Линклар

2 сентябр куни президент имзолаган "Валюта сиёсатини либераллаштиришнинг биринчи навбатда қилиниши лозим чоралари тўғрисида"ги фармонда, шу йилнинг 5 сентябридан бошлаб, юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани тижорат банкларида чекланмаган миқдорда сотиш ва сотиб олиши мумкинлиги қайд этилган. Бу фармон асосида, 5 сентябрдан мамлакатдаги тижорат банклари хорижий валютани эркин сотиш-сотиб олиши, фуқаролар истаганича сотиш-сотиб олиши мумкин.

Шу тариқа 2017 йилнинг 4 сентябри Ўзбекистон тарихига конвертациясиз охирги кун сифатида кирмоқда. Озодлик муштарийлари билан биргаликда 4 сентябрь куни Ўзбекистон валюта қора бозори ва пул-товар муносабатларининг конвертацияга ўтиш арафасидаги вазиятини кузатамиз.

Мобил телефон ҳақи сўмда тўланади

5 сентябрдан эътиборан барча мобил алоқа хизматини кўрсатувчи компаниялар ва интернет провайдерларга миллий валютада ҳисоблаш тизимига ўтиши юзасидан кўрсатма берилди.

Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов томонидан мобил алоқа ширкатларига юборилган хатда маълум қилинди.

сўмда тўлаш бўйича талабнома
сўмда тўлаш бўйича талабнома

Тошкент марказида “Валюта қора бозори” авжида

Тошкентдаги валюта “қора бозор”ининг энг катта саррофхонаси деб таъриф бериладиган "Чорсу мавзеининг Зарқайнар маҳалласига бориб қайтган Озодлик мобил мухбири Тошбекнинг айтишича¸ валюта олди - сотдиси 4 сентябрь куни пешиндан кейин алоҳида суръат касб қилган.

Uzbekistan - people are changing dollar in the street
Uzbekistan - people are changing dollar in the street

“Заркайнарда валютчик болалар машиналари ичида ўтириб, доллар олиб-сотишяпти. Евро¸ Қозоқ тангаси ва Россия рублининг ҳам бозори чаққон. Қўрқув ëки ҳадиксираш йўқ. Пока тинч дейишяпти”, деди Озодликнинг мобил мухбири Тошбек.

Зарқайнардаги валюта бозори
Зарқайнардаги валюта бозори

Тошбекка кўра¸ жорий йилнинг 15 мартида бир гуруҳ милиция ходимлари Зарқайнардаги саррофларни автобусга босиб олиб кетишган.

- Саррофларнинг бошлиғи Тошкентда исми афсонага айланган А.акани ҳам олиб кетишган эди. Аммо сал ўтиб Зарқайнардаги валюта бозори яна олдинги форматда ишлай бошлади. Саррофларнинг бошлиғи юқорини рози қилиб яна ишни авж олдирмоқда¸ дейди мухбиримиз.

"Андижондаги "валюта" қора бозорида рейд ўтказилди"

Андижон шаҳри марказидаги "Янги бозор" савдо мажмуи ҳудудида Бош прокуратура қошидаги Солиқ¸ валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти 4 сентябр куни соат 14 да кенг кўламли рейд ўтказган. Айни бозорда ишлайдиган Иззатилла Холмирзаев, деган тадбиркорнинг Озодлик мухбирига айтишича, "Департамент ходимлари валюта қора бозоридаги саррофларни қўлга олган".

- Бирданига босди Департамент ходимлари. Бирорта одам чўнтагидаги 100 долларини алмаштирмоқчи бўлиб бозорга борган бўлса ҳам¸ ўшаларни қўлига тушди. Пулини мусодара қилиб¸ ишини судга ошириб қўйиб юборишди. 3 минг доллардан кўпига тушганларни эса ҳибсга олишди", дейди тадбиркор. Унга кўра, Андижондаги валютафурушларнинг уйларида ҳам тинтув ўтказилган.

2 сентябр куни президент имзолаган ПФ-5177-сонли фармонда валюта олди-соттиси билан ноқонунуний шуғулланишга барҳам бериш ҳам таъкидланган.


4 сентябрь, Тошкент вақти билан соат 13. Доллар юз сўмга арзонлади

Тошкент¸ Наманган¸ Қарши ва Урганчдаги мобил мухбирларнинг айтишича¸ қора бозор кутиш вазиятида турган бўлса ҳам АҚШ доллари нархи оҳиста пастга туша бошлаган.

Инетрнет порталлари АҚШ долларининг сўмга нисбатан қора бозордаги нарҳини соат сайин ëритиб турибди.
Инетрнет порталлари АҚШ долларининг сўмга нисбатан қора бозордаги нарҳини соат сайин ëритиб турибди.

Тошкентлик мобил мухбирнинг айтишича, Аския бозорида ноқонуний фаолият юритадиган “валютчиклар” 3 сентябрь куни 7600 га сотилган АҚШ долларини 7500 га сотишмоқда.

“Аския” бозорида ишлайдиган долларфурушлар бу ҳолатни ҳаж мавсуми тугаши билан изоҳлашса, бошқа бозорлардаги саррофлар бу ҳолат Ўзбекистон ҳукуматининг валюта нарҳларини бирлаштиришга қаратган янги сиёсати билан изоҳлашмоқда¸ дейди мухбир.

“Кечаги фармон клиентларимизни қочириб юборди: бугун бозорда на олувчилар бор, на сотувчилар”, - дея хўрсинди “Чорсу” бозоридаги Элдор исмли долларфуруш мобил мухбир билан суҳбатда.

"Наманганда АҚШ доллари шанба кунига солиштирсак, 150 сўмга арзонлади"¸ дейди ўша ердаги мобил мухбир. Бир кун олдинги нархдан келиб чиқилса, АҚШ доллари Урганчда 90 сўмга Қаршида эса 80 сўмга арзонлаган. (Бу маълумотлар Тошкент вақти билан соат 13/00 га оид)

Конвертацияга ўтиш ҳақида президент фармони
Конвертацияга ўтиш ҳақида президент фармони

Вазиятни кузатишда давом этамиз.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG