Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2021, Тошкент вақти: 09:42

Халқаро хабарлар

Ироқлик юзлаб мигрант Беларусдан ватанига қайтарилди

Беларусь-Польша чегарасидаги мигрантлар, 2021 йил 18 ноябрь.

Европа Иттифоқига ўтмоқчи бўлиб Беларусга борган юзлаб ироқлик мигрант 18 ноябрь куни ватанига қайтиш учун самолёт рейсларига рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Ироқ Ташқи ишлар вазирлигига таянган ҳолда Ройтерс агентлиги хабар берди.

Вазирликнинг таъкидлашича, асосан Ироқ курдларидан иборат бўлган гуруҳ Эрбил шаҳрига учувчи самолётга чипта олишган.

Беларусь мухолифатининг "Хартия 97" сайти 18 ноябрь куни Ироққа жами 430 мигрант қайтиб кетганини билдирди.

Беларуснинг Европа Иттифоқи билан чегарадош ҳудудларида тўпланиб турган 4 мингга яқин мигрантнинг асосий қисми ироқликлар экани айтилади. Улар Беларусь орқали Литва, Латвия ва Польшага ўтишни режалаштирган эдилар.

16 ноябрда Польша чегарачилари Беларусь билан чегарадаги тўсиқларни бузиб, Европа Иттифоқига ўтмоқчи бўлган мигрантларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни қўллади.

Кун янгиликлари

Толибон Навоий, Бобур, Беруний ва Машраб мақбараларини ободонлаштиришга тайёрлигини билдирди

Ҳиротдаги Алишер Навоий мақбараси

Толибон ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда икки мамлакат халқларининг буюк аждодлари – Алишер Навоий (Ҳирот), Заҳириддин Бобур (Кобул), Абу Райҳон Беруний (Ғазна) ва Бобораҳим Машраб (Таҳор) қўним топган масканларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёр. Бу ҳақда, ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, Толибон вакиллари жорий йилнинг 30 ноябрида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бошчилигидаги делегация билан Кобулда ўтказилган учрашувда билдирганлар.

Қайд этилишича, мезбонлар Афғонистон мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилишига ваъда берганлар.

Кобулдаги турли муассасаларда олиб борилган учрашувларда Афғонистондаги мавжуд вазият, афғон халқига инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган, Ўзбекистон томонидан Афғонистонга электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инсонпарварлик ёрдамини ўз вақтида кўрсатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берилган.

Толибон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлаган.

Беларусда журналист ва ҳуқуқ фаолларининг уйларида тинтув ўтказилмоқда

Тинтилган уй (иллюстратив сурат)

Беларусда 1 декабрь куни эрталабдан ҳуқуқбонлар, фаоллар ва журналистларнинг уйларида тинтув ўтказилмоқда. “Весна” инсон ҳуқуқлари маркази маълум қилишича, тинтувлар Минск, Гомель, Гродно, Брест, Витебск, Кричев, Речица, Мозирь ва бошқа ҳудудларда олиб бориляпти.

Хусусан, Мозирда ҳуқуқбон Владимир Телегиннинг квартираси тинтилиб, унинг шахсий компьютери, китоблари ва бошқа буюмлари олиб қўйилган.

Витебскда жамоатчилик фаоллари Владимир Кийко ва Николай Кочурецнинг уйларида тинтув ўтказилган. Кричевда журналист Сергей Неровний “номаълум жиноят иши доирасида” сўроққа чақирилган. Шунингдек, Могилёв вилояти Молиявий тергов департаменти (МТД) журналист Валерия Лепешовани ушлаган.

Гомелда журналист Лариса Ширакова уйида тинтув ўтказилиб, унинг ўзи сўроққа олиб кетилган. Журналистнинг шахсий телефони, компьютери, флешка ва қаттиқ дисклари олиб қўйилган. Сўроқ чоғида у МТД ходимининг саволларига жавоб беришдан бош тортган. Шираковани иш материалларини ошкор қилмаслик ҳақида огоҳлантириб, қўйиб юборганлар.

Гомелда Бирлашган фуқаролик партияси фаоли Василий Поляковнинг уйида ҳам тинтув ўтказилган.

Гроднода Беларусь ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳаллий журналист Надежда Витинанинг уйида тинтув ўтказгани айтилмоқда. Журналист “шахсий ёзишмалари билан боғлиқ қандайдир иш бўйича” гувоҳ сифатида сўроққа тутилган.

Бундан ташқари, ҳуқуқбонларга кўра, Минскда камида 10 кишининг уйида тинтув бўляпти. Ушбу кенг кўламли тинтувлар сабаби ҳозирча маълум эмас.

НАТО: Россия Украинага қарши ҳар қандай агрессияси учун “катта товон” тўлайди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, Рига, 2021 йил 18 ноябри

Россия Украина чегаралари яқинида ҳарбий қудратини ошираётгани муносабати билан юзага келган таҳлика манзарасида НАТО Москвани қўшни мамлакатга қарши ҳар қандай ҳарбий агрессия учун катта товон тўлаши ҳақида огоҳлантирди.

Ғарбнинг Россияга қаратилган ушбу огоҳлантируви 30 ноябрь куни НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Латвия пойтахти Ригада ўтказилган йиғилишида янграган. Россиядан бўлаётган таҳдидлар йиғилиш кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлган.

Украина жорий йил бошида ўтказилган ҳарбий машқлардан сўнг Россия умумий чегаралар яқинида ўн минглаб аскар ва оғир қуролларни тўплагани, бу Кремлнинг эҳтимолий агрессиясидан дарак беришини таъкидламоқда.

2014 йилда Қримни босиб олган ва Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклаб келаётган Россия эса ҳужум қилишни режалаётганини инкор этиб, Украина ва унинг ғарбий иттифоқчиларини вазиятни кескинлаштиришда айблаяпти.

НАТОнинг Украинада ўз ҳарбий инфратузилмасини кенгайтириши Россия учун “қизил чизиқ” бўлиши мумкинки, Москва мазкур таҳдидга жавобан шунга ўхшаш бир нарсаларни яратишга мажбур бўлади, деган Россия президенти Владимир Путин 30 ноябрь куни “Россия чорлайди!” форумидаги чиқишида.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг журналистлар билан мулоқотда “Москванинг ҳужум қилиши эҳтимоли неча фоизлигидан қатъи назар, Ғарб энг ёмон вазиятга тайёр туриши керак”лигини айтган.

Варшава Беларусдан Польшага ўтиш бўйича чеклов муддатини узайтирди

Польша-Беларусь чегарасидаги поляк ҳарбийлари

Польша расмийларга Беларусь ҳудудидан мамлакатга кириб келиш бўйича чекловни давом эттиришга имкон берувчи баҳсли фавқулодда вазият муддатини узайтирди. Бундан фақат чегараолди ҳудудида яшаётган, ишлаётган ёки ўқиётган шахсларгина мустаснодир.

Польша парламентининг қуйи палатаси миграцион инқироз манзарасида чегара тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритишни маъқуллаб овоз бергани ортидан Ички ишлар вазирлиги 30 ноябрдан чеклов жорий қилинишини эълон қилди. Фавқулодда вазият тартиби ИИВга норезидент бўлган барчани, шу жумладан журналистлар ва ноҳукумат ташкилотлари ходимларини минглаб мигрантларнинг Европа Иттифоқига ўтиши тўсиб қўйилган чегараолди ҳудудига киргизмаслик имконини беради.

Польша сейми (парламентнинг қуйи палатаси) журналистларнинг чегарада Польша ҳудудига ўтишига имкон берувчи сенат томонидан киритилган ўзгартишларни рад этган. Қонунчиликка ўзгартишлар рад этилганидан кейин президент Анжей Дуда янги чеклов чораларини имзолади. Мазкур чекловлар ички ишлар вазири Мариуш Каминскига, юзага келажак вазиятга қараб, чегараолди ҳудудига ўтишни тақиқлаб қўйиш имконини беради.

Янги тартиб-қоидаларга мувофиқ, журналистлар чегарада ишлаш учун чегара хизмати бошлиғидан рухсатнома олишлари керак. Мазкур тақиқ 1 декабрдан эътиборан кучга кирди ва у уч ойгача амалда бўлиши мумкин.

Лукашенко аннексия қилинган Қримни Россия ҳудуди ўлароқ эътироф этди

Александр Лукашенко 30 ноябрь куни берган интервьюсида Қрим “ҳуқуқий жиҳатдан” ва “феълан” Россия ҳудуди эканини айтиб, яриморолга сафар қилиш ҳақида Путин билан келишиб олганини билдирди. Халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, Қрим 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган.

Дунёдаги кўплаб мамакатлар ҳукуматлари Беларуснинг легитим президенти сифатида тан олмаган Лукашенкога кўра, “референдум ўтказилганидан сўнг Қрим де-юре ва де-факто Россияники бўлган”. Лукашенконинг бу мулоҳазасига расмий тус бериладими, йўқми – бунга ҳали аниқлик киритилгани йўқ.

2021 йил августида Лукашенко “сўнгги рус олигархи” Қримга маҳсулот етказа бошласагина, яриморолни Россия ери деб тан олишини айтган. Россия федерал ширкатлари Ғарб мамлакатлари санкцияларидан чўчиб, ҳануз Қримда расман фаолият олиб бормаяпти.

Ундан аввалроқ эса Беларусь раҳбари аннексия қилинган Қримни Россия ҳудуди ўлароқ тан олишдан уни санкциялар хавфи ҳамда Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко билан келишув тўхтатиб қолганини маълум қилган.

Украинанинг янги президенти Владимир Зеленский Беларусда ўтказилган президент сайлови натижаларини тан олишдан бош тортиб, Киев Ғарбнинг Минскка қарши қўлланган санкцияларига қўшилгач, икки мамлакат алоқалари кескин ёмонлашган.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “Укринформ” нашрига берган изоҳида Киев Лукашенконинг сўзларини эмас, “хатти-ҳаракатларини баҳолайди”, деб айтган. “Агар Беларусь ноқонуний оккупация қилинган Қримни ростдан ҳам Россия ҳудуди деб тан олса, бу украин-беларус муносабатларига ўнгланмайдиган даражада путур етказади”, деган ТИВ раҳбари.

Қримни БМТнинг 193 аъзосидан атиги еттитаси Россия ери сифатида тан олган, булар Венесуэла, Куба, Никарагуа, Сурия, Судан, КХДР ва Афғонистон каби мамлакатлардир.

Россияда II Жаҳон уруши давридан бери энг кўп кўп ўлим қайд этилди

2020 йил декабридан 2021 йил ноябригача Россияда 2,41 миллиондан зиёд ўлим ҳолати қайд этилди – бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги 75 йил учун рекорд кўрсаткичдир. Аҳолининг табиий камайиши, миграцияни ҳисобга олмаганда, 990 минг кишини ташкил этган. Бу ҳақда “Ведомости” нашри хабар қилди.

Нашрга кўра, аввалги антирекорд 2003 йилда кузатилган, ўшанда 2,37 миллион киши вафот этган. 1941-1945 йилларда эса ўлим ҳар минг нафар аҳолига 30-50 кишини ташкил этган.

Демографлар фикрича, йил якуни бўйича кўрсаткичлар 2020 йилга нисбатан янада ёмонлашади. Бутун 2021 йил давомида ўлимлар сони 2,45 миллиондан кам бўлмаслиги, табиий камайиш эса 1,05 миллион кишини ташкил этиши айтилмоқда.

Ўлим кўпайишининг асосий сабабларидан бири COVID-19 пандемиясидир. Расмий статистикага кўра, 2020 йил октябридан 2021 йил сентябригача коронавирус асоратларидан 406 минг киши вафот этган.

Шунингдек, мутахассислар аномал иссиқ, гиёҳванд моддалар ва алкоголли ичимликлар истеъмолининг ортиши каби омиллар ҳам ўлим кўрсаткичини оширганини урғулашган.

Америкалик генерал: Хитой ва Россия мунтазам равишда АҚШ сунъий йўлдошларига ҳужум қилмоқда

Алоқа сунъий йўлдошлари юкланган Falcon-9 ракетасининг учирилиши (архив сурати)

Хитой ва Россия деярли ҳар куни Ер орбитасидаги Америка сунъий йўлдошларига ҳужум қилади, дея маълум қилган Washington Post газетасига берган интервьюсида АҚШ космик кучлар қўмондони ўринбосари Дэвид Томпсон.

Генералнинг айтишича, гап лазер билан ҳужум қилиш, киберҳужумлар, сунъий йўлдошлар фойдаланадиган радиочастоталарни бўғиб қўйиш ҳолатлари ҳақида бормоқда. Ҳозирча бу ҳужумлар сунъий йўлдошларга “тиклаб бўлмас даражада зарар етказа олгани йўқ”, аммо уларнинг кўлами борган сари кенгайяпти.

“Вазият шундайки, космик тизимларимизга хавф солиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд”, деган генерал Томпсон.

У АҚШ сунъий йўлдошини йўқ қилишга уриниш бўлган-бўлмаганига оид саволга жавоб беришдан бош тортган. Хитой ҳам, Россия ҳам бошқа сунъий йўлдошларга ҳужум қилишга мўлжалланган сунъий йўлдошларни яратиш устида иш олиб бормоқда.

2019 йилда Россия ҳарбий сунъий йўлдоши Американинг разведкачи сунъий йўлдошига шу қадар яқин келган эдики, АҚШ Россияга оид аппарат ҳужум қилмоқчи бўлганини истисно этмаганди.

Хитой эса Ерда сунъий йўлдошга қарши тизимлар, жумладан, лазер қуролларини кўпайтирмоқда. АҚШ разведкасига кўра, Хитой бу борада Россияни аллақачон ортда қолдирган. Боз устига Хитой АҚШга нисбатан икки баравар кўп сунъий йўлдош учирмоқда.

Генерал Томпсон фикрича, агар Вашингтон космик фаолиятини кучайтирмаса, Хитой бир неча йилдан сўнг коинотдан фойдаланиш соҳасида АҚШдан ўзиб кетиши мумкин.

АҚШ ҳарбий бюджети “Шимолий оқим-2” газ қувури туфайли Сенатдан ўтмаяпти

“Шимолий оқим-2” газ қувури қисмларидан бири

АҚШ Сенатидаги республикачилар қарийб 770 миллиард долларлик мудофаа бюджетининг “Шимолий оқим-2” газ қувурига қарши санкциялар кучайтирилмасдан қабул қилинишига йўл қўйишмади. Бюджет лойиҳасини 45 киши ёқлаган, 51 киши эса унга қарши овоз берган.

Сенатда ҳарбий бюджет бўйича овоз берилишидан олдинроқ АҚШ матбуоти Оқ уй ва Давлат департаменти сенаторлардан “Шимолий оқим-2”га қарши чекловларни кучайтиришга доир тузатишларни ўтказмасликни илтимос қилгани ҳақида ёзган. Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер республикачилар қароридан ғазабланганини айтган.

“Шимолий оқим-2” мухолифлари лойиҳа ишга тушгач, Россия газни Украина орқали етказиб беришни тўхтатишидан хавфсирашмоқда. Аввалроқ, ОАВ маълумотига кўра, Германия ҳукумати газ қувурига қарши янги санкциялар жорий этмасликни сўраб АҚШ Конгрессига мурожаат қилган.

Axios нашри Бундестагнинг махфий ҳужжатига таянган ҳолда хабар беришича, Берлин “транзит сақланган тақдирда лойиҳа Киевга хавф туғдирмайди”, деган фикрни илгари сурмоқда.

Сенатда демократлар ҳарбий бюджет лойиҳасига тузатиш сифатида киритган яна бир ҳужжат кўрилмоқда: у, Россия Украинага бостириб кирган тақдирда, Москвага қарши санкцияларни кучайтиришни, хусусан, газ қувури ва шахсан президент Владимир Путинга нисбатан санкциялар жорий этишни назарда тутади.

Қирғизистоннинг Талас вилоятида сайлов натижасидан норози бўлганлар митингга чиқишди

Таласдаги митинг иштирокчилари, 2021 йил 30 ноябри

Қирғизистоннинг Талас вилояти Қорабура тумани Қизиладир қишлоғида яшовчи аҳоли 20-Манас сайлов округи бўйича ўтказилган сайлов натижаларидан норози бўлиб, митингга чиқди. Сайловчилар парламентнинг собиқ спикери, депутатликка номзод Дастан Жумабеков овоз сотиб олиш билан шуғулланганини иддао қилишиб, уни сайловдан четлатишни талаб қилишган, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Дастлабки натижаларга кўра, Жумабеков учун мазкур округдан участкага келган сайловчиларнинг 39,37 фоизи овоз берган. Унинг рақиби бўлган номзод Мирлан Нарбеков эса 38,99 фоиз сайловчининг овозини олишга муваффақ бўлган.

Аввалроқ Дастан Жумабеков сайловчилар овозини сотиб олишга оид барча айбловларни рад этган. Бугунги митинг бўйича эса у ҳали изоҳ бергани йўқ.

Қирғизистонда 28 ноябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтган. Мамлакатнинг янги конституциясига мувофиқ, бу гал парламентга 90 нафар депутат сайланиши, улардан 54 нафарини партиялар номзодлари, 36 нафарини эса бир мандатли округлардан сайланган кишилар ташкил этиши керак.

Кузбассдаги “Листвяжная” шахтасидан 18 кончининг жасади топилди

Қутқарувчилар 25 ноябрь куни содир бўлган портлаш натижасида “Листвяжная” шахтасида ҳалок бўлган 18 кишининг жасадини топишган. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Россиянинг Кемерово вилояти бўйича фавқулодда вазиятлар бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

“Ҳалок бўлган 18 кишининг жойи аниқланди, улардан 10 нафари транспортировкага тайёрлаб қўйилди. Метан концентрацияси ошиб кетгани туфайли қутқарувчилар шахтадан чиқишга мажбур бўлишган, шунинг учун ҳам ҳалок бўлганларни транспортировка қилиш иши ҳозирча тўхтатилди”, дейишган ФВБ вакиллари.

Шу пайтгача 29 кишининг жасади топилган, улардан 11 таси юзага олиб чиқилган.

“Листвяжная” шахтасида портлаш ўтган пайшанба куни содир бўлганди. Ўшанда кончилар ва қутқарувчилар дохил 51 киши нобуд бўлган. Авария чоғида яна 92 киши жароҳатланган.

Дастлабки тахминларга кўра, кончилар ва қутқарувчилар метан гази портлаш натижасида ҳалок бўлганлар. Аварияда жабрланганларнинг яқинлари иддаосига кўра, сўнгги йилларда “Листвяжная” шахтасида ўнлаб қонунбузарликлар аниқланган, бироқ корхона раҳбарияти уларни бартараф қилмай, кончиларни ҳаёт учун хавфли шароитда ишлашга мажбур қилишган.

Кемерово суди “Листвяжная” шахтасида содир бўлган портлаш ортидан беш нафар гумонланувчини ҳибсга олишга ордер берган. Улар орасида шахта директори, унинг ўринбосари ва участка бошлиғи бор.

КҚТТ Навальнийга нисбатан кимёвий қурол қўллангани учун Россияни яна бир марта қоралади

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти логоси

“Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига (КҚТТ) аъзо давлатлар Россия Федерациясида 2020 йил 20 август куни Алексей Навальнийга қарши кимёвий заҳарловчи модда қўлланилганини ўта кескин қоралайди. Биз ушбу воқеадан жиддий хавотирдамиз”.

КҚТТ давлатларининг 29 ноябрь куни бўлиб ўтган конференциясида қабул қилинмиш “Алексей Навальний бўйича қўшма баёнот” шундай сўзлар билан бошланади. Ҳужжатга 55 давлат имзо чеккан.

Баёнотда Навальний инсон нерв тизимини зарарловчи “Новичок” моддаси билан заҳарланганини кўрсатган мустақил тадқиқот натижаларига “тўла ишонч” билдирилган. Муаллифлар “Новичок” моддаси 2018 йилда Буюк Британияда ота-бола Скрипалларга қарши қўлланганини ҳам қайд этганлар.

Асабни фалажловчи модда билан ҳар қандай заҳарлаш кимёвий қуролни қўллаш ўлароқ талқин қилинади. Бу халқаро стандарт ва меъёрларга зиддир, дейилган баёнотда.

КҚТТ аъзолари ҳудудида сиёсий мухолифатчи хуружга учраган Россия Федерациясини яна бир карра мазкур ҳужум ҳолатларини ҳар томонлама ўрганиш ва аниқлашда кўмаклашишга чақирган.

2021 йил 5 октябрида КҚТТга аъзо 45 давлат Алексей Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ саволларини Россия раҳбариятига йўллаган эди. РФнинг 7 октябрдаги жавоб мактубида мазкур саволларга жавоб берилмаган, дея таъкидланган баёнотда.

Россиянинг КҚТТдаги доимий вакили Александр Шульгин ташкилотнинг 39 ноябрь куни ўтказилган конференциясида “бу ишда фитна, сиёсийлаштириш белгилари бор”лигини айтган. Унга кўра, Россия “мазкур чигал воқеаларда ҳақиқатни юзага чиқариш учун барча ишни қилади”.

Қирғизистонга 1 декабрдан эътиборан манфий натижали ПЗР-тест билан киритилади

Бишкекдаги "Манас" аэропорти (архив сурати)

Қирғизистон шу йилнинг 1 декабридан бошлаб ўз ҳудудига киришда коронавирус инфекциясига чалинмаганлик ҳақида ПЗР-тест натижаси бўлишини шарт қилиб қўймоқда. Ҳукумат матбуот хизматига кўра, мазкур қарор коронавируснинг янги “Омикрон” штамми тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

“Чет эл фуқаролари ва қирғизистонликлар ҚРга кириш учун мажбурий тартибда ПЗР-тестдан ўтишлари ва манфий натижа кўрсатишлари керак бўлади”, дея билдирилган ҳукумат хабарномасида. Манфий тест натижаси ҳатто коронавирусга қарши эмланганлардан ҳам талаб қилиниши айтилмоқда.

Таъкидланишича, янги штамм билан касалланиш ҳолатлари аниқланаётган мамлакатлар фуқароларининг Қирғизистон ҳудудига кириши тақиқланади. Бу мамлакатлар рўйхати эълон қилинганича йўқ.

Янги “Омикрон” штамми пайдо бўлиши муносабати билан Қирғизистон ҳукумати бир неча кун олдин шошилинч тартибда ЖССТ билан маслаҳатлашган.

“Омикрон” ЖАР ва Африка жанубидаги бошқа мамлакатларда жадал суръатлар билан ёйилмоқда. Расман 100 га яқин ҳолат тасдиқланган, аммо аслида янги штаммни юқтирган беморлар сони бир неча баравар кўплигига мутахассисларнинг ишончи комил.

Янги штамм тарқалиши манзарасида қатор мамлакатлар ЖАР ва унга қўшни давлатлар билан авиақатновларни чеклаган ёки бекор қилган ва бу мамлакатлардан келганларни мажбурий карантинга олган.

АҚШ Тожикистон чегара қўшинларига 18 та жип тақдим этди

J8 жипларини топшириш маросими

АҚШ элчихонаси Тожикистон чегаралари хавфсизлигига кўмаклашиш мақсадида мамлакат МХДҚ Чегара қўшинларига 18 та J8 жипини топширди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Умумий қиймати 1,3 миллион доллардан ортиқ йўлтанламасларни элчи Жон Поммершаймдан Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмонали қабул қилиб олган. Ушбу автоуловлар тожикистонлик чегарачиларга чегара ҳудудларининг мураккаб географик шароитида амалиётлар ўтказишга ёрдам беради, дея таъкидланган маросимда.

Элчи Марк Поммершаймнинг урғулашича, “мазкур ёрдам АҚШ томонидан Тожикистонга давлат чегараларини қўриқлаш учун техник кўмак кўрсатилаётганига бир мисол, холос”.

“Чегара хавфсизлиги соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилаётгани учун Тожикистондан миннатдормиз ва биз ўз ютуқларимиздан фахрланамиз. Бундан кейин ҳам террорчилик, гиёҳванд моддалар айланмаси ва оммавий қирғин қуролларига қарши курашда ҳамкор бўлиб қоламиз. Алоқаларимизнинг тасдиғи сифатида келгуси йилда Тожикистон хавфсизлик соҳасига қарийб 60 миллион доллар сармоя киритишни режалаяпмиз”, деган АҚШ дипмиссияси раҳбари.

Қўшма Штатлар 1992 йилдан бери Тожикистон хавфсизлик соҳасига қиймати 330 миллион доллардан кўпроқ кўмак берган. Ушбу ёрдам доирасида Тожикистон ҳарбийларига жами 11,9 миллион долларлик 378 та транспорт воситаси тақдим этилган. Шунингдек, 13 та чегара заставаси, 9 та назорат-ўтиш маскани ва учта чегарачилар тайёрлов маркази янгидан қурилган ёки тикланган.

Австрияда эмланишдан бош тортганларга 7200 еврогача жарима солиш таклиф қилинмоқда

Венадаги савдо марказида ташрифчиларнинг COVID-19 га қарши эмловдан ўтган-ўтмаганини текшираётган полициячилар

Австрия расмийлари COVID-19 га қарши эмловдан ўтишдан бош тортганларга жарима жорий этишни режаламоқдалар. Бу ҳақда Die Presse газетаси томонидан ёйинланган мажбурий вакцинация тўғрисидаги қонун лойиҳасининг дастлабки версиясида айтилган. Мазкур чора 2022 йилнинг февраль ойидан жорий этилиши мумкин.

Лойиҳага мувофиқ, эмланишдан бош тортганлар 3600 евро жарима тўлаши керак бўлади ёки тўрт ойга озодликдан маҳрум этилади. Агар бирор киши расмийларнинг эмлов заруратига оид огоҳлантирувини икки марта эътиборсиз қолдирса, у 7200 евро миқдорида жаримага тортилади.

Қонун лойиҳасида эмлов Австрия ҳудудида яшаётганларнинг барчаси, жумладан вақтинча яшаётган кишилар учун ҳам мажбурий экани айтилган. Бундан фақат эмланиши мумкин бўлмаган шахслар, ҳомиладор аёллар ва 12 ёшгача бўлган болалар мустасно, холос.

Мажбурий вакцинация тўғрисидаги қонун лойиҳаси расман шу йилнинг 6 декабрь куни очиқланиши кутилмоқда.

Австрия фуқароларнинг 2022 йил 1 февралидан бошлаб коронавирусга қарши мажбурий эмланиши ҳақида эълон қилган Европа Иттифоқида илк мамлакат бўлди. Шу йил 22 ноябридан Австрияда тўлиқ локдаун жорий этилган. У 20 кун давом этиши тахмин қилинмоқда.

Локдаун арафасида Венада чекловларга қарши пандемия бошидан бери энг йирик норозилик акцияси бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда шаҳар кўчаларига 35 минг чоғли норози чиққан.

Туркманистон биринчи хонимининг сурати илк бор матбуотда пайдо бўлди

Туркия ва Туркманистон президентлари рафиқалари билан, Ашхобод, 2021 йил 27 ноябри

Турк нашрлари Туркманистон биринчи хоними Ўғулгерек Бердимуҳамедова акс этган фотосуратни чоп этишди. Туркманистон ва Туркия президентларининг рафиқалари билан бирга тушган сурати Ашхободда 27 ноябрь куни бўлиб ўтган зиёфат чоғида олинган.

Эрдўғон Туркманистонга икки кунлик ташрифни амалга ошириш ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун келганди.

Туркманистондаги расмий нашрлар Бердимуҳамедованинг суратини ҳеч қачон чоп қилишган эмас. Туркманистон биринчи хонимининг фотосини биринчилардан бўлиб SonDakika нашри ёйинлаган.

Гурбангули Бердимуҳамедов телевидение экранлари, расмий газета ва журналларнинг биринчи саҳифасида одатда ёлғиз пайдо бўлади, туркман нашрлари унинг рафиқасини ҳеч қачон кўрсатишмайди. Оилавий расмларда эса кўпинча унинг ўғли, қизлари ва набиралари бўлади.

Озодликнинг туркман хизмати Ўғулгерек Бердимуҳамедовага оид фактлар, унинг ёши ва нима билан шуғулланиши кўпчиликка ҳалигача маълум эмаслигини қайд этган. Хорижий сафарларга эса Туркманистон президенти рафиқасини олиб бормайди.

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон президенти лавозимини мамлакатнинг тўнғич президенти Сапармурод Ниёзов ўлимидан сўнг – 2007 йилда эгаллаган. “Орқадоғ” унвонига эга бўлган Бердимуҳамедов, расмий маълумотларга кўра, 2012 йилдаги президент сайловида 97,14 фоиз, 2017 йилдаги сайловда эса 97,69 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG