Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2022, Тошкент вақти: 00:00

Халқаро хабарлар

Ғарбий Қозоғистонда чорва моллари орасида оқсим касали тарқалди

Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Алға туманига қарашли Бестамақ қишлоғида чорва орасида оқсим касаллиги тарқалди, ушбу хавфли вирус хасталиги одамга юқиши мумкин.

“Касалланган моллар ем еёлмай қолади ва икки кунда ориқлаб кетади. Айрим моллар касалликни яйловдан юқтириб, оғзи кўпикланиб келяпти. Ҳаром ўлмасин, деб сўйиб оляпмиз. Эрим ветеринар. У касал молларни ажратиб олиб, антибиотик билан даволаяпти”, деган бестамақлик Салтанат Нургалиева Озодликнинг қозоқ хизматига.

Аммо вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи ўринбосари Иса Бозоровга кўра, оқсим юқтирган молнинг гўштини еб бўлмайди. Мулозим одамларнинг касал молларни сўяётганидан хабари йўқлигини айтган.

19 ноябрь куни Бестамақда аҳоли йиғини чақирилиб, маҳаллий чўчқачилик фермаси масаласи муҳокама қилинган. Мазкур можаро бир йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда – бестамақлик юзлаб фуқаро қишлоқ ёнидаги чўчқа фермаси экологияга катта зиён етказаётганидан норозилик билдириб, уни ёпишни талаб қилиб келишмоқда.

“Париж коммунаси” ширкатига тегишли ушбу ферма чиқиндилари қишлоқ яқинидаги ўрага ташланади. Аҳоли айтишича, ўрадан ниҳоятда қўланса ҳид тарқалмоқда. Қишлоқликлар бошларига тушган кўп ташвишлар, жумладан чорва орасида хавфли касалликлар тарқалаётгани сабабини шу билан изоҳлашмоқда.

Оқсим касаллиги тарқалишини тўхтатиш мақсадида маҳаллий маъмурлар чорва молларини шошилинч эмлаш дастурини амалга оширишга киришган. Бугунги кунда Алға туманида 8000 бош чорва эмланган, Бестамақда эса эмланган моллар сони 2800 бошни ташкил қилади.

Кун янгиликлари

Тожикистон ва Қирғизистон Чегара хизматлари раҳбарлари музокарасидан сўнг ҳам отишма тўхтамади

Чегарадаги отишма бўлаётган ҳудуд Тўрткўча деб номланади.

Тожикистон ташаббуси билан маҳаллий вақт билан соат 21:45 да Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати бошлиғи Уларбек Шаршеев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати бошлиғи Режабали Раҳмонали телефон орқали музокара ўтказди. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати билдирди.

Расмий билдирувда Тожикистон ўқ отишни тўхтатиш таклифини киритгани, бироқ маҳаллий вақт билан соат 22:30 да ҳам чегарадаги отишмалар давом этаётгани таъкидланган.

Аввалроқ Тожикистон ҳам, Қирғизистон ҳам отишма ҳудудидаги қишлоқлардан аҳоли эвакуация қилинаётганини билдирган эди. Отишмада томонлар ҳар доимгидай бир-бирини айбламоқда.

Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган.

Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да Қирғиз-Тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда. Тожикистон томони бу борада маълумот бермади.

Тожикистон Қирғизистон билан чегарада ҳарбийлар ўртасида отишма бўлаётганини расман тасдиқлади

Отишма бўлаётган Тўрткўча ҳудуди.

Тожикистоннинг Исфара шаҳри ҳокимлиги матбуот котиби Зубайдулло Шамодов Озодлик радиоси тожик хизматига Қирғизистон билан чегарада отишма бўлаётганини расман тасдиқлади. Унга кўра, отишма икки давлат чегарачилари ўртасида бўлмоқда.

Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, Чоркуҳ қишлоқ жамоатига қарашли Сомониён қишлоғи отишмалар маркази бўлиб қолётир. Мазкур қишлоқдан аҳоли эвакуация қилинаётгани тўғрисида билдирилди.

Аввалроқ қирғиз томони Тожикистон фуқаролари йўлни тўсиб қўйгани ва тожик чегарачилари ўқ ота бошлаганини билдирган эди. Зубайдулло Шамодов эса отишмани қирғиз чегарачилари бошлаганини айтмоқда.

Расман билдирилишича, айни пайтда отишмаларни тўхтатиш учун икки давлат чегара хизматлари расмийлари музокаралар ўтказаётир.

Аммо шунга қарамай, чегарадаги вазият кесин бўлиб қолмоқда. Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган.

Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да Қирғиз-Тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда.

Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари музокара ўтказмоқда. Аммо отишма давом этмоқда

Икки давлат чегарасидаги Тўрткўча ҳудуди

Ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги вакили ўринбосари Маъруфхон Тулаев Фейсбук орқали журналистлар билан жонли мулоқот ўтказмоқда. У айни пайтда Тожикистон расмийлари билан музокаралар олиб борилаётганини, аммо шунга қарамай чегарадаги отишма давом этаётганини айтди.

“Вазият кескинлашмоқда. Отишма ҳудудидан аҳолини эвакуация қилишга уринаяпмиз. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар тўғрисида маълумот йўқ”,-деди расмий.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг билдиришича, отишма бўлаётган ҳудудда жойлашган Қирғизистонга қарашли Қўқтош қишлоғида яшовчи Ақил исмли фуқаро: “Зенит қуроллари билан отишаяпти. Ўқлар Кўктошнинг барча кўчаларига келиб тушаяпти. Ҳозирча уйлар ёнмаяпти. Бола -чақани хавфсиз жойга кўчирдик”, -деб айтди.

Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган.

Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да Қирғиз-Тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда.

Тожикистон ҳукумати ҳозиргача отишма тўғрисида расмий маълумот бермади.

Қирғизистон отишма бўлаётган ҳудудлардан аҳолини эвакуация қила бошлади

Икки давлат чегарасидаги Тўрткўча.

Тожикистон билан отишма бўлаётган ҳудудлардан Қирғизистон фуқароларини эвакуация қилиш жараёни бошланди. Бу ҳақда ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги вакили ўринбосари Маъруфхон Тулаев журналистларга маълум қилди.

Унга кўра, биринчи навбатда отишма ҳудудидаги қишлоқлардан қариялар, аёллар ва болалар эвакуация қилинмоқда.

Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган. Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да Қирғиз-Тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда.

Тожикистон ҳукумати ҳозиргача отишма тўғрисида расмий маълумот бермади.

Қирғиз-Тожик чегарасидаги вазият кескинлашди. Миномёт ва гранатомётлардан ўқ отилмоқда

Икки давлат чегарасидаги Тўрткўча.

Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да Қирғиз-Тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Аввалроқ Чегара хизмати икки давлат ўртасидаги Тўрткўча ҳудудида маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да отишма бошланганини билдирган эди.

Дастлабки маълумотларга қараганда, Тўрткўча ҳудудидан ўтувчи Боткен-Исфана автойўлини Тожикистон фуқаролари тўсиб қўйган. Икки давлат чегарачиларининг музокаралари натижасида 19:30 да йўл очилган.

Аммо соат 19:35 да Тожикистон томонидан Қирғизистонга қарата ўқ отила бошланган. Айни пайтда Тўрткўчадан ташқари Чирдўбў қишлоғида ҳам отишма бошлангани, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отаётгани хабар қилинди.

Озодлик радиоси тожик хизмати Исфара туман ҳокими матбуот котиби Зубайдулло Шамодовдан олинган маълумотни эълон қилди.

Шамодов Тўрткўча ҳудудини қирғиз фуқаролари тўсиб қўйганини ва шу муносабат билан маҳаллий ҳокимият шошилинч йиғилиш ўтказаётганини билдирган. Тожик томони чегарада отишма бўлаётгани тўғрисида бирорта маълумот бермади.

Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги Тўрткўчада отишма бошлангани маълум қилинди

Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги Тўрткўча .

Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги Тўрткўча деб аталган ҳудудда икки давлат ҳарбийлари ўртасида отишма бошлангани маълум қилинди. Озодлик радиоси қирғиз хизматига бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати Боткен вилояти бошқармаси раҳбари Қиялбек Тўлўнов маълум қилди.

Тўлўнов “отишма бошланди, ҳар икки томон бир-бирига ўқ отмоқда”, деган маълумотни айтиш билан чекланди. Озодлик радиоси қирғиз хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда отишма маҳаллий вақт билан 19:30да (Тошкент вақти билан соат 18:30да) бошланганини билдирди.

Тожикистон томони бу борада расмий маълумот бермажи. Отишмага нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

Беларусда сиёсий тутқунлар сони мингдан ошди

2020 йилнинг августида Минскда ўтган намойишлар.

Беларусда сиёсий тутқунлар сони мингдан ошгани тўғрисида “Весна” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази маълум қилди.

Ҳуқуқ фаолларининг билдиришича, сиёсий тутқунларнинг камида 9 нафари президент Александр Лукашенко ва бошқа ҳукумат аъзоларини “ҳақорат қилгани” учун қамалган.

Фаоллар сиёсий тутқунларни қамоқдан озод қилишни ва уларни таъқиб этишни тўхтатишни талаб этмоқда.

2020 йилнинг 9 августида президентлик сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко ғалаба қилгани билдирилгани ортидан мамлакатда кўп минг кишилик намойишлар бошланиб кетган эди. Намойишлар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан бостирилган ва юзлаб фаоллар қамоққа олинган.

Ғарб давлатлари Лукашенкони Беларуснинг легитим президенти сифатида тан олмайди. Унга ва унинг яқинларига қарши Европа Иттифоқи қатор санкцияларни жорий этган.

Испаниядаги Каталония мухторияти жодугарликда айбланган минглаб аёлларни афв этди

Чехия пойтахти Прагада 2014 йил 30 апрелида ўтказилган "Жодугарлар паради" пайтида олинган фотосурат.

Испаниядаги Каталония мухторияти парламенти бундан 400 йил олдин жодугарликда айбланиб ёқиб юборилган минглаб аёлларни афв этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Каталониядан олдин бундай ҳужжат Шотландия, Швейцария ва Норвегияда қабул қилиннган эди. Бу давлатлар юздан ортиқ европалик тарихчи “Улар жодугар эмас, улар аёллар эди” деб номланган манифестни эълон қилгани ортидан афв этиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилган.

Каталония парламенти ўз қарорида “жодугарлик” айблови билан ёқиб юборилган минглаб аёлларни “хотин-қизларга нисбатан нафрат қурбони” сифатида тан олди. Қарорда уларнинг хотирасини ва тарихий ҳақиқатни тиклаш шартлиги таъкидланди.

Каталония ҳукумати кўчалар, майдонлар ва аҳоли пунктларини ёқиб юборилган аёллар номи билан аташ ниятида эканини билдирди.

Тарихчиларнинг билдиришича, XVI аср охири ва XVII асрнинг бошигача Европада насроний черкови инквизицияси оқибатида камида 50 минг аёл жодугарликда айбланиб тириклай ёқиб юборилган. Каталонияда “жодугарларни тириклай ёқиш” амалиёти XVIII асргача давом этган.

Қирғизистонда сўнги 15 йилда чақалоқлар ўлими 40 фоизга қисқарди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистонда бир йилда 2000 мингга яқин чақалоқ туғилганидан бир ой ўтар-ўтмас вафот этади. 1400 чақалоқ эса ўлик туғилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, бу сўнги 15 йилда қайд этилган энг кам кўрсаткичдир. Сўнгги 15 йилда чақалоқлар ўлими 40 фоизга, ўлик туғилганлар сони 32,6 фоизга озайди.

“Глобал миқёсда олинадиган бўлса, жаҳонда ҳар йили 2,4 миллион чақалоқ ўлади ва 2 миллион чақалоқ ўлик туғилади. Қирғизистонда чақалоқлар ўлими ҳанузгача энг юқори кўрсаткичда қолмоқда. Республикада янги туғилган чақалоқлар ўртасидаги ўлимларнинг 80 фоизи дастлабки 28 кун ичида юз беради”,-дейилади вазирлик маълумотида.

Қирғизистонда 2018 йилдан бери чақалоқлар ўлими сонини озайтиришга қаратилган яширин перинатал аудит лойиҳаси ишлаб келмоқда. Мазкур лойиҳа ЮНИСЕФ томонидан Япония ҳукумати молиявий қўллови асосида амалга оширилади.

Қозоғистондаги январь воқеаларида қамоққа олинганларнинг асосий қисми “Йақин инкор” аъзолари экани иддао қилинди

Қозоғистондаги тартибсизликлар пайтида олинган сурат.

Қозоғистон ҳукуматининг "Хабар" телеканали январь воқеаларида қўлга олинганлар орасида “Йақин инкор” диний оқими аъзолари кўпчиликни ташкил қилиши тўғрисидаги ҳужжатли фильмни намойиш қилди.

“Таблиғи жамоат”нинг бир қаноти ҳисобланган “Йақин инкор” фаолияти Қозоғистонда тақиқланган. Мазкур диний оқим аъзолари ўзларини “пайғамбар йўлининг давомчилари” сифатида тақдим этадилар.

Оқим аъзолари Муҳаммад пайғамбар давридагидек яшашга ҳаракат қилади. Улар замонавий мосламалардан ёки тиббий хизматлардан фойдаланмайдилар ва фақат анъанавий оқ кийимларни киядилар.

Қозоғистон ҳукумати январь воқеаларида камида 227 киши ҳалок бўлганини билдирган.

Қирғизистон авария ортидан Ўзбекистон ва Туркманистондан электр импорт қилишни тўхтатди

Қирғизистон Туркманистон ва Ўзбекистондан электр энергияси импорт қилишни тўхтатди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига энергетика вазири Досқул Бекмурзаев маълум қилган.

Вазирга кўра, бу ҳолат электр энергиясига бўлган ички эҳтиёжни қоплашга салбий таъсир кўрсатмайди.

Мулозим импорт тўхтатилишига Марказий Осиё ягона энергия ҳалқасида куни кеча содир бўлган авария сабаб бўлганини қайд этиб, авария оқибатлари бартараф этилгач, импорт қайта тикланишини қўшимча қилган.

Минтақа энерготизимида 25 январь куни йирик авария содир бўлгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган. Бунинг ортидан Қирғизистоннинг қарийб барча ҳудудлари, Қозоғистон жануби ва Ўзбекистоннинг катта қисми бир неча соат электрсиз қолган. Авариядан кейиноқ мамлакатлар бирлашган энергия ҳалқасидан узилиб, ўз ҳудудларида автоном электр таъминотини йўлга қўйишга қарор қилишган.

Қирғизистон расмийлари Тўқтоғул сув омборидаги сувни тежаш мақсадида 2021 йили айирбошлаш ва тўғридан-тўғри харид йўли билан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан 2 миллиард кВт/соатдан кўпроқ электр энергияси импорт қилган. Бу йил Бишкек ўз қўшниларидан янада кўпроқ (3 миллиард кВт/соат) электр сотиб олишни режалаган.

Европа суди МН17 рейси ҳалокатига доир иш бўйича Россияга қарши шикоятларни кўришга киришди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 26 январь куни 2014 йилда рўй берган “Боинг” учоғи ҳалокатига доир иш бўйича Ҳолландия ва Украинанинг Россияга қарши даъвосини кўришни бошлади.

Ҳолландия вакили Лизбет ван Ҳейст ҳалокат чоғида рейс йўловчилари Россия юрисдикцияси остида бўлишганини, чунки мамлакат “Донецк халқ республикаси” устидан “самарали назорат ўрнатган”и, учоқ эса айни шу ҳудудга қулаганини айтган.

“Самарали назорат” концепциясига мувофиқ, муайян мамлакат бошқа мамлакат ҳудудида рўй бераётган воқеаларни назорат қилаётган бўлса, бунинг учун жавобгарликни зиммасига олиши керак.

Россиянинг Европа судидаги вакили Михаил Виноградов Россия Донбассдаги вазиятга таъсир этмагани ва таъсир этмаслигини иддао қилган. Виноградовнинг “Боинг” йўловчилари ўлимига Россиянинг дахли йўқлигига оид бу ва бошқа баёнотлари суд мажлиси иштирокчилари, жумладан марҳумларнинг қариндошларида норозилик уйғотган.

Амстердамдан Куала-Лумпур шаҳрига йўл олган MH17 йўловчи рейси 2014 йил 17 июль куни Украина шарқида уриб туширилган эди. Бортдаги 298 кишининг барчаси (уларнинг аксарияти Ҳолландия фуқаролари бўлишган) ҳалок бўлган.

Халқаро тергов гуруҳи учоқ Россия армиясига тегишли “Бук” ракета мажмуаси ёрдамида уриб туширилган, деган хулосага келган. Снаряд, тергов фикрича, Донбассда жанг қилаётган айирмачилар назоратидаги ҳудуддан йўлланган.

“Боинг” ҳалокатига доир иш бўйича суд муҳокамаси Ҳолландияда 2020 йилнинг март ойидан бери давом этмоқда. Иш юзасидан уч кишига – “ДХР”нинг собиқ мудофаа вазири ва Россия ФХХ ходими Игорь Гиркин, Россия фуқаролари Сергей Дубинский ва Олег Пулатов ҳамда украиналик Леонид Харченколарга нисбатан айблов эълон қилинган.

Россия лайнер ҳалокатига алоқадорлигини рад этиб, айбланувчиларни экстрадиция қилишдан бош тортиб келмоқда.

Туркманистонлик фаоллар Ашхободдан сиёсий маҳкумларни озод қилишни талаб қилмоқда

Туркманистонлик фаоллар томонидан Нью-Йоркда ўтказилган акциядан лавҳа, 2022 йил 25 январи

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 25 январь куни туркман фаолларидан бир гуруҳи Туркманистонда сиёсий маҳкумларни озод қилиш талаби билан норозилик акцияси ўтказишди. Бу ҳақда мухолифатдаги “Туркманистон демократик танлови” гуруҳи лидери Мират Гурбанов ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифалари орқали маълумот тарқатди, дея хабар қилди Озодликнинг туркман хизмати.

Норозилик тадбири чоғида тасвирга олинган суратларда пикетчилар яқинда Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинган фаол Жумасапар Дадебаев, Россиядан Туркманистонга йўлланган Азат Исақов ва қамоқдаги фаол Мансур Мингеловнинг фотосуратларини кўтариб олганларини кўриш мумкин.

Норозилик чиқиши иштирокчилари БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи олдида туркман фаолларини зудлик билан озод этишни талаб қилишган. Улар бу борада БМТга махсус мактуб йўлламоқчи эканларини ҳам билдиришган.

Фаолларга кўра, Туркманистонда дунёдаги энг репрессив ҳукуматлардан бири иқтидорда бўлиб, мамлакатда аксилҳукумат намойишлари тақиқланган, президент Гурбангули Бердимуҳамедов режимини салгина танқид қилган фуқаролар ҳам таъқиб ва тазйиққа дучор бўлади.

Туркманистон хорижида яшовчи туркманистонлик фуқаролар сўнгги пайтларда тез-тез норозилик акциялари ўтказиб туришибди. Бунга ўхшаган ўнлаб норозилик акцияси АҚШ, Европанинг қатор мамлакатлари ва Туркияда ўтказилган.

Назарбоевнинг қизига алоқадорлиги айтиладиган ширкатнинг директори ўзини ўлдирди

Руслан Шамшиев

Қозоғистонда “Оператор РОП” ширкати бошқарувчи директори Руслан Шамшиев ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Informburo.kz нашри полиция маълумотига таянган ҳолда хабар берди.

Собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоевага алоқадор деб ишониладиган “Оператор РОП” ширкати 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, рўйхатдан чиқарилган автомобиллар деталлари ва мойларини қайта ишлаш учун тўлов – утиллаштириш йиғимидан пул ишлаган.

Ҳодиса юзасидан “ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда.

“Kozachkov offside” telegram-канали маълумотига кўра, Шамшиев “Astana Apartments” бизнес-марказидаги ўз кабинетида жонига қасд қилган.

26 январь куни эрталаб “Оператор РОП” раҳбари Медет Қумаргалиев ҳамда экология вазири ўринбосари Аҳметжон Примқуловлар коррупцияда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонни қамраб олган оммавий тартибсизлик ва Назарбоевларга қарши хитоблар манзарасида Нурсултон Назарбоевнинг кичик қизига оидлиги айтиладиган “Оператор РОП” ширкати фаолиятини тугатишга буйруқ берган.

Тоқаевга кўра, мазкур ширкат фаолияти тадбиркорлар ва жамиятда “кўплаб саволлар” туғдирмоқда, шунингдек утиллаштириш йиғимини бошқариш билан “давлат ташкилоти шуғулланиши лозим”.

Кейинроқ ҳукуматнинг маълум қилишича, 2016 йилдан бери “Оператор РОП” ширкатига утиллаштириш йиғимидан 691,9 миллиард танга (15,8 млн доллар) пул тушган.

19 январь куни Қозоғистон ҳукумати “Оператор РОП” ширкатини утиллаштириш йиғими олиш ҳуқуқидан маҳрум этиб, давлат ташкилотини янги оператор қилиб белгилаган.

АҚШ Россиянинг НАТОни кенгайтиришни тўхтатишга доир талабини рад этди

Донбассдаги фарқ линияси яқинда постда турган украиналик ҳарбийлар

Қўшма Штатлар ва НАТО 26 январь куни Россиянинг “хавфсизлик кафолатлари”га доир талабларига ёзма жавоб берилганини маълум қилди. Аввалроқ Москва Украина чегараси яқинида ўз ҳарбий қудратини ошириши манзарасида Ғарбдан НАТОни кенгайтиришни тўхтатиш талаби билан чиққан эди.

“Жавобда, агар Россия истаса, олдинга томон жиддий дипломатик йўл баён қилинган”, деган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. Унга кўра, Қўшма Штатлар мулоқот учун очиқ, бироқ “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги каби асосий принциплар борки, АҚШ уларни ҳимоя қилишга ва дастаклашга интилади”.

Блинкен яқин кунларда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиб, унинг АҚШ позицияси бўйича жавобини билмоқчи эканини айтган.

НАТО вакили ташкилот ўз таклифларини 26 январь куни Қўшма Штатлар билан баравар Россияга етказганини билдирган.

Россиянинг Украина яқинида катта ҳарбий куч тўплаши Киев ва унинг Ғарбдаги тарафдорларини жиддий ташвишга солмоқда. Москва НАТОни кенгайтиришни тўхтатишни ва Россия чегаралари яқинида альянснинг ҳарбий фаоллигини чеклашни талаб қиляпти. НАТО мазкур талабни ножоиз деб ҳисоблашини аллақачон маълум қилган.

Ғарб разведка хизматларига кўра, Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларда 100 минг нафар аскар жамлагани, қуруқликда ва денгизда қатор ҳарбий машқлар ўтказаётгани ушбу мамлакатга қарши кенг кўламли амалиёт бошлашга ҳозирлик кўраётганидан далолат беради. Москва эса Украинага бостириб киришни режалаётганини инкор қилиб келмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG