Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2022, Тошкент вақти: 07:56

Ўзбекистон хабарлари

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда “катта ойлик таклиф қилаётган”лардан эҳтиёт бўлишга чақирди

Иллюстратив сурат.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон фуқароларини катта ойлик эвазига Россияда ишлашга чақираётган норасмий эълонларга ишонмасликка чақирди.

“Мустақил журналистик суриштирувларда ушбу эълонлар орқали фуқароларни Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш асосий мақсад эканини маълум қилинмоқда. Шу муносабат билан, юртдошларимиздан хорижда иш таклиф этилаётган норасмий эълонларга ишонмасликни сўраймиз”,-дейилади билдирувда.

Агентлик Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-прим 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилганини эслатиб ўтган.

Аввалроқ MediaHub журналистик суриштирувлар маркази “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатига Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини ёллаш бошлангани тўғрисида хабар берган эди.

Журналистик суриштирув муаллифларига кўра, ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар Украинадаги урушда Россия тарафида жанг қилиш учун ёлланмоқда. Бунинг учун уларга ойига 240 минг рублдан ойлик ваъда қилинмоқда.

“Вагнер” ёлланма жангчилари 2014 йилдан бери Донбассдаги жангларда сепаратчилар томонида уришиб келади. Расман мазкур ширкат аскарлари Россия Қуролли Кучларига алоқадор эмас. Айни пайтда улар Мудофаа вазирлиги инфраструктураси ва транспортидан фойдаланиб келади. Шунингдек, “Вагнер”нинг қатор ҳарбийлари жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган.

Европарламент 2021 йилнинг 25 ноябридаёқ “Вагнер” ширкатига нисбатан санкциялар жорий этишни маъқуллаган эди. “Вагнер” компанияси Ғарб томонидан Украина шарқида ва дунёнинг бошқа низоли ҳудудларида Кремл номидан ишлаганликда ва инсон ҳуқуқларини поймол қилганликда айбланади. “Вагнер”га қарши санкция 2021 йилнинг декабрида ўз кучига кирган.

“Вагнер” ширкатини россиялик тадбиркор, президент Владимир Путинга яқин Евгений Пригожин бошқариши айтилади. Пригожинга ҳам АҚШ ва Европа Иттифоқи санкция қўллаган.

Кун янгиликлари

Намангандаги зиёратгоҳдан қўлёзма Қуръонни ўғирлаган шахслар қўлга олинди

“Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳи

Наманган вилояти Чортоқ туманида жойлашган “Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳидан Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхасини ўғирлаганликда гумонланган икки шахс қўлга олинган.

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур шахслар маҳаллий ҳуқуқ-тартиботчилар томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида ушланган.

Таълиф этилганига қарийб 150 йил бўлган Қуръони карим нусхаси йўқолиб қолгани ҳақида 10 кун муқаддам маълум бўлган эди. Нақшбандия шайхларидан Хожа Лутфуллоҳ Чустий хонақоҳига тегишли бўлган нодир қўлёзма, маҳаллий нашрлар хабарига кўра, 1995 йилгача Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрида, Тошкентда имомлик қилган ва яшаган Эшонхон Оқилов хонадонида сақланган. Китоб 1995 йили Камолхон Муҳиддинов томонидан Наманганга олиб келинган. 2017-2019 йилларда Чортоқда “Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳи таъмирлангандан сўнг қўлёзма ўша ерга олиб чиқиб қўйилган.

Ўғирланганидан кейин Наманган шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида сақланган китобга, айтилишича, ҳеч қанақа зарар етган эмас.

ИИБ қайдича, ҳодиса ортидан гумонланувчилар Ўзбекистон ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, ҳибсга олинган, айни пайтда қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттириляпти.

Умра амалларини бажарган президент Мирзиёев Саудиядан Ўзбекистонга қайтди

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев муфтий Н. Холиқназаров билан бирга Каъбатуллоҳ эшиги олдида, Маккаи Мукаррама, 2022 йил 18 августи (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига икки кунлик давлат ташрифи ортидан 19 августга ўтар кечаси Тошкентга қайтиб келди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, пайшанба куни Ш. Мирзиёев Ўзбекистон делегацияси вакиллари билан бирга Маккаи Мукаррамадаги Масжидул-Ҳарамда Умра ибодатларини адо этган. Хусусан, Ўзбекистон президенти эҳром кийиб, Каъбатуллоҳни тавоф қилган, Каъба ичида ва Мақоми Иброҳим олдида намоз адо қилган, Сафо-Марва орасида саъй қилган.

Бунгача Ш. Мирзиёев Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа ҳамда саудиялик ишбилармонлар билан учрашган.

Саудияга ташрифининг илк кунида Ўзбекистон президенти валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан музокаралар ўтказгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Мазкур музокаралар натижалари бўйича, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон билан Саудия Арабистон ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнот, шунингдек, энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари соҳаларида 15 та ҳужжат қабул қилинган.

Мирзиёев Исломиадада фахрли ўрин эгаллаган спортчиларни тақдирлаш бўйича қарор қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни Туркиянинг Кўня шаҳрида бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларини бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Қарор билан Исломиадада олтин медаль олган спортчиларга 5 минг АҚШ доллари, кумуш медаль олганларга 3 минг АҚШ доллари, бронза медаль олганларга эса 2 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот берилади. Шунингдек, шогирди олтин медалга эга бўлган мураббий 2,5 минг АҚШ доллари, тарбияланувчиси кумуш медални қўлга киритган тренер 1,5 минг АҚШ доллари, бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлган спортчининг тренери эса 1 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ билан мукофотланади.

V Ислом бирдамлиги ўйинлари шу йилнинг 9 августидан 18 августигача давом этган. Унда ўзбекистонлик спортчилар жами 158 та медални қўлга киритишиб, иккинчи ўринни эгаллашган. Улардан 51 таси олтин, 42 таси кумуш, 65 таси эса бронза медалларидир.

Мусобақаларда биринчи ўрин 341 та медални қўлга киритган туркиялик спортчиларга насиб этган. 133 та медалга эга бўлган эронликлар эса 3-ўринни эгаллашган.

Ўзбекистон ТИВ Кобул масжидидаги портлашни қоралади

Намоз пайтидаги портлаш натижасида Кобулдаги масжид имоми ҳам қурбон бўлгани айтилмоқда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон пойтахтидаги масжидлардан бирида намоз пайтида кўплаб инсон ўлими ва жароҳатланишига сабаб бўлган портлашга оид хабар Тошкентда чуқур қайғу билан қабул қилинганини билдирди.

“Мазкур террорчилик хуружини қатъий қоралаймиз ҳамда ушбу ваҳшиёна хатти-ҳаракатнинг ташкилотчилари ва ижрочиларини аниқлаш бўйича барча чоралар кўрилишига умид қиламиз”, дейилган ТИВ баёнотида.

Ўзбек дипломатлари баёнотида ҳалок бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдирилган.

Кобул шаҳридаги масжидда 17 август куни намоз пайтида юз берган кучли портлаш натижасида 21 киши қурбон бўлиб, 33 киши тан жароҳати олгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Сирдарёда автобусдаги газ баллони портлаши натижасида 6 киши нобуд бўлди

Сирдарёда газ баллонларидан бири портлаган Isuzu автобуси (ФВВ фотоси)

Сирдарё вилояти Оқолтин тумани ҳудудида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида 18 август куни соат маҳаллий вақт билан соат 14:30 ларда Isuzu русумли автобус метан газ тўлдириб чиққан пайтда унга ўрнатилган газ баллонларидан бири портлаган. Ҳодиса оқибатида олти киши воқеа жойида вафот этган, 15 киши тан жароҳати олган.

Автобус Хоразм вилояти Боғот туманидаги автомактабга тегишли бўлганини қайд этган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, ҳодиса жойига вазирлик раҳбарияти бошчилигида ишчи гуруҳ етиб борган.

“Воқеа жойида вилоят ҳамда туман ФВБ, ИИВ, ССВ раҳбарияти, прокуратура ходимлари ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Криптопровайдерларга лицензия бериш бўйича янги тартиб тасдиқланди

Иллюстратив сурат

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги криптобиржаларга лицензия бериш тартибини тасдиқлади.

Агентлик қайдича, янгиланган лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ, лицензиялар фақат Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларга берилади.

Мазкур тартибга кўра, крипто-биржалар устав жамғармасига (капитали), захирага қўйиладиган қисмига талаблар қисқартирилган, лицензия олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати камайтирилган.

Шу билан бирга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро стандартларининг (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг Тавсиялари) талабларига мувофиқ баъзи чекловлар белгиланган.

“Бундан ташқари, лицензиатларнининг устав жамғармасида (капиталида) оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг иштирок этиши тақиқланган”, дейилган агентлик хабарномасида.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистонда хорижий криптобиржалар блоклангани, бунга мазкур электрон платформаларнинг тегишли лицензияларга эга бўлмагани сабаб бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ишбилармонлари ўртасида 14 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони подшоҳлиги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан, Жидда, 2022 йил 17 августи

Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгашининг 17 август куни ўтказилган йиғилишида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланган. Бу натижа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистони подшоҳлиги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан 17 август куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида қайд этилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Жиддадаги учрашувда томонлар Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилганлар.

Унда президент Мирзиёев Саудиянинг етакчи компанияларини Ўзбекистондаги тижорат банклари, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирган.

Учрашувда Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида Ўзбекистон ҳудудларида транспорт, сув таъминоти, электр тармоқларини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.

Шунингдек, хавфсизлик соҳасида мулоқотни йўлга қўйиш, Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан якдил фикр билдирилган.

Музокаралар натижалари бўйича имзоланган ҳужжатлар алмашилган.

Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинган, икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинган.

Ўзбекистон президенти 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан Саудия Арабистонида бўлиши, мазкур сафарни Мадинаи Мунавварадан бошлаган Ш. Мирзиёев чоршанба куни Масжидун-Набавий зиёратида бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Омбудсман офиси Қорақалпоғистондаги норозиларга қарши қўлланилган қийноқ эҳтимолидан баҳс этди

Нукусда 1 июль куни намойишга чиққан норозилар

Ўзбекистон омбудсмани офиси Қорақалпоғистонда июль ойи бошида содир бўлган воқеаларни тергов қилишда ҳибсга олинганларга нисбатан қийноқ қўлланилган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатди.

Қорақалпоғистондаги воқеаларни тергов қилиш бўйича парламент комиссиясига раҳбарлик қилаётган омбудсман Феруза Эшматова офиси қайдича, тергов ҳибсхонасида ҳимояси остидаги шахслар билан учрашиш бўйича тўсқинлик қилиш, ушлаб турилган шахсларга яқин қариндошлари томонидан йўқловлар киритиш ҳолатлари, тергов ҳаракатлари давомида қийноққа йўл қўйиш ҳолатлари бўйича ҳимоя остидагилар хусусида маълумот олинган.

Хабарномада айтилишича, омбудсман 16 август куни Нукус воқеалари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича айбланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокатлар билан учрашган.

Нукусга ташриф чоғида, шунингдек, тергов хоналарининг видео кузатув камералари билан таъминланганлиги ва адвокатларнинг видеоёзувларни сўраб олиш ҳуқуқидан фойдаланганликлари бўйича маълумот олинган.

Бу орада парламент комиссиясининг бошқа бир аъзоси – “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров “Қорақалпоғистонда ҳеч қандай репрессия ва босим йўқ”лигини урғулаб баёнот берди.

Депутатга кўра, Қорақалпоғистонда мингдан ортиқ инсон айбсиз бўлгани учун эмас, яхши ният намойиши сифатида қўйиб юборилган. “Қолган қисм билан тергов якунланмади”, деган А. Қодиров Қорақалпоғистондаги воқеалар билан қизиқаётганларга суриштирувга халақит бермасликни тавсия қилган.

Энергетиклар Тўрақўрғон ИEС фаолияти тўхтатилгани туфайли электр таъминотидаги эҳтимолий узилишлардан огоҳлантиришди

Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси (Энергетика вазирлиги фотоси)

Наманган вилоятидаги “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли магистрал газ қувури ўтган ер майдонида номаълум шахслар томонидан келишмасдан ерни қазиш ишлари олиб борилгани натижасида газ қувурига шикаст етказилган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати қайдича, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини ёқилғи билан таъминлайдиган мазкур газ қувурига етказилган шикаст натижасида ИЭС фавқулодда тўхтатилган.

“Ҳозирги вақтда носозликларни бартараф этиш, шунингдек, электр таъминоти учун захира қувватларини ишга тушириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Бошқа электр станцияларида захира энергоблокларини улаш бўйича ишларни бажариш учун маълум вақт зарурлигини инобатга олган ҳолда, айрим ҳудудларда электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин”, дейилган вазирлик хабарномасида ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Мирзиёев Саудия Арабистонига йўл олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август тонгида давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига жўнаб кетган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф “икки муқаддас масжид ходими”, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ас-Сауднинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Ташриф дастурига мувофиқ, Мирзиёев даставвал Мадинаи Мунавварага боради. Куннинг иккинчи ярмида эса Ўзбекистон президенти Жидда шаҳрига боради.

“Бу ерда олий даражадаги Ўзбекистон-Саудия саммитининг расмий тадбирлари бўлиб ўтади”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Мирзиёев 17-18 август кунлари Саудия Арабистонида бўлиши, ташриф доирасида Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага ҳам бориб, Умра зиёратини амалга ошириши мумкинлиги ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қиймати 26,5 миллион доллардан ошган шартномалар имзоланди

Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ҳокимият органлари ва тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликка оид 23 та шартнома имзолашган. Бу ҳақда “Ховар” миллий ахборот агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳужжатларни имзолаш маросими ўтган ҳафта якунидаги форум доирасида бўлиб ўтган. Шартномалар орасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми ва “йўл харитаси” бор.

Маросимда, бундан ташқари, умумий қиймати 26,6 миллион доллар бўлган маҳсулот етказиб бериш бўйича олтита шартнома ҳамда 15 та инвестицион контрактга қўл қўйилган.

Швейцариядан Гулнора Каримованинг $131 миллионини қайтаришга оид якуний битим имзоланди

Жорий йилнинг 16 август куни Берн шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланган.

Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, битимни Ўзбекистон Республикаси номидан адлия вазири Р. Давлетов ва Швейцария номидан ушбу мамлакатнинг президенти И. Кассис имзо чеккан.

“Битимнинг имзоланиши илгари Г. Каримова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний равишда орттирилган ва Швейцарияда легаллаштирилган 131 миллион АҚШ долларининг Швейцария томонидан Ўзбекистон халқига дарҳол қайтарилишини англатади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Битимга мувофиқ, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланган:

- очиқлик ва ошкоралик, реституция тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка очиқ эълон қилиш;

- ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштироки;

- қайтарилган маблағларни пировардида ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши;

- Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотнинг давом эттирилиши.

Хабарномада Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ иштирокидаги уч томонлама реституция механизмига алоҳида эътибор берилиши алоҳида урғуланган.

Ўтган ойда Гулнора Каримованинг адвокатлари Швейцария судида ишни ютиб чиққани хабар қилинган эди. Ўша пайтда судда қозонилган ғалаба Г. Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган 303 миллион доллар маблағини қайтариб олиши учун қонуний асос яратиши мумкинлиги ҳақида айтилган.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора 2015 йилда беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, кейин эса 2019 йилда колонияга ўтказилган. 2020 йил март ойида у “давлат маблағларини ўзлаштириш ва Ўзбекистон манфаатларига зид бўлган шартномалар тузиш, шунингдек, ўта йирик миқдорда товламачилик йўли билан ўзгаларнинг мулкини эгаллаб олиш” фактлари бўйича яна 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилганди.

Ўзбекистонда икки даражали “Имом Бухорий” ордени таъсис этилади

“Олий даражали Имом Бухорий” ва "Имом Бухорий" орденлари (Адлия вазирлиги фотосурати)

Ўзбекистонлик сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг 16 август куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Имом Бухорий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишган. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мажлисда сўзга чиққан сенаторлар фуқароларни Ўзбекистондаги илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришгани учун тақдирлаш мақсадида “Имом Бухорий” орденини таъсис этишни даврнинг ўзи тақозо этаётганини қайд этганлар.

Қайд этилишича, “Имом Бухорий” ордени икки даражадан иборат бўлади – “Олий даражали Имом Бухорий” ордени ҳамда “Имом Бухорий” ордени. “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени “Имом Бухорий” орденидан юқори даражада ҳисобланади.

“Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан асосан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек хорижий арбоблар ва олимлар, Ўзбекистоннинг атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, атоқли олимлар, адиблар, педагоглар ва илмий тадқиқотчиларни, “Имом Бухорий” ордени билан эса асосан маҳаллий тадқиқотчиларни мукофотлаш кўзда тутилган.

“Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари (21 млн сўм) миқдоридаги бир марталик пул мукофоти, “Имом Бухорий” ордени билан мукофотланган шахслар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари (15 млн сўм) миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади.

Сенаторлар сешанба кунги ялпи мажлисда мазкур орденни таъсис этиш тўғрисидаги қонунни маъқуллашган.

Қаршида тери заводи фаолиятидан норози фуқаро ўзини ёқиб юборди

Қашқадарё вилояти маркази бўлмиш Қарши шаҳрида Qarshi Leather деб номланган тери заводи олдида корхона фаолиятидан норози бўлган фуқаро устига бензин сочиб, ўзини ёқиб юборган. БП матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумотига кўра, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тери заводи фаолиятидан норози бўлган одамлар эътирози акс этган видео аввалроқ ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида тарқалган эди. Унда тўпланганлар корхонадан бадбўй ҳид тарқалаётганидан шикоят қилишган.

Видеода киракашлик билан шуғулланишини айтган йигит завод маъмурияти вакиллари томонидан, хусусан Акмал исмли шахс томонидан ўзига таҳдидлар бўлганини иддао қилган.

“Шу Акмални деб яшагим келмаяпти”, деган йигит ўзига ўт қўйиб юборган. Йиғилганлар қий-чув билан оловни ўчиришга муваффақ бўлишган. Жабрланувчининг кейинги тақдири ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

БП қайдича, фуқаронинг ўзини ёқиб юбориши сабаблари аниқланмоқда.

Бу Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзига ўт қўйиши бўйича жорий ой бошидан бери жамоатчиликка маълум бўлган иккинчи ҳолатдир. 2 август куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчиси Санобархон Ҳайдарова ёқиб юборгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Жабрланувчи 10 август куни шифохонада вафот этган эди.

Хитойдан Ўзбекистонга янги йўналиш бўйича юк поезди келмоқда

Иллюстратив сурат

Хитой шарқидаги Цзянсу вилоятига қарашли Уси шаҳридан Марказий Осиёга 13 август куни юк поезди йўлга чиққан. Бу ҳақда Хитойнинг “Жэньминь жибао” газетаси хабар қилди.

Нашр қайдича, юк поезди умумий қиймати 30 миллион юань (тақрибан 4,4 миллион АҚШ доллари) бўлган, маиший техника буюмлари ва автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари дохил минг тонна товар олиб келмоқда. Мазкур поезд 20 кундан кейин Ўзбекистон ва Қозоғистонда бўлиши айтилган.

“Уси шаҳри Ғарбий вокзалининг логистика парки ходимларига кўра, пандемия бошидан бери ўз товарларини экспортга чиқариб келган маҳаллий корхоналар молларини четга чиқаришда қийинчиликларга дуч келаётган эди, темир йўл орқали юк ташиш бўйича янги йўналишнинг пайдо бўлиши эса бу корхоналар учун янги имкониятлар очиб беради”, дея қўшимча қилинган газета хабарида.

“Синьхуа” агентлиги ўтган йил декабрида Хитойнинг Шэньси вилоятидан Ўзбекистон ва Қозоғистонга юк поезди қатнови йўлга қўйилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Айни пайтда сўнгги ҳафталарда Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси бўйича ҳам ҳаракатлар бироз жонлангандек кўринмоқда. Мазкур лойиҳа юзасидан аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ҳамда икки давлат ҳукуматларининг айрим расмийлари баёнотлар беришган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG