Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:52

Хоразм милицияси тунда “бемақсад” юрган 4000 га яқин одамни бир кеча қамаб қўйди


Хоразм вилоятида бемақсад юрган 4000 одам ушланди
Хоразм вилоятида бемақсад юрган 4000 одам ушланди

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси, Хоразм вилояти прокуратураси, "Ёшлар иттифоқи" Хоразм вилояти кенгаши, Суд идоралари ходимлари, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, маҳалла посбонлари иштирокида 26-27 август кунлари ўтказилган «Тун» тадбири давомида кечки соат 9 дан кейин «бемақсад» юрган 3706 нафар шахс ҳуқуқбузар сифатида ушланди.

«Бемақсад юрганлар» деган калима Хоразм вилоят ИИБ томонидан ëйинланган матбуот хабарномасида келтирилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакилининг Озодликка айтишича¸ уларнинг аксарияти бир сутка қамалгани ортидан ҳуқуқбузар сифатида жаримага тортилган¸ баъзилар билан эса профилактик суҳбат ўтказилган.

"Саëқ" юрганни "таëқлашга" қонуний асос йўқ

Айни пайтда ИИВ матбуот хизмати вакили кечқурун «бемақсад» юрган деб таснифланган одамларнинг айнан қайси ҳуқуқий асосда жавобгарликка тортилганини айтиб бера олмади.

Исми айтилишини истамаган урганчлик адвокат Озодлик билан суҳбатда «бир кечада 4000 га яқин одамни фақат кўчада юргани учун ушлаб кетишга ҳеч қандай ҳуқуқий асос йўқ»лигини таъкидлади.

- "Бемақсад юриш" Ўзбекистон қонунчилигига кўра¸ жиноят ëки ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди. Агар уруш бошланиб¸ фавқуллода ҳолат эълон қилиниб¸ комендант соати жорий қилинмаган бўлса¸ ҳар бир шахс сутканинг хоҳлаган пайтида мақсадли ëки мақсадсиз сайр қилиши мумкин. Хоразм милицияси ва прокуратураси бу ҳаракати билан ўзларининг ҳуқуқий саводсизлигини кўрсатди¸ дейди бу адвокат.

Урганч шаҳрида истиқомат қиладиган Маткаримов. М. исмли 46 яшар тижоратчи 26 август куни бир кечани тергов изоляторида ўтказган 4000 га яқин хоразмликдан биридир. Озодлик билан суҳбатда Маткаримов иссиқ бўлгани боис куни билан уйда ëтиб¸ кечқурун канал бўйлаб сайрга чиққанида ушлаб кетилганини айтиб берди:

- Ортиқча вазн бор менда. Қон босимим ҳам юқори. Югурсам нафасим сиқилади. Доктор тавсиясига кўра¸ кунда 5-6 километр юришим керак. Шунинг учун кечки салқинда Қирғиз ëп (канал) бўйлаб юришга чиқдим. Кечки 12 лар эди. Бирдан "Уазик" машинада ваҳима билан келиб¸ мени ушлаб олиб кетишди. Бир кеча тараканхонадаги (тергов изолятори) шконка (темир кровать) да ëтдим. Эрталаб суд қилиб¸ ҳуқуқбузар сифатида жаримага тортиб¸ қўйиб юборишди¸ дейди у.

Суҳбатдошга кўра¸ у милиция ходими талабига бўйсунмаслик ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатсиз юрганлиги иддаоси билан ҳуқуқбузар деб топилган.

Озодлик мухбири бу шахс аризаси асосида Хоразм вилоят ИИБ раҳбариятига мурожаат қилди. Ўзини раҳбар муовини деб таништирган шахс бу ҳақда матбуот хизмати вакили Зокир Исмойилов тушунтириш беришини айтди.

Зокир Исмойилов эса «бемақсад» тунда «сайр қилиш»нинг ўзбекистонликларга қайси қонун асосида тақиқланганини тушунтириб бера олмади. Бу саволга жавобан¸ Исмойилов «яхши одамлар бемаҳалда кўчада юрмайди» деган умумий гап билан кифояланди.

Кичик шаҳардаги "катталар учун катта " тадбир

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий адвокатнинг айтишича¸ «ҳамма бир-бирини танийдиган Урганч каби аҳолиси оз шаҳарда шунча одамнинг фақат кечқурун юргани учунгина қўлга олингани юқоридан туширилган разнарядка асосида қилинаëтган хўжакўрсин амалдир»:

- Мана, сиз айтган ўша Маткаримов. Маст бўлмаган¸ жамоат ва йўл ҳаракатини бузмаган. Шунчаки кечқурун сайр қилиб юрган. Битта муаммо - ëнида паспорти бўлмаган. Аслида¸ бу муаммо ҳам эмас. Агар милиция шубҳаланган бўлса¸ у билан бирга уйига бориб¸ паспортини сўраши керак эди. Қон босими ошган одам изоляторда ўлиб қолса¸ милиция жавоб берармиди? Ҳуқуқий беспредел бу, дейди адвокат.

"Хоразм ИИБ нинг ғайрати ошиб кетган"

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Озодлик билан суҳбатда Хоразм вилояти ИИВ ходимлари бу каби ҳолатларда қонундан чекиниб¸ одамлар ҳуқуқини поймол қилганини тан олди:

- Разнарядка берилмаган уларга "фалонча ушла", деб. Ўзларининг ғайрати ошиб кетган. Тўғри¸ "бемақсад юрибди" деб хабарномага сал нотўғри ëзишибди. 4 минг одам қўлга олинганида хатолар бўлиши ҳам табиий. Бу хатоларни вилоят ИИБ ходимлари келажакда тўғирлайди¸ деб ўйлайман. Лекин бошқа тарафдан¸ ўша тунги тадбирда тўрт нафар қидирувда бўлган шахс қўлга олинди¸ деди Озодлик суҳбатлашган ИИВ матбуот вакили.

Унга кўра¸ «Тун» тадбири 27 август куни ниҳояланган. Урганчлик адвокат эса қидирувга берилган тўрт одамнинг ушлангани 4000 кишининг бир кеча қамалиб чиқишини оқлай олмайди¸ дея фикр билдирди:

- Кўчадаги одамни тўхтатиб¸ уйинг қаровсиз қолди¸ деб айб қўйишаяпти. Бундай примитив ëндашув қаерда бор? Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак, деган гап бор. Хоразмдаги милиция ходимлари «ҳужжатларни қалбакилаштириш¸ маҳбусларни қийнаш ва наркотик истеъмол қилиш» айби билан жазо ўтамоқда. Бултур боғотлик икки милиция ходими банкдан 45 қоп пул ўғирлаганликда айбланиб қамалувди. Булар олдин ўзлари ҳуқуқ асосларини ўргансин¸ дейди суҳбатдош.

Хоразм милицияси тунда “бемақсад” юрган 4000 га яқин одамни бир кеча қамаб қўйди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:55 0:00

XS
SM
MD
LG