Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2022, Тошкент вақти: 16:45

Ўзбекистон хабарлари

Бухорода банкоматлар ёнди

Bukhara News телеграм каналидан олинган фотосурат.

Бухородаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Алпомиш кўчасида жойлашган банкоматларда 4 сентябрь куни ёнғин чиққани тўғрисида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.

Хабарда айтилишича, банкоматлар Тenge Bank АТБ Бухоро БХМга тегишли бўлган. Ёнғин чиққани тўғрисида соат 20:14 да ўт ўчириш хизматига маълумот келиб тушган. Уч дақиқа ичида воқеа жойига етиб борган учта ўт ўчириш экипажи ёнғинни соат 20:28 да ўчирган.

Банкоматлар жойлашган майдонда 24 квадрат метр том ва девордаги пластик қопламалар ёнган. 4 дона банкоматнинг барчаси тўлиқ сақлаб қолинган. Ёнғинга электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Ҳозирда моддий зарар аниқланмоқда.

“Ёнғин оқибатида фуқароларнинг куйиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади”,-дейилади билдирувда.

Кун янгиликлари

Мирзиёев “Конституцияга ўзгартириш киритишга шошилишнинг ҳожати йўқ”лигини айтди

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида 6 октябрда бўлиб ўтган йиғилишда сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев “Конституцияга ўзгартиришлар киритишда шошилишнинг ҳожати йўқлиги”ни яна бир бор таъкидлади.

“Одамларимиз бу менинг конституциям деб қабул қилиши учун керак бўлса яна бир марта халқ билан маслаҳатлашамиз. Нимага десангиз 150 мингта таклиф юборган одамларга бу таклиф ўринли ёки ўринсиз, буни қабул қиламиз, бунисини эса қабул қилмаймиз, нимага қабул қиламиз ва нима учун қабул қилмаймиз деб жавоб бериш керак. Шундай замон келибди, менинг фикримни ҳам эшитишибди деган фикр бўлади. Шу боис шошилмаслик тўғри бўлади”, деб президент сўзларидан иқтибос келтирди “Кун уз”.

Бундан аввал ҳам президент Конституцияга ўзгартиришлар киритиш масаласида шошилмаслик лозимлигини, уни “шошилмасдан, чуқур ўйлаб, халқ билан маслаҳатлашиб” қабул қилиш кераклигини бир неча бор таъкидлаган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 15 июлда Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 1 августга қадар узайтириш ҳақида қарор қабул қилган эди. Бу билан муддат уч марта ўзгартирилди.

Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар лойиҳаси 25 июнь куни эълон қилинган ва унинг умумхалқ муҳокамасига 10 кун берилган эди. Аммо 1-2 июнь куни содир этилган Нукус воқеалари ортидан Олий Мажлис муҳокама муддатини яна 10 кунга узайтирган эди.

Қонунчилик палатаси 4 июль кунги мажлисида мамлакат Конституцияси янги таҳриридаги Қорақалпоғистон Республикаси суверенитетига оид моддаларни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.

1 июль куни бошланиб кетган оммавий норозилик намойишлари манзарасида Нукусга борган президент Мирзиёев асосий қонундаги минтақанинг мақомига доир 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини айтган эди.

Конституцияга ўзгартишлар юзасидан умумхалқ референдуми санаси ҳозиргача эълон қилинмаган. Референдум амалдаги президент муддатини “ноллаштириши” ва янги президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириши кутилади.

Мирзиёев Путиннинг туғилган куни нишонланадиган саммитда иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Санкт-Петербургада ўтадиган МДҲ норасмий саммитида қатнашади. Президент матбуот хизматининг билдиришича, тадбир кун тартибига мувофиқ кўп томонлама ҳамкорлик ва минтақавий шерикликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Айни пайтда Россия нашрларининг ёзишича, норасмий саммит доирасида Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг 70 йиллик юбилейи нишонланиши ҳам режалаштирилган.

7 октябрь куни 70 ёшга тўладиган Путин Россияни 22 йилдан буён бошқариб келади. 5 октябрда 70 ёшини қаршилаган Эмомали Раҳмон эса Тожикистонга президент бўлганига 28 йил тўлди.

6 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 70 ёшини қаршилаётган Россия президенти Владимир Путинни “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тилла тақинчоқ контрабандаси билан шуғулланган ўзбекистонликлар ушланди

Тақинчоқлар оёқ кийим пошнасидан топилган.

Қирғизистонга 93 минг доллардан ортиқ қийматга эга бўлган тилла тақинчоқларни ноқонуний тарзда олиб ўтмоқчи бўлган икки нафар ўзбекистонлик Ўш аэропортида қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Божхона давлат хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, К. М., ва Т. Г. Ш., Ўшга Истанбулдан учиб келган. Божхона текширувида уларнинг оёқ кийими пошнасида 2 кило 406 грамм тилла тақинчоқлар борлиги аниқланди. Бу тақинчоқларнинг 179 донаси тилла занжир ва 52 донаси билакузук бўлган.

Ўзбекистон фуқаролари белгиланган тартибда ушланиб, уларнинг иши Ўш вилоят прокуратурасига юборилди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Ўш вилоятидан ўтган қисмида контрабандачилар фаол экани кузатилади. Жумладан, жорий йилнинг баҳор ва ёз ойларида икки давлат махсус хизматлари томонидан Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтган 4 та ерости йўли топилган эди.

Айни пайтда Қирғизистон парламентида ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги контрабанда мислсиз даражага етгани танқид қилиб келинади.

Мирзиёев Путинни олдинроқ Хитой раҳбарига берилган орден билан тақдирлади

Украина ва Ғарб нашрлари Путин Самарқанддаги ШҲТ саммитида яккаланиб қолгани ҳақида ёзган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 70 ёшини қаршилаётган Россия президенти Владимир Путинни “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизматига кўра, Путинга мазкур орден Ўзбекистон билан Россия “халқлари ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини ривожлантиришга қўшган улкан шахсий ҳиссаси" муносабати билан ҳам берилган.

7 октябрь куни 70 ёшга тўладиган Путин Россияни 22 йилдан буён бошқариб келади. Ўтган йили Россия конституциясига киритилган ўзгартишларга мувофиқ у 2026 йилдан кейин ҳам 14 йил ҳокимиятда қолиши мумкин. Аммо таҳлилчиларга кўра, ҳозирда Путиннинг ҳокимиятдаги умри Украинадаги урушга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Путин Ўзбекистон президенти томонидан юксак мукофотга лойиқ кўрилган биринчи давлат раҳбари эмас. Икки йил муқаддам таъсис этилган “Олий Даражали Дўстлик” орденини Мирзиёев биринчи бўлиб шу йил сентябрида Самарқандда Хитой раҳбари Си Цзиньпинга топширганди.

Маҳаллий ва хорижий матбуот, жумладан, Украина оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон президенти Самарқандда Хитой раҳбарига юксак эҳтиром кўрсатгани ва Россия раҳбари Путин яккаланиб қолгани ҳақида ёзган.

Самарқандга ташриф чоғида Путин Ўзбекистон раҳбарига “Александр Невский” орденини топширганди.

Ўзбекистонлик таниқли блогер Никита Макаренконинг ёзишича, Путинга берилган орден шунчаки, "дипломатик лутф" холос.

"Бу эътибор ва таҳлилни талаб қиладиган жиддий нарса деб ўйламайман.

Тўғрироғи, уч миллион меҳнат муҳожирларимиз тиқилиб қолган мамлакатга илтифот кўриниши.

Улар уйда бўлганларида яхшироқ эди", деб ёзди Макаренко.

Ўзбекистон Россиянинг Украинага уруши юзасидан нейтрал позицияни эгаллаган. Шу йил 26 февралида Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов Кремлнинг "Тошкент Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётига тушуниш билан ёндашгани" ҳақида берган баёнотини рад этган эди.

Алламжонов АҚШ Давлат департаменти вакиласи билан масс-медиа соҳасини ривожлантириш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов АҚШ давлат котибининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элизабет Кеннеди Трюдо билан, Тошкент, 2022 йил 6 октябри

Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган АҚШ давлат котибининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элизабет Кеннеди Трюдо 6 октябрь куни президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов билан учрашди.

“Учрашувда давлат органлари очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик билан мулоқот, фейк ва ёлғон ахборотларга қарши курашиш, масс-медиа соҳасини ривожлантириш, аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш каби кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдик ва ўзаро фикр алмашдик”, дея маълум қилди Алламжонов Телеграмдаги ўз саҳифаси орқали.

Президент администрацияси раҳбарининг муовини АҚШ Давлат департаменти вакиласи билан учрашуви “ҳар икки томон учун самарали” ўтганини урғулаган.

Келинини бошини олганликда гумонланган қайнота ушланди

Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани Хумдон маҳалласида 64 ёшли қайнота кечки овқатни тайёрлаш пайтида келиб чиққан жанжал ортидан келинини сўйиб ташлаган. Бу ҳақда “Газета уз” Бош прокуратурага таянган ҳолда хабар берди.

1 октябрь куни қайнота И. Р., келини К. Г.,дан кечки овқатни мазалироқ тайёрлашни илтимос қилади. Келин бундан жаҳли чиқиб, эшикни қарсиллатиб ёпади ва бунинг оқибатида ойналар синиб кетади.

Тергов маълумотларида қайд этилишича, қайнота ғазаби қўзиб келинининг бўйнига қўли билан уради. Шундан сўнг у хушсиз ётган келинни Оқбилол қишлоғи тепалигига олиб боради.

“ У ерда хўжалик пичоғи билан ҳушсиз ётган К. Г. нинг бўйнидан кесиб, бошини танасидан ажратади ва шу орқали қасддан қотиллик содир этади. У кесилган бошни полиэтилен пакетга солади, жасадни чиқиндихонага ташлайди, бошни эса Олтиариқ тумани Файзобод қишлоғидаги „Тожиали обод“ фермер хўжалиги ҳудудидаги арчалар орасига яшириб қўяди”, — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан 3 октябрь куни Фарғона вилояти прокуратураси томонидан И. Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Владимир Норов Толибон ҳукумати қарорини олқишлади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Толибон ҳукуматининг мамлакат олийгоҳларига қабул квотасини оширганини олқишлади.

“Афғонистон муваққат ҳукуматининг афғон университетларидаги студентлар квотасини деярли 70 фоизга, 2021 йилдаги 68000 дан 2022 йилда 115000 га ошириш қарорини олқишлайман. Умид қиламанки, қизларга ҳам олийгоҳларда ўқиш учун тенг ўрин берилади”, деб ёзди Норов.


TKG нашрининг ёзишича, Афғонистонда 6 октябрда олийгоҳларга кириш имтихонлари бўлиб ўтади. Унда 12-синфни тамомлаган 160 минг мактаб битирувчиси қатнашади. Улардан юз минг нафари олийгоҳларга қабул қилинади

Афғонистонда Толибон ҳокимиятни босиб олган 2021 йилнинг 15 августидан сўнг қизларнинг таълим олишига турли чекловлар қўйила бошланди. Халқаро ҳамжамият Толибонни қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлашга чақирди.

Толибон ҳукумати жорий йилда гўёки қизларнинг олийгоҳларга киришига қўйилган чекловлар олиб ташланганини иддао қилмоқда.

30 сентябрь куни Кобулнинг асосан шиа хазоралар яшайдиган мавзесида худкуш ўқув марказида ўзини портлатгани оқибатида 53 киши хҳалок бўлганди, улардан 46 нафари олийгоҳга синов имтихонидан ўтган қизлардир.

Ўзбекистон президенти Тожикистон раҳбарини туғилган куни билан табриклади

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўтган йилнинг 10 июнида Душанбега борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни I даражали “Зарринтож” ордени билан тақдирлаган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни телефон орқали Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни 70 ёшга тўлгани муносабати билан қутлади.

Мирзиёевнинг матбуот хизмати «Давлатимиз раҳбари Тожикистон етакчисини 70 йиллик юбилейи билан чин дилдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Тожикистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади», деб ёзди.

Суҳбат чоғида илгари эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва бошқа муҳим йўналишлардаги устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга хизмат қиладиган Қўшма инвестиция фонди ўз фаолиятини бошлагани мамнуният билан қайд этилди.

Имомали Раҳмон 2020 йилнинг октябрида бешинчи бор президентликка сайланган эди. У Тожикистонни 28 йилдан бери бошқармоқда.

4 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин тожикистонлик ҳамкасби Имомали Раҳмонни III -даражадаги “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлаганди.

ОТБ Ўзбекистонга ярим миллиард доллар миқдорида қарз бермоқчи

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши ортидан юзага келган иқтисодий муаммолар туфайли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш ва бандликни дастаклаш учун Ўзбекистонга 500 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз беришга қарор қилди. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада ОТБ Ўзбекистон ҳукуматига унинг 1,2 миллиард долларлик “Тараққиёт учун контрциклик харажатлар дастури”ни амалга оширишда молиявий ёрдам кўрсатиши айтилган.

“Ҳукумат дастури озиқ-овқат хавфсизлиги ва нарх-наво барқарорлиги мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилалар, қариялар ва бошқа муҳтож гуруҳларга тўғридан-тўғри ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ишсизлар ва ватанга қайтаётган меҳнат муҳожирларини дастаклашга қаратилган”, дейилган банк хабарномасида.

Олмаотада қорақалпоғистонлик яна бир фаол қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида қорақалпоғистонлик фаол Зиуар Мирманбетова қўлга олинган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати қорақалпоқ диаспораси вакили Ақилбек Муратбай маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Муратбайга кўра, Мирманбетова уйидан тутиб кетилиб, Олмаота полиция департаментига олиб борилган. Фаол бу Қозоғистонда қорақалпоғистонликлар ушлаб кетилиши бўйича тўртинчи ҳодиса эканига эътибор қаратган.

Сентябрь ойи ўрталарида Олмаотада июль ойида Нукусда рўй берган оммавий норозилик чиқишларига алоқадорликда гумонланган қорақалпоғистонлик уч нафар фаол қўлга олинган эди. Раиса Худайбергенова, Жангелди Жақсимбетов ва Қошқарбай Торемуратов «Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз қилганлик» гумони билан ҳибсга олинган.

Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Бунинг ортидан 500 киши қўлга олинган.

Фаоллар норозилик чиқишлари чоғида қўлга олинганлар қийноққа солинаётганини иддао қилишмоқда.

Тошкентга «Уюшган халқаро молия маркази» мақоми берилгани айтилмоқда

Тунги Тошкент.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги GFCI Халқаро молия марказлари глобал индекси Тошкентга «Уюшган халқаро молия маркази» мақомини берганини билдирди.

Агентликнинг билдиришича, GFCI халқаро молия марказлари рақобатбардошлигини молия бозори, бизнес муҳит, инсон капитали, инфратузилма, мамлакат обрўси йўналишлари бўйича баҳолайди.

GFCIнинг рейтинг тузувчи молиявий-инвестициявий ҳамжамияти 30 минг молиячи ва дунёнинг 138 та мамлакатидаги 5 мингта халқаро корпорацияларни ўз ичига олади.

“Республика пойтахтининг индексга киритилиши халқаро инвесторлар ва бизнес вакиллари томонидан инвестицион қарорларни қабул қилишда Ўзбекистонни капитал киритиш учун юрисдикция сифатида танлашга рағбатлантиради”, дейилади расмий билдирувда.

Ўзбекистон ва Венгрия 16 шартномани имзолади. Ядровий соҳада ҳамкорлик қилинади

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан қўшма баёнот қабул қилди.

Ўзбекистон президентининг Венгрияга 3-4 октябрдаги ташрифи доирасида томонлар ўртасида 16 та шартнома имзолангани тўғрисида Мирзиёевнинг матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан имзолаган Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнотда музокаралар дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилган.

Имзоланган шартномалар орасида 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур, фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси каби ҳужжатлар бор.

Шунингдек, Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан кўпроқ бўлган шартномалар имзоланган.

Бундан ташқари Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов билан ўтказган музокаралар доирасида Ўзбекистон ва Венгрия ядровий энергетика соҳасида комплекс ҳамкорлик дастурини йўлга қўйишга келишиб олгани билдирилди.

Петер Сийяртога кўра, ядровий энергетика соҳасида комплекс ҳамкорлик дастури учта қисмдан иборат бўлади:

1. Ўзбекистонда қурилаётган АЭСда Венгрия совутиш тизимларидан фойдаланилади.

2. АЭС комплекс ҳамкорлик учун таълим асоси бўлади. Венгрия ҳар йили ўзбекистонлик олий ўқув юртлари талабаларига 170 та стипендия ажратади. Уларнинг бир қисми, ядровий энергетика соҳасидаги бўлажак инженер ва экспертлар Венгрияда тайёрланади.

3. Қиздирувчи унсурлар билан боғлиқ тадқиқот ва ишланмалар дастури йўлга қўйилади.

4 октябрь куни Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Шавкат Мирзиёев венгриялик ҳамкасби Каталин Новак билан учрашди. Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Чирчиқдаги кимё заводида чиққан ёнғин ўчирилиди. Икки киши жароҳат олди

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги Maxam Chirchiq заводининг аммиак-1 ишлаб чиқарувчи синтез цехида 4 октябрь куни соат 8:30 да бошланган ёнғин тўлиқ ўчирилгани тўғрисида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

ФВВнинг билдиришича, ёнғин ва шундан сўнг юз берган портлаш оқибатида заводнинг икки ходими енгил жароҳатланган. Уларга Чирчиқ шаҳар касалхонасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Воқеа жойига шаҳар ҳокими Даврон Хидоятов, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовлар етиб келиб, ёнғин ва портлаш сабабларини ўрганмоқда.

«Максам Чирчиқ» ширкати Ўзбекистонда минерал ўғитлар ва бошқа кимё маҳсулотларини йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Чирчиқдаги йирик кимё заводида портлаш бўлди

Чирчиқдаги завод. Тошкент вилоят ҳокимияти матбуот хизмати фотоси.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 4 октябрь куни эрталаб «Максам Чирчиқ» ширкатига қарашли 5-заводда ёнғин чиқди. Ёнғин оқибатида заводда портлаш юз берганини Тошкент вилояти ҳокимлиги тасдиқлади.

Ҳозирги пайтда соат 08:40 ларда бошланган ёнғинни қуршаб олиш ва ўчириш чораси кўрилмоқда. “Ўзкимёсаноат” ширкати ёнғин ва портлаш оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини расман билдирди. Ширкатнинг маълум қилишича, портлаш оқибатида атмосферага заҳарли газларнинг кўтарилишининг ҳам олди олинган.


Мазкур вазиятни келтириб чиқарган сабаблар ва оқибатлари юзасидан қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.

«Максам Чирчиқ» ширкати Ўзбекистонда минерал ўғитлар ва бошқа кимё маҳсулотларини йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Ўзбекистонда 9 ойда нархлар 12,2 фоизга қимматлади

Нархлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаган.

Ўзбекистонда сентябрь ойига келиб, истеъмол нархлари индексининг ўсиш даражаси 12,2 фоизга етди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Расман билдирилишича, сентябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1 фоизга ошган. Нархлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,4 фоизга ошди.

Шу даврда ноозиқ-овқат товарлари нархлари 0,7 фоизга ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш 0,8 фоизга қимматлади.

Март ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси Марказий банк кутилмаларидан кўпроқни, ўн ярим фоизни ташкил этгани билдирилган эди. Марказий банкка кўра, бунга озиқ-овқат нархларининг 2,5 фоизга, ноозиқ-овқат товарларининг эса 1,1 фоизга ошгани сабаб бўлган.

Жаҳон банки 10 апрель куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда 2022 йилда иқтисодий ўсиш 3,6 фоизгача секинлашишини башорат қилди. Банк иқтисодий ўсишнинг секинлашишига пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши, озиқ-овқат ва нефть нархларининг ошиши каби омиллар сабаб бўлишини айтган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG