Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:36

“Тошкент валюта расмий курсидан воз кечадиганга ўхшамаяпти”


Ўзбекистон - Марказий банк биноси
Ўзбекистон - Марказий банк биноси

17-24 июль кунлари Тошкентга сафар қилган Халқаро валюта жамғармаси махсус миссияси 24 июль куни Ўзбекистон ҳукуматининг валюта тизимини ислоҳ қилиш режасига ўз муносабатини эълон қилди. Мазкур миссия билан музокараларда бевосита қатнашган Тошкент молия тизими мутасаддилари эса, 26 июль куни валюта тизимида кутилаëтган ўзгаришларга оид баëнотлар қилди. Икки томон баëнотларидаги “фундаментал тафовут” иқтисодий таҳлилчиларда Ўзбекистонда валюта эркин конвертацияси яқин орада жорий этилишига жиддий шубҳа уйғотди.

Баëнотлар

17-24 апрель кунлари Ўзбекистонга сафар қилган Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) миссияси ўз сафари якунларига оид баëнотида¸ Ўзбекистон ҳукуматининг валюта тизимини ислоҳ қилиш режасини ижобий баҳолади.

Бу баëнотнинг дастлабки жумласиданоқ ХВЖ бундай ислоҳотлар асоси мамлакатда мавжуд бир неча валюта алмашинув курсини унификация қилиш¸ яъни биттага келтириш бўлиши лозимлигига очиқ ишорат қилди.

“Валюта курсларини унификация қилиш ва валюта ресурсларини бозор тамойиллари асосида тақсимлаш имкониятларини яратиш Ўзбекистон Марказий банкига барқарорликни қўллаб-қувватлаш ва инфляцияни самарали назорат қилишга йўналтирилган пул-кредит сиёсатини олиб боришига шароит яратади”¸ дейилади ХВЖ расмий баëнотида.

Айни пайтда¸ 26 июль куни Тошкентдаги Халқаро пресс-клубда давлат дастурига киритилган валюта тизимини ислоҳ қилиш жараëнининг бориши ҳақида гапирган Ўзбекистон молия ва иқтисодиëт вазирлиги¸ шунингдек¸ Марказий банк мутасаддилари “унификация” деган сўзни тилга олмадилар.

Бунинг ўрнига улар¸ валюта тизимини либераллаштириш учун Ўзбекистоннинг ўз маблағи етарли экани¸ мамлакат олтин-валюта заҳираларининг 25 миллиард доллар¸ ëхуд мамлакатнинг икки йиллик импорти ҳажмига тенг эканини алоҳида таъкидлашди.

Тафовут

Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистонга сафар қилган махсус миссияси раҳбари Альберт Егер Тошкент ҳукумати билан ўтказилган музокаралар тафсилоти ва жамғарманинг ислоҳотлар борасида Тошкентга берган тавсиялари борасидаги Озодлик йўллаган саволларга ҳозирча жавоб бермади.

Мазкур музокаралар тафсилотидан хабардор Тошкент мулозимининг айтишича¸ ўзаро сўзлашувларда Ўзбекистон томони валюта эркин конвертациясини жорий этиш жараëнининг қандай бўлишини ўзи белгилаш ҳаққини сақлаб қолиш учун кредит сўрамаган.

Бу жиҳатни шарҳлаган Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлиги собиқ мулозими¸ буни “Тошкентнинг валюта алмашинуви расмий курсидан воз кечмаслик” томон оғаëтгани ифодаси, деб атади.

“Ўзбекистонда бир неча валюта курси жорий этилгани¸ унинг сақланиб қолаëтганининг бирламчи сабаби банк-кредит соҳаси эмас¸ балки фискал-бюджет соҳаси муаммосига бориб тақалади. Расмий курс жорий этиш орқали ҳукумат экспортëрдан ҳамма маҳсулотини – пахтадан то мева-сабзавотгача расмий курсда ҳисобланган сўмда сотиб олиб¸ ундан тушган валютани тижорат ва биржа нархида сотиб¸ ўртадаги фарқдан бюджетни баланслаб келди. Энди расмий курс бекор қилинса¸ бюджет бутунлай қулайди¸ ҳукумат шундоқ ҳам тирикчиликка етмайдиган ойлик ва пенсияларни тўлай олмай қолади. Расмийлар тилга олган 25 миллиард долларга яқин олтин-валюта заҳирасини бюджетни тўлдиришга ишлатиб бўлмайди¸ бундай қилиш заҳирани бир зумда еб қўяди. Бюджетга қарзни фақат ХВЖ бериши мумкин. Биз ХВЖдан кредит олмаймиз¸ дегани¸ ХВЖнинг кредит учун қўядиган асосий шарти – унификацияга рози бўлмаймиз дегани. Бу эса ўз навбатида¸ ҳукуматнинг расмий курсдан воз кечиш нияти йўқлигидан берилган даракдир”¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Эски тос¸ эски ҳаммом?

Ўзбекистон Молия вазирлиги собиқ расмийси Сапарбой Жубаев ҳам 26 июль кунги расмий баëнотлардан Тошкент ҳукумати 25 йиллик валюта сиëсатидан воз кечиш ниятидан узоқ¸ деган хулосага келганини айтади:

- ХВЖ миссияси сафаридан кейин Тошкент расмийлари берган баëнотлардан тушунганим¸ Ўзбекистон ҳозирча ХВЖ шартларига рози бўлмаяпти. Жамғарманинг бирламчи талаби¸ албатта¸ курсларни унификация қилишдир.Лекин кечаги пресс клубдаги гапларни¸ Ўзбекистон вақтни яна чўзишга уринаëтгани¸ ХВЖ билан маслаҳатларга икки-уч йил олмоқчи¸ деб тушундим. “Унификацияга бориш керак¸ лекин бу жуда қийин¸ аста-секин ўтамиз¸ вазиятни чалкаштириб юбориши мумкин”¸ деган гаплар¸ очиғи менга ëқмади. Бу жараëннинг қийинлигини ҳамма билади. Лекин ўтиш йўли ë шоковая терапея бўлади ëки катта кредит олиб¸ бозорга вақтинча кўп валюта ташлаб туриш ва вазиятни нисбатан назорат қилиш бўлади. Бунақа кредитни эса¸ фақат ХВЖ беради. Лекин курс унификация бўлмаса¸ улар кредит бермайди. Ўзимиз қиламиз¸ ўзимиз эплаймиз¸ деган гапларни 25 йилдан бери эшитамиз. “Ўзлари қилиб”¸ Ўзбекистонни қаерга олиб келишганини ҳамма кўриб турибди¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Президент Мирзиëев томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси”га асосланган расмий органларнинг иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича комплекс режаларига валюта тизимини либераллаштириш ва бу соҳада бозор механизмига ўтиш ҳам киритилган.

XS
SM
MD
LG