Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Уйини долларга сотганларни жазолаш орқали кўчмас мулк бозорини сўмга кўчиришмоқчи


Ҳукумат қисман валюта конвертацияси жорий этганидан сўнг қора бозордаги валютафурушлар ҳуқуқ тизимлари нишонига айланди.
Ҳукумат қисман валюта конвертацияси жорий этганидан сўнг қора бозордаги валютафурушлар ҳуқуқ тизимлари нишонига айланди.

Эркин конвертация амалиётининг жорий этилиши ва 50 минг сўмлик янги банкнотанинг муомалага киритилиши ортидан Ўзбекистондаги барча тўловларнинг сўмда амалга оширилишига зарур шароит яратилганига ишонаëтган мамлакат ҳуқуқ тизимлари¸ 26 йилдан бери асосан АҚШ долларида бўлиб келган кўчмас мулк бозоридаги олди-бердиларни ўз янги нишонига айлантириши мумкин.

“Иккиламчи бозорда уй-жой ва автомашина олди-сотдиси учун ҳисоб-китобларни хорижий валюта, асосан АҚШ долларида амалга ошириш деярли барча учун одатий ҳолга айланиб қолган.Хабарларга кўра, бундан буён ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан шу каби ҳолатларга қарши жиддий курашилади”¸ деб ëзди Кун.уз сайти 10 октябрь куни.

Гарчи бу Интернет нашри “жиддий кураш”нинг қай кўринишда бўлишига аниқлик киритмаган бўлса-да¸ унинг ҳам қора бозордаги валюта савдогарларига қарши кураш шаклида бўлиши тахмин этилмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон телеканалларида назорат органларининг махсус амалиëтлар натижасида “валютчик”ларни “жиноят жойида” қўлга олаëтгани тасвирга олинган видеоматериалларни тез-тез кўрсатмоқда.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра¸ мамлакат ҳудудидаги ҳисоб-китоб ва тўловлар¸ айрим мустаснолардан ташқари¸ фақат сўмда амалга оширилиши шарт. Уй-жой ва машина савдоси бундай мустаснолар рўйхатига кирмагани боис¸ олди-бердини доллар ( ëки рубль ëки евро)да қилиш тақиқланган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг куни-кеча расмий мақом берилгaн lex.uz сайтида 11 октябрь куни кўрилган вариантида бундай қонунбузарлик учун биринчи марта қуйидаги жазо белгиланган:

170-модда. Валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш

Валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш —валюта бойликларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Lex.uz сайтида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс устига “ҳозирги вақтда мазкур ҳужжатга ўзгартириш киритилмоқда”¸ деб ëзиб қўйилган¸ аммо бу ўзгаришнинг қайси моддаларга тегишли бўлиши ҳозирча очиқланмаган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Жиноят Кодексининг айни қонунбузарлик учун жазони кўзда тутувчи 177-моддасига жорий йилнинг 29 март куни таҳрир киритилгани ва жазонинг кучайтирилганини кўриш мумкин.

Бу моддага кўра¸ “фуқароларнинг қонунга хилоф равишда анча миқдорда валюта қимматликларини олиши ëки ўтказиши¸ шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса¸ энг кам иш ҳақининг 75 бараваригача миқдорда жарима ëки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ëхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади."

Айни ҳаракат "жуда кўп миқдорда ëки уюшган гуруҳ томонидан¸ëки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса¸ энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан 500бараваригача миқдорда жарима ëки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ëхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади."

(Ўзбекистон ҳудудидаги энг кам иш ҳақи миқдори 149 775 сўм қилиб белгиланган).

Ижтимоий тармоқларда тарқай бошлаган хабарларда ҳам¸ Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларининг шу кунларда мазкур қонунчилик ижросини таъминлаш ишига жиддий киришаëтганидан огоҳлантириш бор.

Гарчи амалдаги қонунчиликка зид бўлсада иккиламчи бозорда уй-жой ва автомашина олди-сотдиси ва ҳисоб-китоблар аксар холларда валютада амалга оширилади ва бунга кўпчилик кўникиб қолган. Бундан буён мазкур ҳолатга ҳам қарши жиддий курашилади. Яъни бундай битимлар худди ҳозирда ноқонуний валюта олди-сотдисига қарши узлуксиз ва тизимли қонуний чоралар кўрилаётгани сингари доимий таъқиб ва назоратга олинади. Уй ва машина олди-сотдиси битимларида миллий валюта - сўмда келишув тузиш ҳам мулкингизни, ҳам сармоянгизни асрайди. Огоҳ бўлинг”¸ дейилади Telegram тармоғидаги ўзбекистонлик фойдаланувчиларга тарқатилган хабарлардан бирида.

Бозор ҳозирча ўз қонунлари билан ишламоқда

11 октябрь куни Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги кўчмас мулк олди-сотдисига воситачилик қилувчи бир неча агентлик ходими¸ савдонинг аввалгидек долларда бўлаëтганини билдирди.

Конвертация очилди¸ дейилганидан бери бирор нарса ўзгарганини кўрмадим. Олди-сотди¸ ҳалиям долларда. Нотариусда тасдиқланадиган шартномада¸ олдингидек¸ сўмда кўрсатилади. Лекин сотувчи билан олувчининг ўзи келишиб¸ пулнинг асосий қисмини долларда беришаяти. Ҳозирча бировнинг ушланганини кўрмадим¸ эшитмадим”¸ деди Тошкентдаги йирик риэлторлик ширкати ходими.

1-нотариал идоранинг Тошкент шаҳридаги туман бўлимларидан бири ходими¸ уй-жой ва машина савдосига оид шартномада нархнинг сўмда кўрсатилиши боис¸ сотувчи ва олувчининг шартномадан ташқаридаги келишувига нотариуслар аралашмаслиги ва масъул эмаслигини айта туриб¸ савдонинг асосан долларда давом этаëтганидан хабари борлигини қўшимча қилди.

Одамлар нега уйини сўмда сотишни истамайди?

Озодлик мухбири бу саволни 11 октябрь куни банк ходимлари¸ маклерлар ва нотариус ходимларига берди.

Йиллардан бери иккиламчи уй-жой савдосига воситачилик қилиб келаëтган маклер¸ муаммонинг асл илдизи банк тизимининг рисоладагидай ишламаëтганига бориб тақалишини тахмин қилади.

Одамларда банк тизимига ишонч йўқ. Шунинг учун уйиниям¸ машинасиниям асосан¸ долларда сотади ва уйида сақлайди. Банкка қўйган пулини истаган пайтида¸ исталган шаклда – нақд ëки нақдсиз олишига¸ уни исталган пайтда исталган валютасига сарсон бўлмасдан алмаштириб олишига ишончи йўқ. Уйни сўмда сотди ҳам дейлик¸ банклар аҳолига нақд валютани эркин сотмаëтган бир пайтда¸уни қаерда валютага айлантиради? Уни конверсион картага ўтказиш учун қанча овора бўлиш керак. Шунга тинчгина¸ долларда сотиб қўяқолади-да!”¸ деди Озодлик суҳбатлашган маклерлардан бири.

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик иқтисодчилардан бири¸ Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери миллий сўмнинг заҳира валютасига айлана олмаëтгани боис¸ қиммат олди-бердиларнинг сўмда қилинмаслигини айтади.

Ўтган йилнинг шу давридаги 1 миллион сўм билан бу йилги 1 миллион сўмнинг қурби ўртасидаги фарқ камида икки баравар! Сўм икки бараварга қадрсизланди. 26 йилдан бери сўм заҳира валютасига айлана олмади ва яқин келажакда айланиши ҳам қийин. Бундай инфляция замонида ким ўзи ва бола-чақаси молиявий хавфсизлигининг асосий кафолати бўлган кўчмас мулкини сўмда сотиб¸ сўмда сақлайди?”¸ дейди Озодлик гаплашган мутахассислардан бири.

Кўчмас мулк бозоридаги савдонинг сўмга ўтмагани ва ўтмаëтгани шарҳлаган яна бир банк ходими¸ бунинг учун “банк тизимига, фискаль сиёсатга ишонч бўлиши лозим. Ҳозирча унисиям, бунисиям йўқ”¸ дея фикр билдирди.

Банк-молия тизимини ислоҳ қилишдан кўра¸ “алвасти овлаш” осонроқ!

11 октябрь куни Озодлик суҳбатлашган мутахассислар Ўзбекистон ҳукуматининг кўчмас мулк ва машина бозоридаги олди-бердини сўмга ўтказишнинг иқтисодий-молиявий механизмлари эмас¸ балки айнан жазо усулларини қўллашга мойиллигини айтишди.

Улар фикрича¸ жазо машинасини қўллаш мамлакат молия-иқтисодий тизимида туб ислоҳотлар қилишдан кўра осонроқ ва қисқа муддат ичида “қисман натижа” берадиган йўлдир.

Кимлардир иллюстрация учун “қора маскалилар” томонидан босилади”¸ қанчадир доллар давлат хазинасига мусодара қилинади¸ “миллий валютани менсимаганлар” жазо олади ва булар халққа намойиш этилади. Бу бозорни бир муддат ҳуркитиб юбориши мумкин. Лекин бу каби жазо чоралари билан жараëнни тўхтатиш¸ ҳатто уни узоқ муддат назоратга олиш ҳам мумкин эмас”¸ дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

XS
SM
MD
LG