Линклар

Шошилинч хабар
03 май 2024, Тошкент вақти: 22:50

Термиздаги аксар ошхона ва кафелар баҳоргача табиий газсиз қолдирилди


Андижон вил. Балиқчи тумани газ электр тақчиллиги
Андижон вил. Балиқчи тумани газ электр тақчиллиги

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги аксарият умумий овқатланиш шохобчаларининг газ қувурлари кейинги бир ой ичида тармоқдан узиб ташланди. Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган тадбиркорларнинг айтишларича, газ идораси мулозимлари баҳоргача газ бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Расмийлар бунга Вазирлар Маҳкамаси қарорини рўкач қилмоқда.

Термиз шаҳридаги аксарият кичик кафе ва ошхоналарнинг гази кесиб ташлангани ҳақида Озодликка бир гуруҳ тадбиркор мурожаат қилди.

“Ҳурматли Озодлик радиоси, бизлар Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги тадбиркорлар сизлардан ёрдам сўраб мурожаат қилмоқдамиз. Октябрь ойидан бошлаб кафе ва ошхоналар қанча миқдорда табиий газ ишлатишидан қатьий назар мажбурий равишда кесиляпти. Газ таъминоти корхонаси ва шаҳар ҳокимиятига мурожат қилганимизда улар Вазирлар Маҳкамаси қарорини рўкач қилиб, апрель ойигача газ йўқ дейишди. Биз тадбиркорларни иш фаолиятимиз кескин камайиб, солиқ, режа, ишчиларни маошини беролмай қийин аҳволда қолдик”, дейилади бир гуруҳ тадбиркорлар йўллаган мактубда.

Кесилган газ қувури
Кесилган газ қувури

Тадбиркор Шоира Абдурасулованинг Озодликка айтишича, катта ресторанлардан ташқари шаҳардаги барча кичик ошхонаю чойхоналар табиий газдан узилган:

- Бизнинг ошхонамиз “Алпомиш” стадиони яқинида жойлашган. Бизни ҳам, шу атрофдаги барча чойхона, ошхона ва кафеларни ҳам газдан кесиб ташлади. Кучли-кучли ресторанларни кесгани йўқ, улар келишиб ишлаб ётибди. Биз ишсиз қолдик. Биз ҳар ойда 30-40 минг сўмлик газ ишлатамиз, учта ишчимиз бор, уларга ойлик қиламиз. Ҳар ойда 4-5 миллион сўм нақд пул топширамиз. Яна пластикда ўтказамиз. Энди эса ишчилар ҳам ишсиз қолаяпти, давлат ҳам шунча даромаддан қуруқ қоляпти,- дейди тадбиркор.

Шоира Абдурасулованинг сўзларига кўра, овқат тайёрлашнинг бошқа усулига ўтишнинг имкони йўқ:

- Газ баллонга ўтайлик десак, у фақат аҳолига берилади. Автомобиллар заправкаси эса бу баллонларни тўлдириб бермайди. Светга эса лимит йўқ, дейишади. Хуллас, бошимиз қотиб қолди. Шаҳар ҳокимияти ва вилоят газ идорасига мурожаат қилдик, лекин натижа бўлмади, дейди тадбиркор.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, ҳар йили улар газ тўловини олдиндан тўлаб, табиий газ олишган.

“Ҳар йили ҳам бир шундай гап чиқарди. Лекин, уч ойликни олдиндан тўласаларинг, кесмаймиз, дейишарди. Президентимиз бир кишига иш ўрни яратган тадбиркорни бағримга босаман¸ деган. Менда эса газ йўқлиги сабаб олти киши ишсиз қолди. Шаҳардаги ўнлаб умумий овқатланиш шохобчаларидан тушадиган ўн миллионлаб сўм даромаддан бюджет қуруқ қолди. Аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси пасайди. Наҳотки, ақлли раҳбарлар шу оддий нарсаларни ўйламаса”, дейди тадбиркор.

Озодлик тадбиркорлар ишхоналари нега газдан узилганига муносабат олиш учун шаҳар газ идораси бошлиғи Баҳром Омонтўраев билан боғланди.

Бошлиқ ошхона ва кафеларнинг газдан узилганини тасдиқлади, лекин сабабини айтишдан бош тортди ва алоқани узиб қўйди.

Сурхондарё вилояти газ таъминоти идораси бош муҳандиси Мирзо Мансуровнинг Озодликка айтишича, мавсумий истеъмолчилар Вазирлар Маҳкамаси қарори билан табиий газдан узилган:

- Сабаби, мавсусий истеъмолчилар қиш фаслида ўчирилади. Бу ҳақда Трансгазнинг ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг ҳам, президентнинг ҳам топшириғи бор. Шу топшириққа асосан ноябрь ойидан апрель ойигача газ ўчирилади. Булар тадбиркор эканлигини, солиқ тўлашини, ишчилари борлигини ҳам биламиз, лекин бу ҳукуматнинг белгилаб қўйган тартиб қоидаси, деди бош муҳандис Мирзо Мансуров.

Ўзбекистоннинг қанча гази бор?

Ўзбекистонда ҳар йили қиш мавсумида газ тақчиллиги кузатилади.

“Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати расмий сайтида иддао қилинишича, милий холдинг ширкати “ишлаб чиқариш қувватлари” Ўзбекистонда йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш “имконини беради ва Ўзбекистон газ қазиб олиш ҳажми бўйича жаҳонда 11 ўринни эгаллайди.

Ўзбек газининг хориждаги энг катта харидори Хитой ҳисобланади ва 2016 йили Ўзбекистон Хитойга 10 миллиард куб метр газ етказиб бериш ҳақида шартнома имзолаган.

Ўзбек газининг иккинчи йирик харидори Россиядир. Жорий йил январида Туркманистон газ олишни тўхтатганини эълон қилган Россиянинг “Газпром” ширкати¸ туркман гази ўрнини қоплаш учун Ўзбекистондан олинаëтган газ ҳажмини кўпайтиражагини билдирди. Айни пайтда 2016 йилда Ўзбекистондан қанча газ сотиб олинишига оид рақам очиқланмади.

2015 йили “Газпром” Ўзбекистондан 1 миллиард куб метр газ сотиб олган¸ 2008 йилда бу кўрсаткич¸ 4 миллиард кубометрни ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг табиий газга нисбатан ички эҳтиëжига оид рақамлар жамоатчиликка эълон қилинмай келинади.

2014 йилги расмий хабарларда¸ Ўзбекистондаги ички истеъмолнинг йилдан-йилга ошиб¸ 50 миллиард куб метрдан ошгани иддао қилинган эди.

XS
SM
MD
LG