Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 08:09

Андижонлик фермерлар Президент тугатилишини айтган ташкилотга пул ўтказишга мажбурланяпти


Фермерларга минерал ўғит сотилиши хусусий секторга ўтказилиши ҳақида президент Мирзиёев 25 кунги селектор йиғилишида гапирган эди.

Андижон вилоятидаги фермерларнинг Озодликка айтишича, уларни президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан тугатилаётган “Ўзагрокимёҳимоя” ташкилотига минерал ўғит учун пул ўтказишга ҳокимлар мажбурламоқда.

Фермерлар “Ўзагрокимёҳимоя” улар билан тузилган шартномани бажармаётгани, минерал ўғитни етказиб беролмаётгани, бунинг устига дорилар нархи анча қиммат эканлигини айтмоқда.

“Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти мулозими, жамият тугатилаётганини тасдиқлади, аммо минерал ўғит учун мажбурий пул ўтказдириш маҳаллий ҳокимларнинг ташаббуси бўлиши мумкинлигини айтди.

Президент Мирзиёев 25 май куни ўтказган селектор йиғилишида “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг тугатилиши ҳақида гапирган эди.

Андижон туманидан бир гуруҳ фермерларнинг Озодликка ёзишича, вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Исматуллаев фермерларни имтиёзли кредит ҳисобидан “Ўзагрокимёҳимоя”га пул ўтказишга мажбурламоқда:

”Ҳар куни шу аҳвол, охири бормикин, эрталабдан мажбурий имтиёзли кредит ҳисобидан тугатилган ташкилот -химияга мажбурлаб пул ўтказдиряпти. Безиллативорди фермерларни, ўғитини вақтида бермайдиган тугатилган ташкилотга мажбурлаб, босим билан пул ўтказишасан деб минишиб олган. Фермерлар қачон ўз маблағини эркин ишлатади? Рустам Исматуллаев деган ҳоким ўринбосарининг химиядан моддий манфаати борми ёки? Президентимиз тақиқлаган эрталабки селекторлар қачон тўхтатилади?”

Андижон туманидан ёзилган бу шикоятда келтирилган иддаоларни Пахтаобод туманидаги «Муҳаммадзоҳид» фермер хўжалиги раҳбари Аҳмадулло Абдуллаев ҳам айтди:

Аслида текинхўр ташкилот бу, президентимиз уни тугатиб тўғри қарор қилди

"Масалан менинг “Ўзагрокимёҳимоя”дан ҳеч қандай қарзим йўқ, бундан ташқари яна 6 тонна ўғитга пул ўтказиб қўйганман. Яна ҳокимиятга чақиртириб имтиёзли кредит ҳисобидан пул ўтказасан деб мажбурлашяпти. Келинг мана энди бу ташкилотнинг ишини анализ қилиб кўрайлик. Биринчидан, селитранинг бир тоннасини биржадан ўзимиз оладиган бўлсак 1 миллион 600 минг сўмга оламиз, “Ўзагрокимёҳимоя”дан эса 2 миллион 300 минг сўмга оламиз. Фарқнинг қанча катта эканлигини кўряпсизми Иккинчидан, “Ўзагрокимёҳимоя” 19 фоиз маҳсулотнинг устига қўяди. Шартномага кўра ташкилот минерал ўғитни фермер даласигача етказиб бериши керак. Ҳеч қачон бундай бўлмаган. Ўзимиз омборга бориб, мошина топиб, пул бериб юклатиб олиб келамиз. Аслида, биржадан ўзимиз сотиб олсак, анча арзонга тушади. Аслида текинхўр ташкилот бу, президентимиз уни тугатиб тўғри қарор қилди, лекин тугатилаётган ташкилотга пул ўтказиш ортидан кимлар фойда кўришини тушунолмаяпман”.

Исми сир қолишини сўраган пахтаободлик бошқа фермер ҳам “Ўзагрокимёҳимоя” деҳқонларни ўз вақтида дори билан таъминлай олмаётганини айтди:

500 кило уларнинг ҳаром ҳаққи.

“Масалан, оддий селитрани ўз вақтида етказиб беролмайди. Менга ҳозир 200 қоп керак, лекин борсам мана сизга 30 қоп қолганига бошқа куни келинг, дейди. Ҳозир эса айни пахтага дори берадиган пайт, кейин кеч бўлади. Уларга эса фарқи йўқ. Бундан ташқари, масалан ўн тонна оладиган бўлсам, накладнойга ўн тоннаю 500 кило деб ёзишади. 500 кило уларнинг ҳаром ҳаққи. Бермасангиз эрта кел, индин кел деб сарсон қилади.

Исми сир қолишини сўраган избосканлик фермернинг иддао қилишича, тугатилаётган ташкилотга пул ўтказдириш буйруғи тепадан келган:

Бўлмаса, келажаги йўқ ташкилотга ҳам пул ўтказиладими? Бу жинниликку!

“Президентимиз селекторда айтди, дори тарқатиш хусусий секторга берилади деб. Ҳадемай қарор ҳам чиқади. Лекин бунга ҳали олинмган дори учун пул ўтказиш топшириғи ўша юқоридан, Тошкентдан келган. Бўлмаса, келажаги йўқ ташкилотга ҳам пул ўтказиладими? Бу жинниликку! Демак қайси раҳбарнидир манфаати бор. Эртага ташкилот тугатилади, шу билан ит эгасини танимайди, фермернинг пули ҳам йўқ бўлиб кетади. Бизнинг фермерлар эса қўл силтаб қўяверади, ҳеч ким талашиб тортишмайди, ўрганиб қолишган”.

Озодлик бу масалага муносабат олиш учун Андижон вилояти ҳокимлиги билан боғланди. Телефон гўшагини кўтарган мулозим Озодлик радиосидан қўнғироқ бўлганини эшитганидан сўнг, алоқани узиб қўйди.

Республика “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда ташкилотнинг тугатилаётганини тан олди, аммо пул ўтказишга мажбурлаш таклифи улардан чиқмаганини айтди:

“Жамиятнинг тугатилиши ҳақида қарор лойиҳаси тайёрланяпти, лекин ҳозирча ишлаб турибди. Пул ўтказилиши масаласига келсак, агар ўғит керак бўлса, ўтказаётгандир, буни маҳаллий ҳокимлар қилишаётгандир. Аммо биздан пул ўтказинглар деган топшириқ бўлмаган”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг тугатилиши ҳақида 25 май куни ўтказган селектор йиғилишида бундай деган:

“Минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар билан таъминлаш эркин бозор тамойиллари асосида тўлиқ хусусий секторга берилади”, деган эди президент.

XS
SM
MD
LG