш ёки қилмаслик ҳақида қарор чиқарар экан. Унгача беш кун ўтадими, ўн кун ўтадими, билмадиму лекин тадбиркорнинг 4-5 миллион сўмлик суту қатиғи, колбасалари ачиб-бижиб қоладику. Шуни конфискация қилмасдан унга вақт берса бўлмасмикин?”, дейди тадбиркор.

Тадбиркор бозордаги мева-сабзавот савдоси билан шуғулланадиган баъзи бозорчиларнинг ҳам маҳсулотлари олиб қўйилганини қўшимча қилди.

Андижон шаҳар давлат солиқ инспекциясининг ўзини таништирмаган мулозими ҳақиқатан ҳам баъзи тадбиркорларнинг моллари вақтинчалик олиб қўйилганини тасдиқлади:

“Ҳужжатсиз савдо қилаётганларнинг товарлари вақтинчалик олиб қўйилди ва ҳужжатлаштирилиб судга чиқарилади. Агар шу бир ой ичида тадбиркор ҳужжатларни тайёрласа ва келтирган зарарни тўласа нарсалари қайтарилади. Президентнинг фармонига кўра, 1 мартдан бошлаб барча турғун савдо нуқталари терминал билан ишлаши шарт, бўлмаса қонун бузилиши бўлади”, деди мулозим.

Мулозим, шунингдек, расталарда мева-сабзавот билан савдо қиладиганлар ҳам тадбиркорлик ҳужжатига эга бўлиши шарт, деди:

“Президентнинг 13/26 қарори бор. Унга кўра бозорда савдо фаолиятини амалга оширадиган ҳар бир киши тадбиркорлик гувоҳномасига эга бўлиши керак”, деди солиқ идораси мулозими.

Президент қарорига кўра, 1 мартдан Ўзбекистондаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча тадбиркорлик субъектларида терминаллар бўлиши мажбурийдир.

Президент қарорида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари нақд ёки карта орқали ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб нархларни сунъий равишда оширса ёки туширса, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима қўлланиши айтилган.

Шунингдек, чек қоғозини мижозга беришдан бош тортган тадбиркорлар ҳуқуқбузар сифатида жаримага тортилади.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG