Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2018, Тошкент вақти: 13:06

Эрон полицияси ҳижобини ечгани учун 29 аёлни ҳибсга олди


Теҳроннинг Инқилоб кўчасидаги бетон конструкция устида бошига рўмол ўрамай турган аёл тасвирланган видеороликдан кадр.

Эрон полицияси аёллардан жамоат жойда ҳижобда юришни талаб қилувчи қонунга норозилик белгиси сифатида рўмолларини ечган 28 нафар аёлни ҳибсга олганини маълум қилди.

“Тасним” ахборот агентлиги 1 февраль куни хабар беришича, полиция аёлларни рўмолини ечишга чет элда яшаётган эронликларнинг тарғиботи сабаб бўлганини иддао қилди.

Аёллар мамлакатнинг қайси шаҳрида қўлга олингани хабар қилинмади.

1979 йилги Ислом инқилобидан сўнг аёлларнинг исломий кийим кийиши мажбурий қилиб қўйилган эди.

Ахлоқ полицияси ҳижоб кийишга оид қоидаларни тўлиқ ҳурмат қилмайдиган кишиларни доимий тарзда жазолаб туради.

Жорий ҳафтада шундай норозилик билдиргани учун Теҳронда камида 6 нафар аёл ҳибсга олинди. Шундан сўнг 1 февраль куни ҳибсга олишлар ҳақида хабарлар тарқалди.

Иши халқаро жамоатчилик эътиборини тортган бир аёл 28 январь куни қўйиб юборилди. У кийим кийиш талабларига қарши тинч норозилик билдиргани учун ўтган ойда Теҳронда ҳибсга олинган эди.

– Инқилоб кўчасида ҳибсга олинган жувон қўйиб юборилди, – деб ёзди Эронда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаётган адвокат Насрин Сотуда 29 январь куни Фейсбукдаги саҳифасида.

Ўтган йил 27 декабридан бери Теҳроннинг Инқилоб кўчасидаги бетон конструкция устида бошига рўмол ўрамай турган аёл тасвирланган видеоролик ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Аёлнинг исми ошкор қилинмаган эди.

Amnesty International ўша аёл ҳибсга олингандан сўнг Эрон ҳокимият идораларини “аёлни зудлик билан ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга даъват этди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган ушбу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳокимият идораларига қарата “ҳижоб ўрашга қарши чиққан аёларни таъқиб қилмаслик ҳамда камситувчи ва ҳақоратомуз амалиётни бекор қилиш” даъватини яна такрорлади.

Эронда кийим кийиш талабларини менсимаётган фаол аёллар бошидан рўмолини ечгани учун бир неча ҳафта қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Кийим кийиш тартибига қарши норозиликлар ўтган йил декабрь ойида Эроннинг турли шаҳарларида рўй берган йирик намойишлардан сўнг рўй бермоқда.

Ҳукуматга қарши норозилик намойишларида 22 киши ҳалок бўлди ва 1000 киши ҳибсга олинди. Унга истеъмол товарлари нархи ошиши туртки берган эди, аммо кейинчалик норозиликлар улкан намойишларга айланиб кетди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳижобга қарши намойишларга бевосита изоҳ бергани йўқ, аммо у олдинроқ ҳокимият идораларини норозиларга қарши кескин ҳаракат қилмасликка ишонтиришга уринган эди.

– Ортимизда одамлар тургани учун ҳеч нарса қила олмаймиз, улар танқидини ҳам менсимасликка ҳаққимиз йўқ, – деган эди президент 31 январь куни, – Мамлакат расмийлари одамларнинг талаб ва истакларига қулоқ солиши шарт.

XS
SM
MD
LG