Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:32

Фарғонада бирваракайига судланган 22 нотариус адлия тизимидан ўзларини оқлашни сўрамоқда


Адлия вазирлиги Нотариат ва Кадрлар бошқармаси фарғоналик нотариусларнинг Озодликка йўллаган мурожаатига муносабат билдиришни истамади.
Адлия вазирлиги Нотариат ва Кадрлар бошқармаси фарғоналик нотариусларнинг Озодликка йўллаган мурожаатига муносабат билдиришни истамади.

2016 йилда кетма-кет фирибгарликда айбланиб¸ бир хил ҳукм билан катта миқдордаги жаримага тортилган 22 нафар собиқ давлат нотариуси Ўзбекистон адлия тизимидан оқлов сўрамоқда.

Озодлик орқали Ўзбекистон президенти¸ Олий суд ва Бош прокуратурасига мурожаат қилган фарғоналик нотариуслар¸ 2016 йилги жиноят иши ва суд мажлисларини МХХ томонидан уюштирилган "буюртма иш"¸ ўзларини эса "МХХ фитнаси қурбони" деб атайди.

Суд томонидан оқланмагунча¸ ўз касбий фаолиятига қайта олмаслигини таъкидлаган фарғоналик нотариуслар иши бўйича ҳозирча на Олий суд ва на Бош прокуратура Озодликка муносабат билдирди.

“Нотариуслар қирғини”

2016 йилнинг май-декабрь ойларида Фарғона вилоятида кетма-кет 22 нафар давлат нотариуси ва 50 ка яқин нотариал идора ходимига нисбатан жиноий иш очилиб¸ уларнинг ҳаммаси судга тортилган эди.

Бу шахсларнинг барчаси¸ Озодлик гаплашган собиқ нотариусларга кўра¸ ўнта туман ва шаҳар судида ниҳоятда тезлик билан кўриб чиқилган ишлар ниҳоясида бир хил жиноятда айбланиб¸ бир хил ҳукмга лойиқ деб топилган.

Ушбу тергов ҳаракатлари жиноятни очиш эмас, жиноят тўқиб, бўйнига қўйишдан иборат бўлиб, сохта маълумотлар киритиб, бўрттириб, мажбурлаб пул тўлатиш ва охирида 22 та нотариусни аввалдан тайёрлаб қўйилган бир ҳил ҳукм билан айбдор қилишдан иборат бўлди”¸ дейилади Озодликка юборилган мурожаатномада.

Озодлик гаплашган фарғоналик нотариусларнинг айтишича ¸ “нотариуслар қирғини” Фарғона вилояти Адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Мирҳаëт Назаралиев вилоят ҳокими ва вилоят МХХ бошлиғи билан чиқиша олмай қолганлиги учун, уни ишдан бўшатиш мақсадида уюштирилган.

Иш бошдан-охиригача МХХ назоратида бўлди. Ишни шулар бошлади¸ қолганини прокуратурага қилдирди. У пайтда¸ прокуратура ҳам¸ Адлия ва суд тизими ҳам МХХ назоратида эди. Расман МХХ бошда бир кўринди – улар машина олмоқчи бўлган одамнинг машинафуруш мендан нотариусда ҳужжат расмийлаштириш учун фалон пул олди¸ деган гапини ëздириб олиб¸ бу ишга умуман алоқаси бўлмаган 22 та нотариусни фирибгарлик билан пулни алдаб олди¸ деган айб билан ëппасига жиноятчига чиқарди. Иш процессуал қоидалар бузилган ҳолда олиб борилди¸ ҳукм олдиндан аниқ¸ яъни кафан олдиндан бичилган бўлган”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда судланган нотариуслардан бири.

Ўнлаб мурожаатга бир хил жавоб

Фарғоналик нотариуслар¸ суд ҳукми билан ўзларига нисбатан Жиноят Кодексининг 45-моддаси (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланилгани боис¸ уч йил муддатга нотариат тизимида ишлаш тақиқлангани¸ айни пайтда Нотариат тўғрисидаги қонунга мувофиқ¸ бу муддат тугаганидан сўнг ҳам¸ давлат нотариуси бўлиб ишлай олмасликларини айтадилар.

2016 йил охирида янги президент келиши билан судланганлик олиб ташланди¸ амнистия бўлдик¸ лекин Адлия тизимига ишга олмаяпти. Бизга қарши ҳаводан жиноят иши тўқилди¸ ҳар биримиз 30 миллиондан 100 миллион сўмгача жарима тўладик. Майли¸ пулни қайтариб берсин¸ демаяпмиз. Лекин бизнинг ишимизни¸ керак бўлса¸ қайта кўриб чиқиб¸ оқласин. Биз жиноят қилмаганмиз¸ жиноят ишига қаралса¸ унинг қандай тўқилгани шундоқ кўриниб турибди. Объектив кўриб чиқишсин¸ сўровимиз шу”¸ дейди давлат нотариат тизимида 9 ой ишлаб-ишламай жиноятчига чиқарилган Элмурод Мирзаев.

Унга кўра¸ шу сўров билан президент портали¸ Олий суд ва Бош прокуратурага қилинган расмий мурожаатларга номига жавоб берилган ва бирор тизим Фарғона нотариат тизимида “уюштирилган сохта жиноят ишлари”ни қайта кўриб чиқишга қизиқиш кўрсатмаган.

Олий судга мурожаат қилсак¸ Олий суд Фарғонада берилган жавобни шундай олиб¸ қонун бўйича ҳукм чиқарилган¸ деган гапни қайтариб жўнатаяпти. Биз улардан ишни қайтадан очиб¸ объектив кўриб чиқинглар¸ деб сўраяпмиз¸ булар эски жавобни қайтариб юбораяпти. Прокуратурага мурожаат қилсак¸ айни жавоб. Улар¸ албатта¸ иш нотўғри бўлган¸ демайди¸ деса ишни олиб борганлар жазоланиши керак бўлади. Бу одамлар ҳозир ҳам прокуратура тизимида ишлаяпти. Шунинг учун бизни оқлашдан ҳеч ким манфаатдор эмасга ўхшайди”¸ дейди Озодлик гаплашган фарғоналик нотариуслардан яна бири.

Озодлик фарғоналик собиқ давлат нотариуслари номидан Озодликка юборилган мурожаат матнини муаллифлар рухсати билан Адлия вазирлиги Кадрлар бошқармаси ва Бош прокуратурага юбориб¸ улардан муносабат сўради.

Адлия вазирлиги Кадрлар бошқармаси бу масалада “изоҳ берилмаслигини”ни билдирди.

Фарғона вилоят Адлия бошқармасининг Озодлик боғланган расмийлари эса¸ бу нотариусларнинг оқлов сўровини фақат суд кўриб чиқишга ваколатли эканини таъкидлаб¸ уларга яна судга мурожаат қилишни тавсия қилди.

Ҳозирча Бош прокуратура бу мурожаат юзасидан расмий жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG