Линклар

Шошилинч хабар
27 январ 2021, Тошкент вақти: 05:29

Бош вазир Пашинян блоки Еревандаги сайловда ишончли ғалаба қозонди


Машҳур актёр ва продюсер Ҳайк Марутян (суратда) олган овозлар унинг Ереван шаҳри мэри бўлиши учун етиб ортади.

Арманистон бош вазири Николь Пашинян блоки пойтахт Ереван шаҳрида бўлиб ўтган муниципал сайловда ишончли ғалаба қозонди. Бу янги раҳбар учун биринчи улкан синов бўлди.

Марказий сайлов комиссияси (МСК) 24 сентбярда Пашиняннинг “Менинг қадамим” блоки 81 фоиз овоз олганини эълон қилди. Бу натижа асосий номзод, машҳур актёр ва продюсер Ҳайк Марутян Ереван шаҳри мэри бўлиши учун етиб ортади.

Тадбиркор Гагик Царукяннинг “Гуллаб-яшнаётган Арманистон” (ГЯА) партияси маррага 7 фоизлик натижа билан иккинчи бўлиб етиб келди. “Луис” иттифоқи эса 5 фоиз овоз олди, дейилади МСК ахборотида. Иккала гуруҳ ҳам Пашинян бошлиқ ҳукуматда вазирлик лавозимларига эга.

Яна 9 номзод, жумладан, парламентдаги “Арманистон инқилоби” партияси номзоди кечаги сайловда бундан ҳам баттар натижалар кўрсатди.

Арманистон сайлов қонунчилигига кўра, сиёсий бирлашмалар шаҳар кенгашига ўтиши учун камида 8 фоиз овоз олиши керак. Лекин қонунчиликда яна шаҳар кенгашига камида учта сиёсий гуруҳ ўтиши кераклиги белгилаб қўйилган. Бу “Луис” иттифоқи ҳам депутатлик ўринларига эга бўлишини англатади.

МСК сайловда 43,7 фоиз сайловчилар овоз берганини маълум қилди. 2017 йил майида бўлиб ўтган сайловда сайловчиларнинг 41 фоизи овоз берган ва унда Арманистон Республикачилар партияси ноҳалол йўллар билан ғолиб чиққан эди. Партия бу сафар шаҳар кенгашига номзодларини қўймади.

Пашинян маҳаллий сайлов кампаниясида фаол иштирок этди, чунки мамлакат аҳолисининг деярли ярми яшайдиган Еревандаги сайлов унинг сиёсий келажаги учун референдум вазифасини ўтаб берди. Бош вазирга бир неча ойдан сўнг бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдидан “кучли мандат” керак эди. Шунинг учун у сайловчиларга қарата икки марта мурожаат қилди.

ГЯА партияси ва “Луис” иттифоқи раҳбарлари Пашинян блокини ғалаба билан табриклади.

Ереван шаҳар кенгашига сайлов жараёнидаги қонунбузарликлар ҳақида рақиб партиялар вакилларининг ҳам, маҳаллий кузатувчиларнинг ҳам шикоятлари жуда кам бўлди.

Арманистон Тергов қўмитасидан маълум қилишларича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга кўп марта овоз беришга уриниш сингари ҳуқуқбузарликлар хусусида 25 та шикоят келиб тушган. Қўмита уларнинг барчасини тергов қилишга ваъда берди.

Арманистонда мухолифати йиллар давомида сайлов ҳокимиятдаги партия манфаатини кўзлаб ўтказилаётганидан шикоят қилиб келаётган эди.

Николь Пашинян 8 майда Арманистон Бош вазир этиб тайинланганидан кейин коррупцияга қарши кескин кураш эълон қилди.

23 апрель куни Арманистонда депутат Пашинян етакчилигидаги мухолифат тарафдорларининг қарийб икки ҳафта давом этган норозилик чиқишлари ортидан ҳукмрон партия томонидан Бош вазирликка сайланган собиқ президент Саргсян истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.

XS
SM
MD
LG