Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2022, Тошкент вақти: 02:30

Халқаро хабарлар

АҚШ: Пандемия шароитида иқтисодиётни дастаклаш бўйича чоралар маъқулланди

Вашингтондаги конгрессменлар фаолият олиб борадиган Капитолий биноси

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси иқтисодиётни дастаклаш бўйича қиймати қарийб икки триллион долларга тенг бўлган чора-тадбирлар пакетини маъқуллади. Бунга оид режа аввалроқ Қўшма Штатлар президенти Жо Байден томонидан таклиф қилинган. Лойиҳа фақат демократлар томонидан ёқланган, палатадаги биронта республикачи депутат режани қўлламаган.

Мазкур маблағ коронавирусга қарши эмлаш, кичик бизнесни дастаклаш, ишсизлик нафақаси ва болалар пособиесига устама қўшишга қаратилади. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, у ёки бу ёрдамдан АҚШдаги оилаларнинг қарийб 90 фоизини баҳраманд бўлади.

Конгресснинг қуйи палатасида ўтказилган овоз бериш жараёни мазкур ҳужжатни кўриб чиқишнинг охирги босқичи бўлиб ҳисобланади. Аввалроқ АҚШ Сенати Байденнинг таклифини қўллаган, бироқ тузатишлар киритиб, қайта кўриб чиқиш учун Намояндалар палатасига йўллаганди.

АҚШ президенти мазкур ҳужжатни 12 март куни имзолашни режаламоқда.

Байден таклифини танқид қилаётганлар таклиф қилинган бюджет ҳаддан зиёд кўламли эканини айтиб, маблағнинг бир қисми коронавирусга алоқаси бўлмаган масалаларни ҳал қилиш учун сарфланиши мумкинлигидан хавотир изҳор қилмоқдалар.

Кун янгиликлари

Путин билан учрашувда Эмомали Раҳмон тожик армиясини модернизация қилиш масаласини кўтарди

Владимир Путин ва Эмомали Раҳмоннинг Кремлдаги учрашувидан лавҳа, 2022 йил 16 майи

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 16 май куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда ўз мамлакати қуролли кучларини модернизация қилиш ва тожик-афғон чегарасидаги вазият билан боғлиқ масалаларни кўтарди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати маълум қилди.

Тожикистон раҳбари Москвага КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида қатнашиш учун борган.

“Россия Тожикистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб қолаётганини таъкидлашдан мамнунман. Ўтган йили икки мамлакат ўртасида маҳсулот айланмаси салкам 45 фоизга ошди. Жорий йилнинг уч ойида ўсиш 70 фоиздан юқори бўлди”, деган Путин Тожикистон президенти билан учрашувда.

Ўз навбатида, Эмомали Раҳмон Тожикистон қуролли кучларини модернизация қилиш дастурини амалга ошириш жараёнини ҳамда тожик-афғон чегарасидаги вазиятни муҳокама қилиш истагини билдирган. “Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича ҳам фикр алмашишга тайёрман”, дея қўшимча қилган Тожикистон раҳбари.

Кремлдаги мазкур учрашувдан бир неча кун олдин Тожикистон ҳудудига Афғонистондан бир нечта снаряд ва ўқлар келиб тушган. Мазкур воқеадан сўнг Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари тўлиқ жанговар шайлик ҳолатига келтирилган.

Ереванда мухолифат автоюришининг 90 дан зиёд иштирокчиси қўлга олинди

Ереванда автоюриш иштирокчиларининг қўлга олиниши, 2022 йил 16 майи

Ереванда мухолифат автоюришининг 91 иштирокчиси ҳибсга олинди. Бу ҳақда Озодликнинг арман хизмати хабар қилди.

Арманистон пойтахтида апрель ойи ўрталаридан бери бош вазир Николь Пашинян истеъфоси талаб қилинган намойишлар ўтказилмоқда. Оммавий норозилик Пашиняннинг халқаро ҳамжамият Арманистондан Тоғли Қорабоғ мақомига доир талабларини юмшатишни кутаётгани ҳақидаги баёнотидан сўнг бошланган. Мухолифат фикрича, арман ҳукумати Озарбайжонга ён бермоқчи.

“Интерфакс” агентлигининг ёзишича, автоюриш пойтахтнинг тўрт туманида бошланган. Режага кўра, автокарвонлар шаҳар маркази томон жуда паст тезликда ҳаракатланиб кўчаларда узун тирбандликларни вужудга келтириши керак бўлган. Бироқ полиция карвонлар йўлини тўсиб, юриш иштирокчиларини қўлга олган.

Арманистон билан Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғ бўйича ҳудудий низо ўтган асрнинг 80-йиллари охирларидан бери давом этиб келмоқда. Асосан этник арманлар истиқомат қилган Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Арманистон қўллови билан Озарбайжон ССР таркибидан чиққан ва 1991 йил сентябрида “Тоғли Қорабоғ республикаси” тузилганини эълон қилган.

“Тоғли Қорабоғ республикаси”ни ҳеч бир мамлакат, жумладан, Арманистоннинг ўзи ҳам расман тан олган эмас. 1993 йили БМТ арман қўшинини Қорабоғдан олиб чиқиб кетиш ва ҳудудни Озарбайжоннинг бир қисми деб тан олиш тўғрисида резолюция қабул қилган.

2020 йил сентябр-декабрь ойларида бўлган урушда Озарбайжон Қорабоғ атрофидаги туманларни ҳамда қадимий Шуша шаҳрини қайтариб олган. Уруш якунида Қорабоғнинг айирмачилар назоратидаги қисмига Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилган.

Украинада россиялик олигарх Михаил Фридманнинг 432 млн долларлик активи ҳибс этилди

Михаил Фридман

Украина ҳукумати россиялик олигарх Михаил Фридманнинг “Альфа-банк”да сақланаётган 12,4 млрд гривнадан ортиқ (416 млрд доллар) қийматдаги активлари – Кипр ширкатлари қимматбаҳо қоғозларини ҳибс этди, дея маълум қилди Украина бош прокурори Ирина Венедиктова.

Бундан ташқари, унинг ушбу банк ҳисобварағидаги 469 млн гривна (15,7 млн доллар) маблағи ҳам ҳибс қилинган.

Бош прокурорга кўра, Фридман ва унинг назоратидаги тадбиркорлар “Альфа-банк” ҳамда Кипр ширкатларидан ўз маблағларини эҳтимолий санкциялардан сақлаб қолиш мақсадида фойдаланганлар. Активларни Россияга олиб чиқиб кетиш урушдан бир-икки ҳафта олдин бошланган ва уруш бошланганидан сўнг фаоллашган.

Михаил Фридман Украинада уруш бошланганидан сўнг Евроиттифоқ санкцияларига учраган илк россияликлардан биридир. ЕИ санкциялари асосланмасида унинг Путин маъмурияти билан яқин алоқада экани ва 2014 йилда Қримнинг босиб олинишига кўмаклашгани қайд этилган.

Кейинроқ Фридман Bloomberg нашрига берган интервьюсида санкциялар адолатсиз қўллангани, банк карталари блоклангани туфайли ҳатто фаррош ёллашга пули йўқлигини айтиб нолиган.

Тожикистон: Хоруғда норозилик намойиши куч билан тарқатилди, бир киши ўлди, уч киши яраланди (ВИДЕО)

Хоруғ, 2022 йил 16 майи

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБМВ) маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 16 май оқшомида Хоруғдаги норозилик намойиши иштирокчиларига қарши резина ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган. Озодлик тожик хизматининг ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса чоғида бир киши нобуд бўлган, уч киши тан жароҳати олган.

Расмийлар ТБМВ маъмурий марказидаги акцияга оид маълумотни тасдиқлашгани ҳам, инкор этишгани ҳам йўқ.

Хабарга мувофиқ, душанба кунги акцияни тарқатиш чоғида 30 ёшли Замир Назаршоев вафот этган. Бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.

Тожикистон: Намойиш куч билан тарқатилди, бир киши ўлди, уч киши яраланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:23 0:00

Хоруғдаги митинг расмийлар ТБМВ раҳбари Алишер Мирзонабот ва шаҳар мэри Ризо Назарзодани истеъфога чиқариш, вилоятдаги барча блокпостларни олиб ташлаш ҳамда бадахшонликларни таъқиб қилишни тўхтатишга оид талабларни кўриб чиқишни рад этишгани ортидан бошланган.

Эрдўғон Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига қарши чиқмоқда

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 16 май куни Швеция ва Финляндия делегациялари НАТОга аъзо бўлиш учун ўз аризаларини маъқуллатиш мақсадида Анқарага келмай қўяверишлари мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Эрдўғон Туркия Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини ёқлай олмаслигини урғулаган.

“Ҳар иккала мамлакатда ҳам террор ташкилотларига нисбатан аниқ позиция мавжуд эмас. Швеция террор ташкилотларининг инкубация марказидир. Улар террорчиларни парламентга олиб келишиб, минбар беришади, уларга турли махсус таклифномалар йўллашади”, деган Туркия президенти.

Анқара фикрича, Швеция ва Финляндия Курдистон ишчи партияси жангарилари ва Фатҳуллоҳ Гулен издошлари (улар 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда айбланишади) билан алоқадор шахсларни яшириб ўтирибди. Туркия бу икки ташкилотни террор ташкилоти деб ҳисоблайди.

НАТОга кириш учун альянснинг барча аъзолари аризани дастаклаши лозим.

Швеция ва Финляндия ҳукуматлари НАТОга кириш қарорига шу йил февралида Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб киргани ортидан келишган.

Россия Украина шарқида янги ҳужумларга тайёргарлик кўрмоқда, НАТО Украина ғалаба қозонишини башорат қилмоқда

Украина аскарлари.

Украина ҳукумати мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Харьков атрофида Россия армиясига қақшатқич зарбалар беришда давом этаётганини маълум қилди. Айни пайтда президент Владимир Зеленский 15 май куни кечқурун берган баёнотида Россия қўшини Донбассни тўлиқ назоратига олиш учун янги ҳужумларга тайёрланаётганини айтди:

“Биз Россиянинг Донбассга уюштирадиган янги ҳужумларини қайтаришга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Оккупантлар ҳалигача боши берк кўчага кириб қолганларини, улар “махсус амалиёт” деб атаётган операция аллақачон банкрот бўлганини англай олмаяптилар”,-деди Зеленский.

Украина президенти маслаҳатчиси Алексей Арестович Харьковдан чекинган рус бўлинмалари Донбасс йўналишига ташланаётганини билдирди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ташкилотга аъзо давлатлар расмийлари билан 15 май куни Берлинда ўтказган учрашувда “Уруш Москва режалаштирганидек бўлмаяпти”, деб айтди ва давлатларни Украинага ҳарбий кўмакни кучайтиришга чақирди.

16 май куни НАТО Эстонияда кенг кўламли ҳарбий ўқув машғулотларини бошлайди. Шу куни Брюсселда Европа Иттифқи ташқи ишлар вазирлари Украинадаги вазиятни муҳокама қилади. Мазкур учрашувда Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этиш масаласи кўриб чиқилади.

Bloomberg: Германия Россия нефтидан йил охирига қадар воз кечади

Германия Россия нефти импортидан йил охиригача воз кечади, ҳатто Евроиттифоқ мамлакатлари Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи туркуми доирасида ёқилғи сотиб олишни тақиқлаш бўйича тил топиша олмаган тақдирда ҳам, дея хабар қилди Bloomberg.

Нашр манбасига кўра, ГФР ҳукумати олти-етти ой мобайнида муқобил таъминотчи масаласини ҳал қила оламиз, деб ҳисоблайди. Айнан қайси мамлакатлар Германиянинг нефтга эҳтиёжини қондириши мумкинлиги ҳозирча очиқланмаган.

Германия иқтисодиёт вазирлигига кўра, Россия Украинада уруш бошлаганидан бери Россиянинг Германияга нефть етказиб беришдаги улуши 35 фоиздан 12 фоизга камайган.

Энг катта муаммолардан бири Шведт шаҳрида жойлашган Европадаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига хомашё етказиб бериш масаласидир. “Роснефть” назоратидаги ушбу завод, хусусан, Берлин халқаро аэропортини ёқилғи билан таъминлайди. Bloomberg ва Reuters маълумотига кўра, ҳукумат заводни ўз назоратига олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

ЕИ мамлакатлари 8 майдаги учрашувда Россияга қарши санкциялар янги туркуми хусусида келишувга эриша олмаган. Россия нефти импорти ва транспортировкасига чеклов қўйиш ташаббусини ҳозирча Венгрия “ўтказмаяпти”.

Санкцияларнинг олтинчи туркуми, жумладан, Россия нефтини харид қилиш ва ташишга тақиқ қўйишни назарда тутади. Санкциялар лойиҳасида Россия ёқилғисига қаттиқ тобе бўлмиш Венгрия, Чехия ва Словакия учун истиснолар таклиф этилганди. Бироқ Венгрия ҳукумати бу “юмшатиш” етарли эмас деб ҳисоблаб, бошқа мамлакатлардан нефть сотиб олишга ўтиш сарф-харажатларини қоплаб беришни талаб қилмоқда.

Олтинчи санкциялар туркуми маъқулланиши учун уни Евроиттифоқнинг барча мамлакатлари дастаклаши лозим. Бу масала ЕИ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилишида бугун, яъни 16 май куни муҳокама қилинади.

Россиянинг АҚШдаги элчиси: “Биз чекинмаймиз”

Анатолий Антонов

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов Россия Украинада “таслим бўлмаслиги”га ишончи комиллигини айтди. Унга кўра, Россиянинг АҚШдаги дипломатлари “олий бош қўмондон қуролли кучлар олдига қўйган барча вазифалар тўла-тўкис адо этилади”, дея ишонадилар.

“Соловьёв Live” телеканали ёйинида сўзлаган Антоновга кўра, АҚШ Россияни сулҳ музокараларига “ундамоқда”, аммо фақат ўз шартларини тиқиштиряпти. Элчининг иддаосича, Россияга учта шарт қўйилган: Украинада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, қўшинларни 24 февралгача эгаллаб турилган позицияларга қайтариш, шунингдек, “барча қилмишига тавба қилиш”. Элчи Антонов: “Бунақа капитуляция бўлган эмас, ҳеч қачон бўлмайди. Биз асло таслим бўлмаймиз, чекинмаймиз”, деган.

Элчи АҚШ Россия билан мулоқотни “боши берк кўчага тиқиб қўйган”идан, шунингдек Вашингтондаги элчихона ходимлари билан юзма-юз кўришувларни тўхтатганидан нолиган.

Россия Украинага бостириб кирган кундан бери Қўшма Штатлар Москвани ўт очишни тўхтатишга ва қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирмоқда. Шунингдек, АҚШ Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини дастаклашини билдириб, Киевга катта ёрдам беряпти. Шу билан бирга, Россияга “таслим бўлиш” талаби илгари сурилаётган эмас. АҚШ мазкур можаро музокаралар йўли билан бартараф этилишини, аммо бу Россия тарафининг диктати асосида бўлмаслиги кераклигини урғулаб келади.

Кремль Украина шарқидаги ўзини “ДХР” ва “ЛХР” деб атаётган айирмачи республикалар мустақиллигини тан олишидан ва Украинага ҳужум қилишидан бир кун олдин элчи Антонов “Донбасс ва Луганск Украинанинг бир қисми эканини тасдиқламоқчи эдим”, деб айтган ҳамда Россиянинг Украинага бостириб кириш ва унинг ҳудудларини ишғол этиш режаси йўқлигини иддао қилган.

“Азовсталь” заводидаги ярадорларнинг аҳволи кундан-кунга оғирлашяпти

"Азовстал"даги ярадор жангчилардан бири

Россия ҳарбийлари қамалда ушлаб турган “Азовсталь” заводи ҳудудида украиналик қарийб 600 чоғли ярадор жангчи бор. Бу ҳақда миллий телемарафон ёйинида Украин Миллий гвардиясининг 12-оператив бригадаси командири Денис Шлега маълум қилди.

Унинг айтишича, юзлаб ярадорлардан тақрибан 40 нафари жуда оғир аҳволда. Шлега дори-дармон ва тиббиёт ускуналари “жуда танқис”лигини урғулаб, вазиятни у “мураккаб” дея баҳолади, дея хабар қилди Озодликнинг украин хизмати.

Таъкидланишича, ушбу маълумотни 15 май куни ўтказилган матбуот анжуманида “Азовсталь” мудофаачиларининг рафиқалари ҳам тасдиқлаган. Улар эрлари кунига бир стакандан техник сув ичишаётгани, озиқ-овқат захираси жуда камлигини айтганлар. Оғир ярадор жангчилар орасида дори-дармон йўқлигидан ўлаётганлар кўп, наркоз бермасдан ампутация қилинган ҳоллар бўлган, дейишган анжуман иштирокчилари.

Жангчиларнинг аёллари президент Эрдўғон билан учрашиш ва ундан эрларига ёрдамлашишини илтимос қилиш учун Туркияга боришмоқчи.

“Настояшчее время” телеканали “Азов” полки жангчиси Дмитрий Козацкий билан боғланган. У ҳам “Азовстал”даги 600-700 чоғли ярадор аскардан 40-50 нафари “ўта оғир аҳволда”лиги ва шошилинч эвакуацияга муҳтожлигини таъкидлаган.

“Сув ва егулик беш кун ёки бир ҳафталик қолди. Кунда бир маҳал – фақат тушда овқатланяпмиз. Бугун сули бўтқаси билан озгинадан сабзи едик”, деган Козацкий.

Штурм ҳақида тўхталаркан, Козацкий жанг ҳаракатлари аллақачон завод ҳудудида кечаётганини билдирган. “Душман ҳужумни оғир артиллерия, танклар ва авиация билан дастаклаб турибди. Жангчиларимиз ёв ҳамлаларининг барчасини максимум даражада қайтармоқда”, деган “Азов” полки жангчиси.

АҚШ: Буффалода ирқий нафрат асосида амалга оширилган ҳужумда 10 киши қурбон бўлди

АҚШнинг Нью-Йорк штатида жойлашган Буффало шаҳридаги супермаркетда уюштирилган ҳужум натижасида 10 киши нобуд бўлди, яна уч киши тан жароҳати олди. Ҳодиса ортидан полиция 18 яшар йигитни қўлга олган. CNN хабарига кўра, у мазкур жиноятни ирқий нафрат асосида амалга оширган тахмин қилинмоқда.

CBS телеканалининг полициядан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, милтиқ билан қуролланган одам 14 май куни маҳаллий вақт билан соат 14:30 ларда Tops Friendly Markets дўконига кирган. У ёнидаги камера билан жиноятни Twitch’да трансляция қилиб борган.

Буффало полицияси комиссари Жозеф Грамальяга кўра, гумонланувчи тураргоҳдаёқ ўт очиб, уч кишини ўлдирган ва бир кишини яралаган. Шундан кейин у супермаркетга кирган. У ерда қўриқчилик қилган истеъфодаги полиция ходими ҳужумчига қарата бир неча марта ўқ узган, бироқ уни зирҳ камзули ва бошидаги каскаси сақлаб қолган. Кейин ҳужумчи қўриқчини ўлдирган.

Грамальянинг айтишича, пировардида гумонланувчи дўкон эшиги олдига қайтган ва полиция билан тўқнаш келган. У қуролини ўз бўйнига тақаган, бироқ куч ишлатар тузилмалар ходимлари ҳужумчини таслим бўлишга кўндириб, қўлга олишган.

CNNнинг ёзишича, гумонланувчининг исми Пэйтон Гендрон бўлиб, у отишмадан кейин ўзига қўйилаётган қотиллик айбловини тан олмаяпти. Суд ҳужумчига суд-тиббий экспертиза тайинлаган. Ҳужумчининг айби исботланган тақдирда, у умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Округ прокурори Эри Жон Флинн ҳужумчи Гендрон Буфаллога Конклиндан келганини қайд этган. Гумонланувчи қасддан асосан афроамерикаликлар истиқомат қиладиган мавзега йўл олгани тахмин қилинмоқда.

Расмийлар фикрича, жиноят ирқий нафрат асосида содир этилган – 13 қурбондан 11 нафари афроамерикалик бўлган.

CBS манбаларига кўра, гумонланувчи одамларни отаётган пайтда ирқий таҳқирлашга оид сўзлардан фойдаланган. Милтиқ қўндоғига Гендрон 77 киши отиб ўлдирган норвегиялик неонацист Андрес Брейвик ҳамда Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида масжидларни нишонга олиб, асосан мусулмонлардан иборат 51 кишини ўлдирган Брентон Таррант номларини ёзиб олган. Уларнинг иккаласи ҳам кейинроқ умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Бирлашган Араб Амирликлари президенти вафот этди

Халифа бин Зоид Ол Наҳаён 2004 йилдан бери мамлакатни бошқариб келган.

Бирлашган Араб Амирликлари президенти шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён 13 май куни оғир касаллик оқибатида вафот этди. У 73 ёшда эди. Бу ҳақда WAM давлат агентлиги хабар берди.

Президент вафоти муносабати билан БААда 40 кунлик мотам эълон қилинди. Бугундан бошлаб вазирликлар, давлат ва хусусий ташкилотларда уч кунга иш тўхтатилди.

Халифа бин Зоид Ол Наҳаён 2004 йилдан бери мамлакатни бошқариб келган. Бундан олдин 1971-2004 йилларда унинг отаси Заид Аль Нахайян президент бўлган. Заид Аль Нахайян БААнинг асосчиси ҳисобланади.

Forbes журналининг ёзишича, БААнинг иккинчи президенти жаҳондаги энг бой одамлардан бири эди. Унинг шахсий бойлиги 15 миллиард долларни, оиласининг бойликлари эса 150 миллион долларни ташкил этади.

Астрономлар илк бор Сомон йўли галактикасидаги қора туйнук тасвирини жамоатчиликка тақдим этди

Event Horizon Telescope телескопи томонидан олинган Sagittarius A* қора туйнуги.

Астрономлар илк бор Сомон йўли галлактикаси марказидаги Sagittarius A* (Ўқотар A*) деб номланган қора туйнук суратини жамоатчиликка тақдим этди. Мазкур суратлар 2017 йилда тасвирга туширилган ва олимлар улар устида беш йил изланишлар олиб борган.

Мазкур қора туйнук Ердан 27 минг ёруғлик йили масофасида жойлашган. Астрономларга кўра, Sagittarius A* Альберт Эйнштейннинг нисбийлик назарияси тўғри эканини тасдиқламоқда. Негаки, қора туйнукнинг ҳажмлари Эйнштейннинг физик ҳисоб-китобларига мосдир.

Қора туйнук жаҳоннинг тўрт қитъасида жойлашган саккизта радиообсерватория тармоғига уланган Event Horizon Telescope воситасида 2017 йилнинг апрелида 10 кеча-кундуз давомида рангли тасвирга олинди.

Астрономларнинг айтишларича, бу каби қора туйнуклар барча галлактикаларда мавжуд. Қора туйнуклар ёруғлик ва моддаларни симириб тургани учун уларни тасвирга олиш жуда мураккаб жараён.

Олимлар, аввал таҳмин қилинганидай, қора туйнук ёруғлик ва материяни юҳодай ютмаслиги, аксинча, уларни аста секинлик билан симириши аниқланганини ҳам таъкидладилар.

Тадқиқотчиларга кўра, Сомон йўли галлактикасидаги Sagittarius A* туйнуги Қуёш системасидаги Меркурий орбитасига тенг ва Қуёшдан 4 миллион маротаба каттадир. Қора туйнукдаги ҳарорат триллион градусга тенг.

Қирғизистонда чегарадан ноқонуний ўтган 11 тожикистонлик ушланди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати 13 май куни Сулукта шаҳрида чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтиб, маҳаллий кўмир омборида ишлаётган 11 нафар тожикистонлик ушланганини билдирди.

Қўлга олинганларнинг барчаси Сўғд вилояти Жаббор Расулов туманидаги Қўрғонча қишлоғида истиқомат қилувчилардир. Миллий хавфсизлик хизмати улар Қирғизистонда ҳеч қандай рухсатномага эга бўлмаган ҳолда ноқонуний равишда ишлаганларини ҳам таъкидлаган.

Тожикистон фуқароларига нисбатан “Чегарадан ноқонуний ўтиш” моддаси асосида жиноят иши қўзғатилди ва иш судга юборилди. Уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

2021 йили Тожикистоннинг Сўғд вилоятида 39 қирғизистонлик чегарадан ноқонуний ўтиш айблови билан судланган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар 2021 йилнинг апрель ойи охирларидаги қонли тўқнашувлардан сўнг ёмонлашган.
Бир неча кун давом этган қуролли тўқнашув оқибатида қирғиз томонидан 154 киши яраланди, 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди. Тожикистон ҳукумати эса расман 19 нафар қурбон ва 87 нафар ярадор ҳақида хабар берган.

Киевда Украина фуқаросини ўлдирганликда айбланаётган илк рус ҳарбийси судланади

Украина манзараси.

Киевда 13 май куни Украина фуқаросини ўлдирганликда айбланаётган илк рус ҳарбийсига нисбатан суд бошланиши кутилмоқда.

Терговнинг билдиришича, 2022 йилнинг 28 февралида сержант Вадим Шишмарин велосипедда мобил телефонида гаплашиб кетаётган 62 ёшли фуқарони бошидан отиб ўлдирган. Бу воқеа Сумск вилоятининг Чупаховка посёлкасида содир этилган.

21 ёшли Шишмаринни Украина Жиноят кодексининг 438-моддаси (“Уруш қонунлари ва тартибларини бузиш”) асосида судлашади.

Россия армияси Киев вилоятининг айрим туманларини бир ой – февраль ойи охиридан март ойи охирларига қадар ишғол этиб турган. Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига мувофиқ, бу вақт мобайнида 1200 нафардан зиёд тинч аҳоли вакили ўлдирилган.

2 апрелда Киев вилояти Россия босқинидан озод қилингач, қатор шаҳар ва қишлоқларда тинч аҳолининг жасадлари топилган. Буча шаҳрида камида 400 киши оммавий қатл қилингани тасдиқланди.

Москва эса Украинада тинч аҳоли қатлиом қилинганини, Россия ҳарбийлари фуқаровий инфраструктурани вайрон қилаётганига оид айбловларни инкор қилиб келмоқда.

Айни пайтда Россия ҳарбийлари тинч аҳолини қатлиом қилаётганига оид ҳужжат ва далиллар сунъий йўлдошлардан ҳамда видеокузатув камераларидан олинган тасвирлар воситасида тасдиқланган.

WSJ: Киев вилоятининг икки қишлоғи орасидаги йўлда 37 нафар тинч аҳоли вакили жасадлари топилди

Иллюстратив сурат

Киев вилоятининг Мотижин ва Ясногородка қишлоқлари орасидаги 7 километрлик йўлда 37 кишининг жасадлари топилди. Wall Street Journal нашрининг украин полициясидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, улар март ойида вилоятга Россия ҳарбийлари бостириб кирганидан сўнг тинч ҳудудларга кетишга уринган пайтда ўққа тутилиб, ҳалок бўлишган.

WSJ ролигида Мотижиндан (Макаров тумани) шимолга кетган икки йўл урушнинг илк ҳафтасида кўплаб маҳаллий турғуннинг қатлгоҳига айлангани, шу боис айрим фуқаролар кўчиб кетиш учун жануби-шарқдаги Ясногородка қишлоғига (Фастовск тумани) элтувчи йўлдан фойдаланишга урингани айтилган.

Журналистлар автомобиллар регистраторлари видеоқайдлари ҳамда чор-атрофни ўрганиб, гувоҳлар билан сўзлашгач, россияликлар йўлни миномётлардан ўққа тутишган, деган хулосага келганлар – 3 март куни камида битта шунақа ҳолат видеога тушган эди.

Йўлда – ён кўзгуларига оқ боғич тақилган ва “Болалар” деб ёзилган мажақланган фуқаровий автомобиллардан ташқари, ўқотар қурол жароҳатидан ҳалок бўлган одамларнинг жасадлари ҳам топилган.

Россиялик ҳарбийлар Киев вилоятининг айрим туманларини бир ой – февраль ойи охиридан март ойи охирларига қадар ишғол этиб турган. Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига мувофиқ, бу вақт мобайнида 1200 нафардан зиёд тинч аҳоли вакили ўлдирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG