Линклар

Фарғона милицияси кафелардаги юздан ортиқ мижозни "тунда бемақсад" юрганлик учун ушлаб кетди

  • Садриддин Ашур/Озодлик

Фарғона шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида рейд уюштирилган караоке, плейстейшен ва чилимхоналар

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари 23 октябрь куни кечқурун шаҳардаги караоке, компьютер ўйинлари ўйналадиган кафе ва чилимхоналардан юздан ортиқ мижозни автобусларга тиқиб, олиб кетди. Олиб кетилганлардан айримларининг Озодликка айтишича, уларни ички ишлар бошқармаси ҳовлисида икки соат тик ҳолатда ушлаб туришган ва бармоқ излари, суратини олгандан сўнг қўйиб юборишган.

Фарғона шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасидаги PlayStation кафесида 23 октябрь куни кечаси ўртоқлари билан футбол ўйини ўйнаган 21 яшар Рустам (исми ўзгартирилган -таҳририят) милиция ходимлари бу кафега тўсатдан бостириб кирганини айтади.

Биз ўртоқларимиз билан ҳар замон бу жойга кириб плейстейшенда футбол ўйнардик. Соат 11 дан ўтган эди. Бирданига милиция ходимлари камералар билан бостириб кирди ва ҳамма ўйин ўйнаб ўтирганларни олиб чиқиб, автобусга тиқди. Улар ҳатто гувоҳнома ҳам кўрсатишмади. Ташқарига чиқиб кўрсак бошқа заведениелардан ҳам одамларни олиб чиқиб автобусга тиқаяпти. Ҳаммамизни УВДга олиб кетди”, дейди суҳбатдош.

Фарғона шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида рейд уюштирилган караоке, плейстейшен ва чилимхоналар
Фарғона шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида рейд уюштирилган караоке, плейстейшен ва чилимхоналар

Рустамнинг айтишича, ушланганлар вилоят Ички ишлар бошқармасига олиб борилган ва уларга нисбатан жуда қўпол муомала қилинган.

УВДнинг ҳовлисига олиб кириб тизиб қўйишганидан сўнг ҳақорат сўзлар бошланди. "Қўйкалла нормалний тур, долбо..., ҳайвон", деб сўка бошлашди. Юздан ортиқ одам бор эди. Бир-икки киши “қайси қонун бўйича бу ерга олиб келдиларинг”, деб ҳаққини талаб қилган эди, ўнтадан ортиқ ходим бирданига уларга ташланиб, “юр ичкарига, қонунни кўрсатиб қўймиз”, деб тортқилашди. Мен ҳам масалан, “мен ичмайман, чекмайман, шунчаки футбол ўйнаб ўтирган эдик”, десам, “овозингни ўчир¸ ҳайвон”, деб ҳақорат қилди. Бизни одам ўрнида кўришмай, хўрлашди”, дейди Рустам.

Фарғона шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида рейд уюштирилган караоке, плейстейшен ва чилимхоналар
Фарғона шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида рейд уюштирилган караоке, плейстейшен ва чилимхоналар

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фарғоналик йигитнинг айтишича, у караоке кафесида ўртоқлари билан ашула айтаëтган пайтда милиция ходимлари бостириб кирган.

Менинг паспортим бор, Фарғонада пропискадаман, десам ҳам, “итга ўхшаган, қаторда тур”, деб мелиса ҳақорат қилди. “Ахир бу қонунда йўқку”, десам “ҳозир 15 суткага қамайман, кейин қонунни кўрасан”, деди. Бизнинг айбимиз, соат 11 дан кеч юрганимизми? Ҳеч қаерда ёзиб қўйилмаганку, 11дан кейин юриш мумкин эмас, деб. Ёки шаҳарда комендантлик соати борми?”, деди фарғоналик йигит.

Унинг айтишича, паспорти бор-йўқлигидан қатъий назар юздан ортиқ одам Ички ишлар бошқармаси ҳовлисида икки соат тик ҳолатда ушлаб турилган ва улардан ҳар бирининг бармоғидан нусха ҳамда сурати олинганидан кейин қўйиб юборилган.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда 23 октябрь куни юздан ортиқ одам ушлаб келинганини тасдиқлади.

Шаҳардаги осойишталикни таъминлаш мақсадида рейдлар ўтказилаяпти. Тунда мақсадсиз кўчада юрган фуқаролар олиб келиниб, текширилаяпти. Бармоқ излари ва сурати олиниб, бошқа тунда мақсадсиз юрмаслик ҳақида огоҳлантирилаяпти. Тунги клублар ва кафелар эгалари билан ҳам гаплашилиб, соат 11 дан кейин ишламаслик тавсияси берилаяпти. Чунки, соат 11 дан кейин яхши одамлар кафеларга келмайди, уйида ётади”, деди мулозим.

Мулозим шунингдек¸ Ички ишлар бошқармаси турли бўлинмаларининг навбати билан шаҳарга чиқиб, ана шундай рейдлар ўтказиши ҳақида бошқарма бошлиғининг буйруғи борлигини ҳам қўшимча қилди.

Фарғона шаҳридаги ресторанлардан бирининг исми сир қолишини сўраган ходими, ҳозирча уларга соат 11дан кейин ишламаслик чеклови қўйилмаганини айтади.

Битта бизнинг эмас, бошқа ресторан ва кафелар, умумий овқатланиш шохобчалари сўнгги мижозгача ишлаяпти. Бундай рейдлар, асосан, ёшлар кўп тўпланадиган жойлар – караоке, чилимхона ва компьютер ўйинлар ўйналадиган кафеларда уюштирилаяпти. Менимча, милиция ходимларига статистика керак. Шунинг учун, кўчада одам овлаб юрмасдан одам гавжум жойларни тап-тап этиб босиб, планни тўлдириб қўяяпти”, дейди тадбиркор.

Ўзбекистон пойтахти ва вилоят марказларида тунда юрган шахсларни ушлаб милиция бўлимларига олиб бориш ва улардан бармоқ изи олиш тадбирлари анчадан буён давом этмоқда.

Хусусан¸ Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси, вилоят прокуратураси, "Ёшлар иттифоқи" Хоразм вилояти кенгаши, Суд идоралари ходимлари, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, маҳалла посбонлари иштирокида 26-27 август кунлари ўтказилган «Тун» тадбири давомида кечки соат 9 дан кейин «бемақсад» юрган 3706 нафар шахс ҳуқуқбузар сифатида ушланган эди.

Ўзбекистон президенти февраль ойида ўтказган селектор йиғилишида милиция фаолиятини қаттиқ танқид қилиб, халқнинг улардан норози эканлигини уқтирган эди:

-Ўтган йили 4518 нафар ходим, шундан 966 нафар ходим салбий ҳолатларга кўра ички ишлар идораларидан бўшатилган. Улардан аксарияти порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этган. Бундай ҳолатда аҳоли орасида ички ишлар ходими обрўсини қандай қилиб ошириш мумкин? Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак? –деган эди Мирзиёев.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG