Линклар

19 январ 2018, Тошкент вақти: 18:21

Бўз тумани ҳокими боғча мудираларини “итдан тарқаган” деб ҳақорат қилди

  • Садриддин Ашур/Озодлик

Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров

Андижон вилояти Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров ҳокимликдаги йиғилишда боғча, мактаб ва коллеж раҳбарларини “наҳс, тварь, итдан тарқаган, ҳаром” каби сўзлар билан ҳақорат қилди. Бу ҳақда Озодликка йўлланган аудиоёзувда акс этган. Мажлис иштирокчиларидан бирига кўра, боғчаларга тунги навбатчи қўймаган ва йиғилишга кеч қолган мудираларни ҳоким ҳақоратли сўзлар билан сийлаган.

Қарийб олти ярим минут давом этган аудиофайлни 11 декабрь куни тонгги соат 6.30да Бўз тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлисда иштирок этган маҳаллий раҳбарлардан бири Озодликка тақдим этди.

Исмини ишкор қилишни истамаган раҳбарнинг айтишича, Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров олиб борган бу йиғилишда ички ишлар бўлими бошлиғи, туман прокурори ҳам иштирок этган ва улар ҳокимнинг аёл раҳбарларни ҳақорат этишига муносабат билдирмаган.

Озодлик ушбу аудиоёзувни Бўздаги икки нафар маҳаллий мулозимга эшитттирди, улар ҳам тасмадаги овоз эгаси туман ҳокими Абдурашид Мамиров эканини тасдиқлади.

Аудиоёзув ҳокимнинг тонгги мажлисга кеч қолганларни ҳақорат қилиши билан бошланади:

“Бугун тўпланишасан кечқурунга, йиғилишга кеч қолганлар, мен рўйхат қилиб қўяман, ифлос, тварлар, йиғилишга секин кириб келадигонлар. Ҳаромтомоқ, итдан тарқаган...”, дейди ҳоким.

Ҳоким шундан сўнг, кеч қолган боғча мудираларини турғизиб сўка бошлайди:

“Ҳаромхўр, наҳс. Эрталабгача наҳс босиб... 7, 23, 28 боғча қани? Пўқ ейишиб юрибсанларми уйинларда, а, иккала ифлос. А, иккала ифлос, нима қилишдинг уйингда кечаси билан”, деб ўшқиради ҳоким.

Боғча мудирасининг залдан англаб бўлмас овози эшитилади. Ҳоким унинг гапини бўлиб, яна ҳақорат қила бошлайди:

“Нима қилишдинг кечаси билан деяпман, сенларни. Республика ишчи гуруҳи келган, ҳокимиятни болларидан съёмкада. Ишчи гуруҳи келганда тунги соат 23.30ларда муассаса эшиклари қулфланган, 7- боғча, қоровул ҳам йўқ.Тунги соат 22.40да, 23 -мактабгача таълим муассасаси эшиклари қулфланган, ҳатто қоровул ҳам йўқ. Йигирма учинчи, ҳа, жаноб... ҳей ифлос, ҳоромтомоқ, криса, ҳоромдан тарқаган эй ифлос. Биласанми, навбатчилик бўлаётганини, билсенг. Эй наҳс, сен чиқиб кетасан, ҳозир”, дейди Абдурашид Мамиров.

Ҳоким шундан сўнг халқ таълими мудирига юзланиб, бу боғча мудираларини зудлик билан ишдан бўшатишни буюради:

“Аризасини олинг, иккаласини ҳам аризасини олинг. Эй, мен сенга айтганман, мана бу ерни краска қилдириб, расмга олиб жўнат деганманми? Нега жўнатмадинг? Қайси тварь келиб, қўлингни тишлаб кетди сани? Нимага жўнатмадинг а, э, сен. Бор йўқол иккаланг ҳам, бор йўқол! Менга қаранг, бир соат ичида буйруғини чиқариб, мени қўлимга берасиз. У пенсияга чиққанми, янги боғчами, фарқи йўқ, бугун обориб қўйинг”, деб буйруқ беради ҳоким.

Абдурашид Мамиров мажлисга ўз ўрнига ўринбосарини юборган педагогика коллежи директорини ҳам сенлаб, ҳақорат қилади:

“Ўринбосарингни жўнатадиган бўлиб қолибсанми, а, педколлеж? Эй ифлос, манавуни нимага жўнатяпсан, сен, ифлос. Кимсан сен, кимсан сен? Қани 15 минут олдин келиб, бу ерда ўтирмагинчи, ким бўлишингдан қатъий назар”, дейди ҳоким.

"Бу ҳоким ўтказган қарийб бир соатлик йиғилишнинг 6 минутидаги сўкиниш, холос", дейди аудиоёзувни Озодликка йўллаган маҳаллий мулозим.

Озодлик бу масалага муносабат олиш учун Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров билан боғланишга бир неча бор ҳаракат қилди. Лекин, ҳоким Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, ҳақиқатан ҳам 11 декабрь куни эрталаб, ҳокимлик биносида мажлис бўлгани ва унда шахсан ҳокимнинг ўзи Абдурашид Мамиров иштирок этганини тасдиқлади, лекин мажлисда қандай гаплар бўлганидан бехабар эканлигини айтди.

Ҳоким койиган ва ишдан олишни буюрган боғча мудираларининг кейинги тақдири ҳақида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

Бўз туманидаги маҳаллий ташкилотлардан яна бирининг исми сир қолишини сўраган мулозими Абдурашид Мамировни "маданият ва хушмуомаладан анча узоқ раҳбар" деб ҳисоблашини айтади:

“Бу одам ҳоким мансабини том маънодаги зўравон эканлигини тамсил этувчи шахс экан. Президент сиёсатини халққа ёмон кўрсатадиган раҳбар экан. На одамлар билан муомала, на маданият, на ахлоқ бор. Ёшу қари, эркагу аёл демасдан оғзига келган ифлос сўзлар билан сўкаверади. Мен унинг халқдан узоқ одам эканлигига битта мисол айтаман. Чамаси бир ой бўлди, ҳокимликда мажлис бўлаётганди. Шунда бир маҳалланинг икки-уч нафар оқсоқоли, ўрнидан туриб, бизда жаноза бор, рухсат берсангиз, деб ҳокимдан ижозат сўради. Шунда ҳоким, “ўтиринг, ўлик туровради, менинг ўликлар билан ишим йўқ, тириклар билан ишлагани келганман”, деб рухсат бермади. Бундай одамдан бошқа нима ҳам кутиш мумкин”, деди маҳаллий мулозим.

Жорий йилнинг 7 апрель куни Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров йиғилишда ҳам Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Улуғбек Фармоновни ҳақорат қилиб, ўз ходимларига калтаклатгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Абдурашид Мамировнинг асли касби ўқитувчи бўлиб, аввал Андижон вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Мамиров жорий йилнинг 22 февраль куни Бўз тумани ҳокими этиб тайинланган.

Сўконғич ва муштумзўр ҳокимлар жазосиз қолмоқда

Президент Мирзиёев 15 ноябрь куни ўтказилган ҳукумат мажлисида амалдорларнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини айтган эди.​

Мирзиёевнинг ушбу чиқишидан бир ой вақт ўтсада, мактаб директорларини қаторасига териб, уларни ҳақоратли сўзлар билан бирма-бир дўппослаган Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев, Улуғнор тумани ҳокимининг юрак хуружидан ўлиш даражасида ҳақоратлагани иддао қилинган Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни 45 минут давомида 126 марта уятли сўз билан ҳақоратлаган Паркент тумани ҳокимига ҳам ҳануз бирор чора кўрилгани йўқ.​

Биргина Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилгани юзасидан Андижон вилоят прокурори Музаффар Эгамбердиев шаҳар ҳокимлигига "тақдимнома" юборган. Бу тақдимнома 43 яшар Дилмурод Раҳматуллаевнинг 16 октябрь кунги мажлисда коллеж ўқитувчиларини “шакал”, “тварь”, “ҳайвон”, “эшшак” деб ҳақорат қилгани матбуотга тарқагани ортидан юборилгани айтилмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG