Линклар

Шошилинч хабар
12 май 2021, Тошкент вақти: 19:28

COVID-19 забтига олган Ҳиндистон шифохоналарида жой қолмади


Коронавирус бемори Нью Деҳлидаги Гуру Тег Баҳадур шифохонасида навбат кутмоқда- Ҳиндистон, 23 апрель, 2021

Ҳиндистонда COVID-19 инфекциясига чалинган беморларга тўлган касалхоналарда кислород баллонлари тақчиллиги юзага келди. Мамлакат ҳукумати шифокорларнинг огоҳлантиришларига қарамай, етарлича ҳозирлик кўрмагани учун танқидга учради.

Ҳиндистон сўнгги ҳафтада кундалик коронавирус юқтиришлар сони бўйича дунё миқёсида рекорд ўрнатди. Сўнгги 24 соат ичида 352,991 та вирус юқтириш ҳолати қайд этилди. Бу билан мамлакатда вирусга чалинишларнинг умумий сони 16 миллиондан ошди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 24 соат ичида 2812 одам нобуд бўлганини маълум қилди. Расмий маълумотларга кўра, Ҳиндистонда бугунга қадар 189, 544 киши бу касалликдан вафот этди.

Ҳукумат шифохоналарга тиббий кислород етказиб беришни жадаллатиш учун махсус экспресс поездларни, ҳаво кучлари самолётлари ва танкерларни ишга солди, кислородга солинадиган божхона солиқларини бекор қилди. Аммо қарийб 1,4 миллиард одам яшайдиган мамлакатда вазият оғир бўлиб қолмоқда. AP агентлигининг хабар беришича, шифохоналарда ўрин қолмаган, кислород таъминотида йирик муаммолар юзага келган.

Пойтахт Деҳлидаги йирик Batra касалхонаси директори доктор Судҳаншу Банката маҳаллий телеканалга берган интервьюсида:

«Ҳар бир касалхонада (кислород) тугаяпти. Кислород қолмаяпти», - деди.

Шанба куни Деҳли олий суди инфекциялар сони кескин кўпаётганини «цунами» деб атади ва фавқулодда кислород етказиб бериш чора-тадбирларига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай киши «осилиши» ҳақида огоҳлантирди. Кейинги кунларда маҳаллий ҳокимият кислород олиб кетаётган танкерларни ўз назоратидаги касалхоналарга йўналтираётгани ҳақида хабар тарқаган эди.

Ҳиндистондаги янги тўлқин илк бор мамлакат ҳудудида аниқланган коронавирус штамми туфайли юзага келгани айтилмоқда.

Январь ойида бош вазир Нарендра Моди Ҳиндистонда коронавирус устидан ғалаба қозонганлигини эълон қилган эди.

«Дунё аҳолисининг 18 фоизи яшайдиган мамлакат коронани самарали равишда чеклаш орқали инсониятни катта фалокатдан қутқарди», - деган эди Моди ўшанда.

Аммо соғлиқни сақлаш мутахассислари ва танқидчиларнинг айтишича, ўтган йил охирида янги инфекциялар сони озая бошлагани учун ҳокимият вақтидан эрта ғалаба нишонлаган ва соғлиқни сақлаш тизимидаги илк тўлқин давомида аниқланган муаммоларни бартараф этмаган. Бундан ташқари, сиёсатчилар ва ҳукумат идоралари шу чоққача вирус тарқалишига қулай замин яратадиган тадбирлар, шу жумладан, диний фестиваллар ва сайлов митинглари ўтказилишига йўл қўйгани учун кескин танқидга учради.

Пуна шаҳридаги Ҳиндистон Илмий таълим ва тадқиқот институтида иммунитет тизимини ўрганиб келаётган доктор Винита Балнинг айтишича, Ҳиндистондаги кислород танқислиги замирида ҳолатлар камайиб бориши ортидан юзага келган бепарволик ётибди.

Вирус ўтган йили Ҳиндистонга илк маротаба кириб борганида Моди бир неча ой давомида бутун мамлакат бўйлаб кескин карантин чораларини жорий қилди. Аммо ҳукумат кенг молиявий қийинчиликлар фонида чекловларни юмшатди.

Моди, ички ишлар вазири Амит Шоҳ ва мухолифатдаги сиёсатчилар жорий ойда аҳолиси кўп бўлган бешта штатда оммавий сайлов раллиларини ўтказдилар. Уларда қатнашган минглаб одам на ниқоб тақди, на ижтимоий масофа сақлади.

Бундан ташқари, диний раҳбарлар ва юз минглаб диндор ҳиндулар ўтган ой йирик Кумбха Мела фестивали муносабати билан Ҳиндистон шимолидаги Хардвар шаҳрида Ганг дарёси соҳилида тўпланишди.

Ўтган ҳафта Олий суд Моди ҳукуматига коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун кислород ва зарур дори-дармонларни етказиб бериш бўйича миллий режани ишлаб чиқишни буюрди. Ҳукумат шанба куни вакциналар, кислород ва бошқа кислород билан боғлиқ ускуналар уч ойга божхона тўловларидан озод қилинишини маълум қилди.

Моди тузган фавқулодда ёрдам фонди январь ойида мамлакатдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида 162 кислород ишлаб чиқарадиган пунктларни ташкил этиш учун тахминан 27 миллион доллар ажратган эди. Орадан уч ой ўтгач, атиги 33 та бундай пункт ташкил этилган.

XS
SM
MD
LG