Линклар

12 декабр 2017, Тошкент вақти: 20:54

Президент Мирзиëевнинг прокуратура тизимини сурункали танқид қилиши ортидан республика идоралараро комиссияси томонидан суд-адлия ва прокуратура тизимидаги коррупцияга қарши кураш дастури ишлаб чиқилган. Бу дастурга мувофиқ¸ судья ва прокурорларга уч ойдан бери махсус семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

“Коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш” мавзусидаги семинар-тренингни ўтказаëтганлар орасида давлат идоралари вакиллари баробарида¸ Озодликка маълум бўлишича¸ "Демократия ва инсон ҳақлари институти" каби ноҳукумат гуруҳлари экспертлари ҳам бор.

Март ойидан бери ўтказилаëтган бу семинарларининг навбатдагиси¸ Ўзбекистон президентининг 13 июнь кунги кенгайтирилган видеоселектор мажлисида прокуратура тизимини “порахўрлик иллати” урчиган тизим деб танқид қилганидан кейин¸ 20 июнь куни бошланган.

Ўзбекистон адлия-суд ва прокуратура тизимидаги адолатсизлик ва порахўрлик танқидига бағишлаган бу видеоселекторда Мирзиëев “прокуратура ходимларининг 70 фоизиини ишдан олиб ташладик¸ керак бўлса¸ яна оламиз” дея таъкидлаган эди.

Айни мажлисда бу ялпи тозалаш сабабига тўхталган президент: “Нега десангиз, баъзи ноинсофлар прокуратурага иллат ташлаб кетган¸ порахўрлик иллатини”¸ деди.

“Биз ўтказаëтган семинар-тренинг прокуратура тизимларида ана шу порахўрлик иллати ва коррупцияга барҳам беришни мақсад қилган” дейди Озодлик билан суҳбатда семинар ташкилотчиси.

Бош прокуратура расмий сайтида берилган хабарга¸ 20 июнь куни бошланган семинарда иштирок этган 70 дан зиëд прокуратура ходими коррупция ва порахўрликка қарши махсус тест топширмоқда.

"Тестда семинарда қатнашган ходим ўтилган мавзулар юзасидан қўйилган саволномага жавоб беради. Бу саволномада коррупция билан боғлиқ реал ҳолатлардан чиқиш йўлларидан учтаси вариант сифатида берилади. Тестни мувақққиятли топширган ходимларга сертификат берилади¸ бу сертификат ходимнинг кейинги каръераси учун муҳим ҳужжат бўлади" дейди семинар ташкилотчиси.

Бу мулозим Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан тасдиқланаëтган мавзулардаги семинар-тренингларнинг келаси ой ҳам давом этажагини қўшимча қилди.

Прокуратурада люстрация бошландими?

Озодлик мухбири бу саволни Ўзбекистон адлия тизимида узоқ йиллар ишлаган 2-даражали давлат адлия маслаҳатчисига берди:

- Люстрация¸ тотал чистка десак, кучли гапирган бўламиз. Прокуратура коррупцияга мойил кадрлардан тозаланмоқда, десак тўғрироқ бўлади. Бир нечта вилоят ва ўнлаб тумандаги прокурорлар ишдан олинди. Уларнинг бир қисми пенсияга кетди. Бир қисми уйида ишсиз ўтирибди. Бир қисми устидан жиноий иш очилиб¸ ҳибсга олинди¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Бош прокуратураси тизимидаги 70 фоиз ходимнинг “ишдан кетказилиши” борасида тафсилотларни сўраб Озодлик мухбири прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати вакили Гулноза Раҳимова Озодликнинг телефон орқали берилган саволини изоҳсиз қолдирди.

Прокуратура МХХ таъсиридан қутулмоқдами?

Ўзбекистон прокуратура тизимида жиддий ислоҳотлар бўлишидан манфаатдорлигини таъкидлаган Бош прокуратура расмийсининг Озодлик билан микрофонсиз мулоқотда “прокуратуранинг МХХ назоратидан қутулаëтганини” таъкидлади.

"Ишдан кетган 70 фоиз ходим бу 2005 йилдан кейин шаклланган таркибга оид. Унгача прокуратурада хўжакўрсин тарзида бўлса-да¸ қонун доирасида ишлаш услуби мавжуд эди. 2005 йилда прокуратура ўз мустақиллигини йўқотиб¸ буткул МХХ таъсирига тушди. МХХ раисининг 1-ўринбосари Ҳаëт Шарифхўжаев (2015 йилда ишдан четлатилган - таҳр.) Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Хуррамов (Озодлик манбаларига кўра¸ у ҳам ишдан олинган) билан биргаликда бой тадбиркорларни соғиш ва талаш тизимига асос солди. Тақдир тақозоси билан ўз вақтида Абдулла Арипов (ҳозир Бош вазир) ва Козим Тўлаганов (ҳозир Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси бошлиғи) каби мулозимлар ҳам Хуррамов тарафидан камситилиб¸ сўроқ қилинди. Мирзиëев давлат раҳбарлигига сайланганидан кейин икки ой ичида Хуррамов ва Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича ўринбосари Мирағлам Мирзаев ишдан олинди. Улуғбек Хуррамов коррупцияда айбланиб 18 йилга қамалди"¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик жорий йил февралида бу икки мулозимнинг ишдан олинганлиги ҳақида республика прокуратураси терговчисига таяниб маълум қилган эди.

Улуғбек Хуррамовнинг қамоқққа олингани ва сўнгра суд қилиниб, 18 йилга қамалганлигини Бош прокуратурада ишловчи бир-биридан мустақил икки ходим тасдиқлади. Бундан ташқари Ўзбекистон марҳум президентининг қайинжияни Акбарали Абдуллаев жорий йилнинг февралида Киевда ўтказилган суд мажлисида ўз устидан жиноий иш очган шахс - Улуғбек Хуррамовнинг 17 йилга қамалганини тилга олган эди.

Ҳозирча Бош прокуратура расмий сайтида Хуррамовнинг на ишдан олингани ва на жазога тортилганига оид хабар бор.

Мирзиëевнинг прокуратурага уч зарбаси

Республика прокуратураси ходимининг айтишича¸ Ўзбекистоннинг янги раҳбари прокуратура тизимини ислоҳ қилиш учун сўнги олти ой ичида уч марта чиқиш қилган.

"Шавкат Миромонович шу йилнинг 7 январида Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан йиғилиш ўтказди ва илк мартотаба¸ оҳиста бир тарзда тизимни танқид қилди. Тўғрисини айтиш керак¸ биз байрам кунида бу танқидни кутмаган эдик. Кейин 9 февралдаги мажлисда Мирзиëев Ўзбекистон прокуратурасини "репрессив тизим" деб атади. Бу сафар танқид даражаси анча кескин бўлди. Ўша мажлисдан кейин Мирағлам Мирзаев ва Улуғбек Хуррамов прокуратура тизимидан четлаштирилди. Кўп ходимларга ўзларидан билиб¸ ишдан кетиш таклиф қилинди. Тозалаш бошланди. 13 июнь кунги видеослекторда эса президент Ўзбекистон прокуратура тизимини буткул тозалаш ҳақида гапирди¸" дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон президентнинг давлат телеканаллари бир неча бор намойиш қилган¸ айни пайтда¸ YouTube порталида ҳам ëйинланган 13 июнь кунги нутқида Мирзиëев ”прокуратура органлари ходимларининг фақат қораловчи, жазоловчи тизим вакиллари бўлиб қолишига барҳам” берилажагини таъкидлаган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG