Линклар

Шошилинч хабар
28 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:15

OzodTa'sir: Қарши туман ИИБ собиқ бошлиғи устидан жиноят иши қўзғатилди


Бу суратнинг Қарши туманида бўлиб ўтган воқеага алоқаси йўқ.
Бу суратнинг Қарши туманида бўлиб ўтган воқеага алоқаси йўқ.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабарига кўра, 9 июль куни Қашқадарё вилоят, Қарши туман Ички ишлар бўлимининг мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан тергов олиб борилмоқда.​

Озодлик олган маълумотга кўра, тергов қилинаётганлар орасида ўз вазифасидан четлатилган Қарши шаҳар ИИБ собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов ҳам бор.

Маҳаллий фермерларнинг айтишича, милиция формасида юрган собиқ бошлиқ Жаҳонгир Ражабов уларнинг баъзиларидан кечирим сўраган, баъзиларига эса, аризасини қайтариб олиш талаби билан босим ўтказмоқда.

Қарши туманидаги бир неча фермернинг туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабов томонидан мунтазам калтакланиб келгани ҳақида, уларнинг айтганларига таяниб, Озодлик хабар қилганидан сўнг, ИИБ бошлиғи ишдан четлатилган ва вилоят прокуратураси бу ҳолат юзасидан текшириш бошлаган эди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозимининг Озодликка айтишича, Қарши туман Ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов устидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 206-моддаси(ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бу моддага кўра жавобгарликка тортилган шахснинг айби судда исботланса, "у энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".

Жаҳонгир Ражабов томонидан калтакланганини иддао қилган фермерлардан бири Раҳматулло Хўжамуродовнинг айтишича, вилоят прокуратурасининг терговчиси бу иш бўйича суриштирув олиб бормоқда:

“Ўтган ҳафта бошида вилоят прокуратурасига чақиртирди. Жабрланган тўрт фермер бирга бордик. Умид Жаҳонгиров деган терговчи, нима қилайлик, чора кўрайликми ёки даъволарингдан воз кечасизларми, деб сўради. Мен, қонунда қандай ёзилган бўлса, шундай чора кўринг, деб айтдим. Бошқа фермерлар ҳам шу гапни айтишди”, деди фермер Раҳматулло Хўжамуродов.

Унинг айтишича, туман ИИБнинг собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов ўртага одам қўйиб, уларга бу воқеада ўзининг айбдор эмаслигини тушинтирмоқчи бўлган:

“Қарши туман қишлоқ хўжалик бошқармаси мулозими Рўзимуродов Гулмурод, 6 июль куни бизга телефон қилиб, Жаҳонгир Ражбаов биз билан учрашмоқчи эканлигини, кечирим сўрамоқчи эканлигини айтди. Биз бормаймиз, керак эмас, дедик. Лекин Гулмурод ака жонимизга қўймай Абдуҳамид Назаровнинг дала шийпонига чақиртирди. Биз ўша тўрт фермер, Мухтор Тошев, Абдуҳамид Назаров, Баҳриддин Тўраев ва мен Жаҳонгир Ражабов билан учрашдик. У милиция формасида келди. Аввалгидай қўпол эмас, юмшоққина бўлиб қолибди. Кулиб келиб, кўришди. Энди мени ҳам тушунинглар, мен ўзим учун қилмаяпман, мен ҳам шу секторни раҳбариман, шунга мендан ҳам талаб қилишади, шунақа бўп қолди, деб узр сўраганнамо қилгандай бўлди. Лекин, очиқ мени кечиринглар, демади. Биз ҳам ҳаммаси қонуний бўлсин, дедик”, дейди фермер Раҳматулло Хўжамуродов.

Аммо, Жаҳонгир Ражабов томонидан калтакланганини иддао қилган яна бир фермер Нафиса Кенжаеванинг айтишича, собиқ бошлиқ фермерлардан “бу аёл погонимни юлиб олди” деган ёлғон кўрсатмани мажбуран ёздириб олмоқда:

“Терговчи бизни "гувоҳлар" билан бетма-бет қилди. Улар юзинг-кўзинг демай, “сен начальникни погонини юлиб олгансан”, деб туҳмат қиляпти. Собиқ бошлиқ группа олиб келиб, ҳар бир фермердан мажбуран менга қарши кўрсатма ёзиб олган. Бу ҳақда фермерларнинг ўзлари менга айтишди. Улар “начальник милиса бу аёлни ургани йўқ, аксинча, бу аёл уни ҳақорат қилиб погонини юлиб олган”, деб ёзиб беришган экан. Энди битта ишончим вилоятдан келган терговчидан, унинг адолат қилишига умид қилиб қоляпман”, деди фермер Нафиса Кенжаева.

Қашқадарё вилоят прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими, Қарши тумани ИИБ собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов устидан жиноят иши қўзғатилганини инкор қилмади. Мулозим бу ҳақда батафсил маълумот беролмаслигини айтди.

Қарши тумани ИИБ собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабовнинг мобиль телефони ўчирилгани боис, у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Қашқардарё вилояти Қарши туманида буғдой режасини бажара олмаган фермерларнинг туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабов томонидан мунтазам калтаклангани ҳақида 27 июнь куни фермерларнинг ўзлари Озодликка шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG