Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:00

Хусусий нотариусларнинг қайтиш-қайтмаслиги Мирзиёевга боғлиқ


Ўзбекистон Адлия вазирлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда¸ 2018 йилнинг 1 январидан мамлакатда хусусий нотариуслар тизимини қайта тиклаш таклифи мавжудлиги¸ аммо унинг қабул-қилиниш қилинмаслиги бошқа манфаатдор идоралар ва президент қарорига боғлиқ эканини билдирди. Ўзбекистонликлар орасида ўтказилган сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпи хусусий нотариуслар тикланишини ëқлаган.

Нотариал хизматлар сифатига оид ўзбекистонликлар орасида ўтказилган ижтимоий сўровда қатнашганларнинг 53 фоизга яқини мамлакатда хусусий нотариал хизматлар қайта тикланишини ëқлаган.

Бу сўров ҳақида жамоатчиликка маълумот берган Адлия вазирлигининг Нотариат¸ адвокатура ва ФХДË органлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ином Қудратов¸ респондентларнинг кўпчилиги шунингдек нотариат соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, идоралар сонини ошириш¸ нотариал хизматлар учун тўловлар тизимини кескин қайта кўриб чиқиш ва уларнинг шаффофлигини таъминлашни ëқлаб чиққанини билдирди.

10 июль куни Озодлик билан суҳбатда Адлия вазирлиги расмийси бу сўровнинг ҳаракатлар стратегиясига киритилган давлат дастурининг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” деб номланган 2-боби¸ 122-моддасини амалга ошириш жараëнида ўтказилганини билдирди.

Стратегияда 2017 йилнинг 4-чорагигача нотариат тизимини ислоҳ қилиш учун қонунчиликка киритилиши ўринли деб топилган таклифлар бериш айтилган. Йил охиригача биз Марказий банк ва Молия вазирлигиқонун лойиҳасини ишлаб чиқиб¸ уни Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда китритамиз. Ана ундан кейин президент фармон чиқариши керак бўлади¸ нодавлат нотариуслар тизимини қайта тиклаш-тикламаслик ҳақида. Бу фармон чиқадими-чиқмайдими¸ бу ҳақда гапиришга ҳали эрта”¸ деди Адлия вазирлиги расмийси.

Аҳоли нотариус эшигида навбат кутишдан¸ давлат нотариуслари эса¸ бир кунда юзлаб мижозни қабул қилишдан чарчаган

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан июнь ойида нотариат тизимидаги муаммоларни таҳлил қилиш ва жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида ўтказилган сўровда 1104 одам қатнашган бўлса¸ улардан 788 нафари нотариал идорада бир неча соат ёки кунлар давомида навбат кутганидан шикоят қилган. Айни шундай шикоятлар¸ Адлия вазирлиги фаолияти билан боғлиқ президент виртуал қабулхонасига тушган шикоятларнинг ҳам каттагина қисмини ташкил этган.

Давлатга қарашли 1-нотариал идорасининг Озодлик билан микрофонсиз гаплашган нотариусларидан бири¸ хусусий нотариуслар ëпилганидан кейинги ўзи ва мижозлари вазиятини “ўта оғир” деб баҳолади.

Бир кунда¸ камида 80 кишига хизмат кўрсатаман. Бу фақат ҳаракатим¸ ҳуқуқий маслаҳат сўровчилар¸ ҳужжатини шунчаки текширтиришга олиб келганлар бунга кирмайди. Эрталабдан кечқурунгача идорамизда навбат тугамайди. Одамларга раҳмингиз келади¸ кунлаб кутишади битта ҳаракат расмийлаштиришни. Бунақа босим остида биз ҳам уларга яхши хизмат кўрсатолмаймиз¸ уларни хусусийлар каби “келинг-келинг” деб жилмайиб кутиб ололмаймиз. Шунинг учун хусусий нотариуслар қайта тикланса¸ ҳаммага – халққа ҳам¸ бизга ҳам енгиллик бўлади”¸ дейди 1-нотариал идора нотариуси.

"Бозор иқтисодига ўтмоқчи бўлса¸ нотариус ҳам¸ адвокатура ҳам хусусийлаштирилиши шарт"

Ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов¸ ҳукумат бозор иқтисодига ўтиш ҳақида фундаментал қарор олган бўлса¸ нафақат нотариал идоралар¸ барча юридик хизматлар¸ хусусан¸ адвокатурани ҳам хусусий қилишдан ўзга йўл йўқлигини айтади.

- Бозор иқтисодининг¸ капиталистик жамиятнинг асосий шартларидан бири шуку! Одамлар хизмат учун пул тўлаб¸ пулига яраша сифатли хизмат олиши керак. Бизда одамлар ҳам пул тўлайди¸ ҳам қийналади¸ аниқроғи¸ қийналиш учун пул тўлайди. Хусусий нотариуслар ëпилганидан бери аҳвол ниҳоятда ëмон¸ нотариус эшигида ҳар кун юзлаб одам¸ ур-тўполон. Муаммонинг ечими оддий – хусусий хизматларга йўл бериш¸ дейди тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Хусусий нотариуслар ëпилганига 7 йилдан ошди

Ўзбекистондаги хусусий нотариуслар фаолияти 2010 йилнинг 5 май куни ўшандаги президенти Ислом Каримов фармони билан тўхтатилган эди.

Бундай қарорга берилган изоҳда¸ “хусусий нотариуслар томонидан жиддий қонунбузарликларнинг содир этилиши, хусусий нотариусларнинг кўчмас мулк ва автотранспорт даллоллари билан тил бириктиришлари оқибатида олди-берди ҳужжатларининг аксарият қисми хусусий нотариуслар орқали расмийлаштирилишга ўтгани ортидан уларни назорат қилиб бўлмай қолгани ва бошқа суистеъмолликлар ва мансаб ваколатларидан фойдаланишлар ушбу қатъий чоранинг кўрилишига сабаб бўлган”и айтилган эди.

Фармонда шунингдек, “хусусий нотариуслар фаолияти ўрганиб таҳлил қилинганида, нотариат институтини обрўсизлантирувчи салбий тенденция аниқлангани” ҳам алоҳида таъкидланган эди.

Руҳиддин Комилов ¸ айни шундай тенденция хусусий нотариуслар мавжуд бўлган даврда ҳам¸ давлат монополияси қайта тикланган кейинги 7 йил давомида ҳам бир хил давом этганини таъкидлайди:

- Айни суистеъмолликлар давлат нотариал хизматларида бўлмадими¸ ëки бўлмаяптими? Битта-икка қонунбузар нотариусни деб¸ бутун хусусий тизимни йўқ қилди. Қанча одам ишсиз қолди¸ қанча одам куйиб қолди бу қарорнинг орқасидан! Энг тўғри йўл¸ ҳам иш ўрни яратиш бўйича¸ ҳам давлат ғазнасига тушадиган солиқни кўпайтириш бўйича ҳам¸ ҳам аҳолига сифатли хизматни ташкил этиш бўйича - хусусий секторни қайта тиклаш бўлади¸ дейди Комилов.

“Хусусий нотариал хизмат очишдан чўчиб турибмиз...”

Озодлик билан суҳбатда Тошкент ва вилоятлардаги нотариус хизмати мутахассислари¸ 2018 йил 1 январидан хусусий нотариал тизим қайта тикланган тақдирда ҳам¸ ўз нотариал идорасини очишга шошмасликларини айтишди.

Ҳозирча кўнглим чопмайроқ турибди. Рухсат берилса ҳам¸ олдин кузатамиз¸ кўрамиз. Давлат хизматини ташлаб¸ югуриб кетмоқчи эмасмиз. Қанча одам куйди¸ ишсиз қолди. Ҳозирча бир маромда ойлик олиб турибмизку! Мана низомга ўзгартиш киритишибди. Бундан кейиннотариал ҳаракатлар учун тўловларнинг 40 фоизини ўзимизга қайтаришаркан. Бу дегани¸ қанча кўп одамга хизмат кўрсатсак¸ шунча кўп ойлик чиқади¸ дегани. Давлат нотариусидагиларни ҳам рағбатлантиришаяпти яхшироқ ишлашга”¸ деди Озодлик суҳбатлашган қаршилик нотариуслардан бири.

XS
SM
MD
LG