Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2021, Тошкент вақти: 05:02

Пандемия йили: Коронавирус, карантин ва коррупция


Мутахассисларга кўра, коронавирус пандемияси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими юз тутган энг жиддий инқироз бўлди

2020 йил – инсоният тарихида бурилиш нуқтаси ўлароқ хотираларда қоладиган бўлди.

2019 йил декабрида Хитойда аниқланиб, йил бошидаёқ дунёга ёйилиб улгурган СOVID-19 пандемияси ўзбекистонликлар ҳаётини ҳам тубдан ўзгартирди.

Қуйида пандемия муаммолари билан кечган йилнинг муҳим воқеаларини ёдга оламиз.

Илк бемор

2020 йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор қайд этилди.

11 март куни Париждан Тошкентга борган беморда, орадан 4 кун ўтиб COVID-19 инфекцияси аниқланди.

Инфекция аниқланган илк тошкентлик аёл билан бирга учган 24 нафар ўзбекистонликнинг ҳаммаси карантинга олинди.

Аёл билан бирга яшайдиган 10 оила-аъзоси ҳам Вирусология институти клиникасига ётқизилди, у яшаган кўп қаватли уйдаги хонадонлардан 230 киши тиббий кузатувга олинди.

Бунга қадар хориждаги воқеъликни хавотир билан кузатаётган ўзбекистонликлар ўша куни коронавирус хавотирини илк бор ўзида ҳис этди.

Хитойнинг Ухан провинциясида расман қайд этилганидан то Ўзбекистонга етиб келишигача бўлган 3 ой муддатда бу вирус Европа давлатларига ёйилиб улгурган, Қозоғистон ва Қирғизистонга ҳам кириб борганди.

Шошилинч чоралар

Илк бемор аниқланиши билан Ўзбекистон ҳукумати эпидемия олдини олишига қаратилган шошилинч, изчил ва кенг кўламли чора тадбирларни қўллашга киришди.

Инфекцияга чалинган бемор ва у билан алоқада бўлган бирламчи, иккиламчи манбалар изоляция қилинди, инфекция ўчоғига айланган маҳаллаларга кириш-чиқиш йўллари тўсилди.

16 мартдан Ўзбекистон қўшнилари билан чегараларини ёпди. 24 мартдан ҳаво қатнови тўхтатилди.

Мамлакатда карантин бошланди. Тўй-ҳашам, йиғилиш, байрам тадбирлари тақиқланди, мактаблар, олий ўқув юртлари ва жамоат ташкилотлари ёпилди, вилоятдан пойтахтга борган талабалар автобусларга ортилиб, уйига қайтарилди.

Бу жараён учун республикадаги барча вазирлик, ташкилот, ҳокимият ва маҳалла органлари жалб қилинди, махсус тезкор гуруҳлар тузилди, яъни давлат институтлари молиявий ва маъмурий ресурслари коронавирусга қарши курашга йўналтирилди.

Бу орада, аввал кузатилмаган бир янги амалиёт пайдо бўлди - Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа масъул идоралар расмийлари кундалик равишда жамоатчиликка ҳисобот беришни йўлга қўйди.

Ҳужжатлар пакети

Аслида Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилнинг январидаёқ коронавирус инфекцияси йўлини тўсишга қаратилган чора-тадбирлар пакетини ҳозирлаб қўйганди.

29 январда президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармон билан бош вазир Абдулла Арипов раислигида Республика махсус комиссияси тузилди ва унга мамлакатда пандемияга қарши курашиш учун мисли кўрилмаган ваколатлар берилди.


Коронавирусни юқтирган илк бемор аниқланиши билан, 19 март куни президент яна битта фармонни имзолади.

Ортидан Вазирлар Маҳкамаси қарор чиқарди ва шу билан Махсус комиссия тасарруфига давлат бюджети ҳамда ташқи қарзлар ҳисобидан ажратилган маблағ ва молиявий ресурслар эҳтимолий кўлами белгиланди:

  • Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди;
  • Жамғарма манбаси этиб, Давлат бюджети, халқаро молия институтлари имтиёзли кредитлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланди;
  • Давлат бюджети ва Инқирозга қарши курашиш жамғармасини молиялаштиришни таъминлаш мақсадида халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобидан 1 млрд. АҚШ доллари миқдоригача ташқи қарз маблағларни жалб қилиш чоралари кўрилиши белгиланди.

Пандемиянинг илк кунларида қабул қилинган президент фармони, қарорлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан бюджет маблағлари ҳисобидан кетма-кет ажратилаётган бу суммалар, ўзбекистонлик иқтисодчи, таҳлилчи ва блогерлар диққатини тортди.

Ўша кездаёқ улкан ваколатлар берилган комиссиянинг легитимлиги, у чиқарган тезкор қарорлар билан қонунчилик ўртасидаги зиддият такрор ва такрор савол остига олинди. Аммо ўша кезда бу саволларга на комиссия, ва на ҳукумат томонидан аниқ жавоб берилди.


Карантин марказлари ва шифохоналар

Март ойидан эътиборан Ўзбекистонда бирин-кетин карантин марказлари очила бошланди.

Бу вақтга келиб, коронавирус дунёнинг аксар давлатларида ёйилиб улгурган – Ўзбекистон ҳам, бошқа давлатлар каби, хориждан фуқароларини қайтара бошлаган эди.

Ўзбекистонликлар мамлакат тарихида илк бор, четдан кириб келаётган юзлаб одам жойланаётган махсус карантин марказларига гувоҳ бўлди. Ўзбекистон ҳукумати қўллаган бу чора – халқаро жамоатчилик учун ҳам янгилик бўлди.

Хориждан келганлар, 14 кунга ёппасига бу марказларга жойлаштирилди. Апрель-май ойларига келиб, муқаддам мисли кўрилмаган – контейнер шаҳарчалар қурила бошлади, бу қурилишлар учун катта миқдорда маблағ ажратилгани эълон қилинди.

Беморларни даволашда Ўзбекистонда қўлланган усул ҳам дунёнинг аксар давлатларида кузатилмади. Коронавирус аниқланганлар, аҳволи енгил ёки оғир бўлишидан қатъи назар, махсус ажратилган шифохоналарга жойлаштирилди.

Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов апрель охирида эълон қилган рақамлар – кейинчалик жамоатчилик фикрини кескин ўзгартирган расмий баёнот бўлди.

"Бизга ҳозир 5,4 триллион сўм маблағ ажратилди". Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан ҳозиргача 32 миллион долларни ўзлаштириб бўлдик, яна 150 миллион доллар устида шартномалар тузиб, жиҳозларни олиш бўйича ишлар амалга ошириляпти", деганди собиқ вазир Алишер Шодмонов Халқаро пресс-клубда 23 апрель куни ўтган йиғинда.


Шодмоновга кўра, карантин марказларидаги ҳар бир киши учун 14 кунлик муддатга 2 миллион 200 минг сўмдан, беморга 32 миллион сўмдан 64 миллион сўмгача маблағ ажратилган.

Март-апрель-май ойларида мамлакатда коронавирус ёйилиши назоратда ушлаб турилди, қатор ҳалқаро ташкилотлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳам ҳукуматни олқишлади.

Аммо қатор экспертлар, эпидемия устидан бундай назорат - давлат бюжети ва ташқи қарзлар ҳисобидан қопланаётган ўта қиммат усул экани, вазият назоратини бу тахлит узоқ тутиб туриш имконсизлигидан ўшандаёқ огоҳлантиргандилар.

Жумладан, кўп йиллардан буён Канадада яшаётган ва сўнгги бир йил ичида коронавирус беморларини даволаш жараёнида ишлаган ўзбекистонлик тиббиёт ходими, химий Обиджон Мамадалиев шундай экспертлардан бири бўлди.

- Ўзбекистон энг қиммат йўлни танлади. Ҳатто қўшни Қозоғистон ва Россияда ва бошқа давлатларда ҳам енгил симптомли касаллар ўз уйларида изоляция қилинди, даволанди. Барча ресурслар оғир симптомли коронавирусга чалинган беморларга қаратилди. Ўзбекистонда эса қисқа муддат ичида ресурслар тугалланди. Нима учун шундай ҳолат юз берди? Бу мутахассисларнинг лаёқатсизлиги туфайли бўлди, - дейди Мамадалиев.

Ўша кездаёқ мамлакат ичидаги аҳволдан яхши хабардор аксар экспертлар, ҳали олдинда коррупция муаммоси борлигини ҳам бот-бот эслатгандилар.

Канададаги ўзбекистонлик тиббиёт ходими Обиджон Мамадалиев
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:40 0:00


Расмий ва норасмий манбалардаги тафовут

Эксперт ва ўзбекистонлик фаоллар билдирган хавотирлар апрель охири ва май бошларига келиб воқеъликка айланди.

Гарчи хориждан қайтарилган юзлаб ватандошнинг карантин марказларидаги шароит ва ўрнатилган тартибдан шикояти илк кунларданоқ Озодликка кела бошлаганди.

Ётоқ жойи, анти-санитария шароити ва абгор егуликдан норозилик билан бирга, карантин марказларида 14 кундан ортиқ ушлаб турилганларнинг жанжаллари кузатила бошлади.

Бу марказлардаги шароит - Соғлиқни сақлаш вазири киши бошига ваъда қилган 2 миллион 200 мингга тўғри келмаслиги, аксинча бу маблағ муассаса масъуллари томонидан ўзлаштириб юборилаётгани иддао қилинган шикоятлар сони ортди.


Охир-оқибат, июнь-июль ойларига келиб, мамлакат бўйлаб вирусга чалинганлар сони фавқулодда орта бошлади ва аксар карантин марказлари – беморларни даволайдиган янги масканлар - ковид марказларига айлантирилди.

Расмий рақамларга кўра, мамлакат бўйлаб коронавирус беморлари учун 17 мингдан ортиқ ўрин ажратилган, ҳар бир беморга аҳволига кўра, 32 миллион сўмдан 64 миллион сўмгача маблағ сарфлаш белгиланган.

Аммо, йил давомида COVID-19 беморларига бу маблағ тўлиқ ажратилдими, ажратилган бўлса, тўлиқ етиб бордими? Озодликка келган юзлаб шикоятларда иддао қилингани каби, бу маблағ беморларга етиб бормаган бўлса, қаёққа кетди – бу ҳануз якуний жавобни кутаётган жиддий саволлардан бири.

Пандемия ва расмий рақамлар

Ўзбекистонлик аксар тиббиёт ходимлари, мамлакатда пандемиянинг илк тўлқини июль ойидан – енгил беморларни уйда даволаш амалиётига ўтилганидан сўнг бошланди, деган хулосани айтадилар.

Ўша кезда тиббиёт ходимлари ва яқинлари хасталанганлардан, беморлар сони кескин ортиб кетаёгани ҳақидаги хавотирли хабарлар кела бошлади.

Айнан ўша кезлардан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа расмий идораларнинг кунлик статистикасига шубҳа билдирилган чиқишлар ижтимоий тармоқлардан ички маҳаллий нашрларга ҳам кўчди.

Зотан, пандемия бошидан буён коронавирус учун тест тизимлари етишмаслиги, натижани эса ҳафталаб кутишга тўғри келгани боис беморлар сонига оид расмий рақам савол остига олинаётган эди.

Август-сентябрь, октябрь ойларига келиб эса, расмий ўлим статистикаси кескин норозилик уйғотди.

Пойтахт қабристонларида коронавирусдан вафот этиб, дафн қилингани айтилган қурбонлар сони кундан-кунга ортгани кузатилди.

Озодликнинг октябрь ойида олиб борган суриштируви давомида Тошкент ва камида 4 вилоятдаги 10 га яқин қабристонда, сентябрь охири ва октябрь бошида COVID-19 дан ўлгани айтилган 1000 га яқин одам дафн этилгани ҳақидаги норасмий маълумот борлигини аниқлади.

Ўша кезда мамлакат бўйлаб эълон қилинган расмий рақам 630 нафарга етмаган эди. Шу кундаги расмий рақам эса, жамоатчиликка ошкор қилинганича йўқ.

ЭКСКЛЮЗИВ - Қабристон сукунати: Ковид қурбонлари ошмоқда, расмийлар сукутда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00

Фидокорлар

Ижтимоий тармоқларда берилган ва Озодлик гаплашган шифокорлардан олинган норасмий маълумотларга кўра, пандемия пайтида вафот этган тиббиёт ходимлари сони 800 нафардан ошган.

Бундан ташқари, Телеграм тармоғида тиббиётчиларнинг энг йирик гуруҳларидан бири бўлган "Фидокорлар" канали жорий йилда вафот этган юзлаб ҳамкасбининг исми-фамилияси, иш жойи ва суратини эълон қилди.

Марҳумларнинг кўпчилиги COVID-19 касаллигига чалингач, вафот этган.

Телеграм каналида қолдирилган шарҳлардан бири, октябрь, 2020
Телеграм каналида қолдирилган шарҳлардан бири, октябрь, 2020

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки бошқа расмий ташкилотлар, пандемия даврида беморларни даволаш жараёнида вафот этган тиббиёт ходимлари сонини ошкор қилгани йўқ.

Шунингдек, қанча тиббиёт ходими иш пайтида хасталангани ва президент ваъда қилинган товон пули, қўшимча тўлов ёки бош имтиёзлар билан таъминланганига оид расмий рақамлар ҳам Озодликка маълум эмас.

Озодлик йил давомида ҳимоя воситасисиз коронавирус беморларини даволашга мажбур бўлган, иш пайтида хасталанган, қаровсиз қолган шифокорлар шикоятларини ёритиб борди.

Тиббиёт ходимларини қийнаган яна бир жиддий муаммо эса - уларга президент ваъда қилган махсус тўловларнинг вақтида тўланмагани ёки умуман тўланмагани бўлди.


Ўзбекистон пандемияни енгдими?

Ўзбекистондаги COVID-19 марказлари ва коронавирус юққани гумон қилинган беморларни қабул қилиш-тақсимлаш марказлари ноябрь ойидан ёпила бошлади.

Хусусан, Тошкентда ковид марказлари ёпила бошлагани ҳақидаги илк расмий баёнот 24 ноябрда берилган.


17 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги коронавирус беморлари учун мўлжалланган шифохоналар тўла қувват билан ишламаётганини танқид қилган ва бу муассасаларни оптимизация қилиш ҳақида кўрсатма берган эди.

Ўша кунги видеоселектор йиғини ҳақида хабар қилган президент матбуот хизмати “Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган”и, ўша кезда бу ўринларда “6 минг 570 нафар бемор” даволанаётганини билдирган.

“Шу муносабат билан мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилди”, дея хабар қилганди президент матбуот хизмати.

Расмийлар марказлар вақтинча консервация қилинаётгани, тиббиёт ходимлари ҳам зарурат туғилганда, дарҳол қайтиш шарти билан доимий иш жойига қайтарилаётганини билдирмоқда.

Тиббиёт ходимларига кўра, касаллик тарқалишининг пастлаши коронавирус юқиш занжирининг узилиши ҳамда аҳолининг катта қисмида иммунитет шаклланиб улгургани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Аммо уй шароитида ўзини ўзи даволаётган беморлар сони ҳақида расмий маълумот йўқ. Тиббиётчилар бундай беморлар сони, расман қайд этилганларидан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин, демоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG